Лайфстайл

“Яқинда Шоҳруххон мени уялтирди”. Зебо Наврўзова оиласи ва қайнона-келин муносабатлари ҳақида

“Яқинда Шоҳруххон мени уялтирди”. Зебо Наврўзова оиласи ва қайнона-келин муносабатлари ҳақида

Актриса ва режиссёр Зебо Наврўзова “Наво” телеканалининг “Менинг ошхонам” дастурида меҳмон бўлиб, қайнона-келин муносабатлари, келинлик даврида орттирган тажрибалари ҳамда ўғли Шоҳруххон “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олган пайтда ҳис қилган қувончи ҳақида гапириб берди.

“Ўғлим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олди”

— Ўғлим Шоҳруххон Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олганидан бери уйимизда байрам. Президентимиз унвонни ўғлимнинг кўксига тақиб қўйганларида, мен у билан фахрландим. Албатта, кўз ёшларим ҳам бўлди. Чунки бу кунни узоқ йиллар кутган эдик. Ушбу мукофот унинг тинимсиз меҳнатлари самарасидир. Ўша пайтда кўнглимдан кечган туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин.

Ижодкорларнинг ҳар бир вакили ўз мухлисига эга. Халқимизнинг ҳам ўз суюкли санъаткорлари бор. Бироқ Шоҳруххон тинмай янгилик яратадиган ижодкор. У узлуксиз равишда янги ҳит қўшиқлар, клиплар ва филмлар устида ишлайди. Шу боис ўзимни унинг биринчи рақамли мухлисасиман, деб биламан.

“Аёл кишининг режиссёр бўлиши осон эмас”

Кўплаб актёр ва актрисалар Зебо Наврўзовани режиссёр сифатида анча қаттиққўл деб таъкидлашади. Режиссёр эса аёл киши учун бу касбни эгаллаш қийинлиги, баъзан масъулият ва мажбурият сабаб шундай йўл тутишга мажбур бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

— Қаттиққўллигим ҳақида гапирадиган бўлсам, аёл киши учун режиссёрлик осон касб эмас. Бу жуда катта вақт, куч ва фикрий қувват талаб қиладиган иш. Борлиғингиз билан ишга киришишингиз учун чалғитувчи нарсалардан бутунлай узилишингиз керак. Бу эса аёл киши учун бироз мушкул. Оила, рўзғор, уй юмушлари, дастурхон ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш — буларнинг барчаси аёл зиммасидаги вазифалардир. Бундан ташқари, у меҳмондорчиликлар ва қариндошлик ришталарини ҳам мустаҳкам ушлашга масъул.

Режиссёрликни танлаганингиздан кейин юқорида санаб ўтилган юмушларнинг катта қисмидан воз кечишга тўғри келади. Бу эса осон кечмайди. Менимча, аёл режиссёрларнинг камлигига ҳам айнан шу омил сабаб бўлса керак. Баъзан ижодий жараёнлар ичида ёниб, ўзимизни қўярга жой тополмай қоламиз. Суратга олиш майдончасида актёр ҳиссиз ва совуқ турса, бир-икки марта тушунтириб кўрасиз. Учинчи ва тўртинчи уринишда ҳам ролни очиб беролмагач, табиийки, жаҳл чиқади. Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш шарт бўлгани учун ҳам баъзан қаттиққўллик қиламан.

“Қайнона қандай бўлишидан қатъи назар ҳурмат қилиниши керак”

— Қайнона — бу она. У қандай бўлишидан қатъи назар ҳурматга лойиқ. Келинлар қайнонани ҳурмат қилишга мажбур, чунки у келинининг турмуш ўртоғини вояга етказиб, бугунги даражасига олиб келган инсон ҳисобланади.

Ҳаёт давомида турли синовларни, ёш ўтгани сайин эса турли хасталикларни бошдан кечирамиз. Кексайган сари инсон феъл-атвори ўзгаради. Кимдир мулойим торца, кимдир аксинча, жаҳлдор бўлиб қолади. Шунинг учун келинлардан илтимосим, бундай ҳолатларга ортиқча эътибор қаратиб, кўнгилга олмаслик керак. Қайнонага икки оғиз ширин сўз айтиб, бир пиёла иссиқ чой узатилса, унинг кайфияти кўтарилади, дилидаги ғашликлар тарқалиб, келинига жонини ҳам бериб юборади.

“Ҳурматли қайноналар, келинингиз келиши биланоқ унга ўз қонунларингизни уқтирманг”

— Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Келин ўзга бир муҳитдан, бошқа бир оиладан хонадонингизга кириб келади. Шунинг учун, ҳурматли қайноналар, у келиши биланоқ қонун-қоидаларингизни уқтиришингиз тўғри эмас. Тушунинг, келинни озгина аяш керак. Ўғлингизни уришиб берсангиз, буни тезда унутиб, яна “онажон” деб кетаверади. Бироқ келин ота-онаси бағридан ажралиб келганини ёдда тутиш лозим.

Шунинг учун бироз артистроқ бўлиш керакдир, балки. Тўғри, барибир ичи-ичида мен, деган нарса туради. Эртага келин ҳам ўз менини қўяди. Демоқчиманки, ҳамма нарсада тарози бўлиши керак. Қонун-қоидаларингизни ўрнатишнинг бошқа ақллироқ йўлини топинг. Қонунларингиздан ҳеч кимнинг кўнгли оғриб, дили хира бўлмасин. Акс ҳолда бир оила барбод бўлиши мумкин. Узоқ йиллардан буён мураббийлик қилиб келаётганим кўпинча менга тўғри йўл тутишимда, ўзимни бошқаришимда қўл келади, дейди актриса ва режиссёр.

“Қайнонамга минг раҳмат дейман”

— Катта хонадонга келин бўлиб тушганман. Оилада уч овсин эдик. Қайнонамизнинг ёши катта, қайнопаларим эса кўп эди. Уйимизда тез-тез йиғинлар ўтказилиб туриларди. Катталаримизнинг борига шукр, қайнонамга минг раҳмат дейман. Қариндошлик ришталарини айнан катталар боғлаб туришар экан. Бу урф-одатлар эса улардан бизга мерос бўлиб ўтади. Боиси, қиз бола мустақил ҳаётга қадам қўйиб, янги хонадонга келгач, ҳаётий ўгитларни онасидан эмас, қайнонасидан ола бошлайди.

Биз ҳам қайнонамиздан ўрганиб, дастурхонларни безатардик. Овсинлар ўртасида ким кўп ва мазали таом пишириши бўйича мусобақалар бўларди. Дастурхонни бўш жой қолмагунча тўлдириб ташлардик. Хона бўйлаб ясатилган узун хонтахта атрофига оиланинг барча аъзолари, ҳаттоки бир ёшли гўдак ҳам келиб ўтирмагунича, биз ҳам дастурхонга ўтирмасдик. Бу балки қайнонам ёки янги оила томонидан қўйилган қоида бўлгандир. Ўша пайтда балки бундан бироз ранжигандирмиз, бироқ бугун ўйлаб қарасам, бу ўзаро ҳурмат ва менталитетимизнинг юксак маданияти экан, дейди у.

“Ўғлим Шоҳруххон мени уялтирди”

— Афсуски, ҳозирги кунда ишим ва касбим сабабли ушбу анъаналарни давом эттира олмаяпман. Қариндош-уруғларни йиғиб байрамлар ўтказишни, дўстларим даврасида бўлишни истайман-у, аммо бунга вақтим етмайди. Озгина бўш вақтим бўлди дегунча уйга шошаман. Кечаси ссенарий ёзиб, кундузи сёмкада бўламан. Мана шу ёзув-чизув ва суратга олиш ишлари бутун кунимни эгаллайди. Шунинг учун ҳам йиллар давомида меҳмондорчиликларни ташкил қила олмаяпман.

Яқинда катта ўғлим Шоҳруххон энг катта барака, савоб ва бойлигимиз — қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибатда, яъни сийлаи раҳимда эканини айтди. Агар менинг вақтим бўлмаётган бўлса, келинларимга тайинлаб, бу анъанани қайта тиклашим кераклигини эслатиб, мени уялтирди, дейди актриса ва режиссёр Зебо Наврўзова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.