Яширин келишув ва млн долларлик “улуш” – “Ўзагролизинг”нинг собиқ раҳбари қамалгани маълум бўлди
“Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси бўлган Нодир Отажонов 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноий иш Хитойдан импорт қилинган пахта териш комбайнлари билан боғлиқ. Kun.uz танишган суд ҳужжатида Отажонов Хитой компанияси билан 100 та комбайн импорти учун 8 млн долларлик шартнома тузилишини таъминлаш орқали 1 млн 180 минг доллар улуш олгани айтилади. Отажонов айбловларни тан олмаган.

Яширин келишув ва млн долларлик “улуш” – “Ўзагролизинг”нинг собиқ раҳбари қамалгани маълум бўлди
“Ўзагролизинг” АЖ собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов жиноий жазога тортилгани маълум бўлди. У билан бирга “Интер Агромаш” МЧЖ таъсисчиси Хайдар Абдушукуров ҳам судланган.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, Нодир Отажонов 2020-йил 24-ноябрдан 2025-йил 8-апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаган. У Хитойда ишлаб чиқарилган, аввал ишлатилган қишлоқ хўжалиги техникаларини Ўзбекистонга гўёки янги техника сифатида олиб кириш режасини тузган. Бунинг орқали божхона тўловлари бўйича имтиёз олиш ва техникаларни лизинг шартномалари асосида маҳаллий фермерларга асл қийматини оширган ҳолда сотиб, даромад кўришни мақсад қилган.
Нодир Отажонов 2024-йил баҳор ойларида Хитойнинг “Хингианг боширан Интеллигент Агрисултурал Мачинерй Co.Ltd” компанияси вакиллари билан норасмий алоқа ўрнатган. Уларга илгари фойдаланилган ва арзонроқ бўлган 3 қаторли 100 дона пахта териш комбайнини 2 қаторли “4МЗ-2А” русумли янги комбайн кўринишида қайта таъмирлаб, ҳар бирини 80 минг доллардан Ўзбекистонга етказиб беришни таклиф қилган.
Улар бу таклифга рози бўлса, комбайнларни импорт қилиш бўйича шартнома имзолаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши эвазига шартнома умумий қийматининг 15 фоизи миқдорида ўзига улуш ажратилиши ҳақида оғзаки келишувга эришган.
Бироқ Нодир Отажонов пахта териш комбайнларини бевосита “Ўзагролизинг” АЖга импорт қилиш ваколатига эга эмас эди. Буни яхши англаган бошқарув раиси ўзига олдиндан таниш бўлган “Интер Агромаш” МЧЖ раҳбари Хайдар Абдушукуровни шерик қилади. Яъни, унга ўз режасини айтади.
Шу тариқа улар Хитой компанияси томонидан қайта таъмирланган пахта териш комбайнларини МЧЖ номига импорт қилиб, лизинг шартномалари асосида маҳаллий фермерларга қиммат нархда сотиш ҳамда божхона имтиёзлари ва сотувдан тушган фойдани ўзаро тақсимлаб олиш юзасидан тил бириктирган.
Хайдар Абдушукуров режага кўра ва Нодир Отажоновнинг кўрсатмалари асосида 2024-йил 5-июлда ўз раҳбарлигидаги МЧЖ номидан тижорат таклифи тайёрлаб, “Ўзагролизинг”га юборган. Тижорат таклифида ҳар бирининг қиймати 80 минг доллар бўлган “4МЗ-2А” русумли 100 дона янги пахта териш комбайнини маҳаллий фермерларга 1 млрд 650 млн сўмдан етказиб бериш баён этилган. Аммо бу комбайнлар аслида эски ва қайта таъмирланган бўлиб, бундан ташқари, 3 қаторли 76 см оралиқ схемадан 2 қаторли 60 см оралиқ схемасига ўзгартирилган эди.

