ЕИда ҳар уч ўқувчидан бири математикадан базавий даражага етолмади
ПИСА–2025 натижаларига кўра, Европа Иттифоқидаги 15 ёшли ўқувчиларнинг 33,9 фоизи математика бўйича базавий даражага ета олмаган. 2018-йилда бу кўрсаткич 22,9 фоиз бўлган.

ЕИда ҳар уч ўқувчидан бири математикадан базавий даражага етолмади
ПИСА халқаро баҳолаш дастури ўқувчиларнинг математик билимларини эмас, балки уларни амалий вазиятларда қўллаш қобилиятини ҳам синовдан ўтказади.
Накед Ссиенсе нашри Эуростат маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, 2018-йил билан солиштирганда Европанинг деярли барча мамлакатларида математикадан паст натижа кўрсатган ўқувчилар улуши ошган.
Хусусан, Шимолий Македонияда базавий даражага етмаганлар улуши 61 фоиздан 68 фоизга чиққан. Болгария, Кипр, Черногория, Сербия ва Руминияда ҳам ўқувчиларнинг ярмидан кўпи ушбу даражага эриша олмаган.
Келтирилган таққослашда энг яхши натижа Эстонияда қайд этилган: математик саводхонлиги базавий даражадан паст бўлган ўқувчилар улуши 17,2 фоизни ташкил қилган. Бироқ бу мамлакатда ҳам ҳолат ёмонлашган — 2018-йилда бу кўрсаткич 10,2 фоиз эди.
Швейсарияда базавий даражага етмаган ўқувчилар улуши 23,2 фоиз, Ирландияда эса 24,2 фоиз бўлган.
Туркия таққослашга киритилган мамлакатлар орасида ушбу кўрсаткич бироз яхшиланган ягона давлат бўлган. У ерда паст натижа кўрсатган ўқувчилар улуши 2018-йилдаги 36,6 фоиздан 2025-йилда 35,7 фоизга тушган.
Энг кескин ёмонлашув Норвегияда кузатилган. Мамлакатда математикадан базавий даражага етмаганлар улуши 18,9 фоиздан 38 фоизга кўтарилиб, қарийб икки баравар ошган. Кипр, Словения ва Исландияда ҳам сезиларли пасайиш қайд этилган.
ПИСА математик саводхонликни олтита асосий даража бўйича баҳолайди. Иккинчи даража базавий ҳисобланади: унга етган ўқувчи замонавий жамиятда яшаш ва ишлаш учун зарур бўлган энг кам математик кўникмаларга эга деб қаралади.
Базавий даражага етмаслик ўқувчи математикани умуман билмайди дегани эмас. Бу унинг билимларини амалий масалаларни ечишда қўллаш кўникмаси белгиланган минимал мезонга етмаганини англатади.

