“Яқинда Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилмоқчимиз” — Трамп

**"Яқинда Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилмоқчимиз" — Трамп**
АҚШ президенти Доналд Трамп 14-август куни Эрон устидан якуний ғалаба қозонилгач, Ҳормуз бўғозини "Қўшма Штатлар ҳудуди" деб эълон қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.
Ню-Ёрк штати полиция академиясидаги учрашувда сўзга чиққан Оқ уй раҳбари, ҳозирда ушбу сув йўли Ислом Республикаси портларини тўсиб турган америкалик ҳарбийлар назорати остида эканлигини таъкидлади.
Трамп шундай деди: "Эрон устидан ғалабани якунига етказганимиздан сўнг — улар ҳозир жуда қаттиқ мағлубиятга учраяпти — яқин орада Ҳормуз бўғозини Қўшма Штатлар ҳудуди деб эълон қиламан. Аслида ҳозирнинг ўзида вазият шундай. Блокада бизда. Биз истамасак, ҳеч бир кема у ердан ўта олмайди."
Эрон ҳукумати ҳам феврал ойида АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга қарши уруши бошланганидан буён кемачилик тўхтаб қолган бўғозни ўзлари тўсиб қўйганини даъво қилмоқда.
Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб билиши ҳақидаги баёнотига ҳеч қандай изоҳ бермади.
СНН ёзишича, "Бундай чора минтақага қўшинларни муддациз жойлаштиришни талаб қилади, ваҳоланки Оқ уй раҳбари аввалроқ Эрон билан уруш қисқа муддатли бўлишини айтган эди."
Бунгача Трамп Вашингтон Гренландия ва Панама канали устидан назорат ўрнатмоқчи эканини таъкидлаган, шунингдек, Венесуелани "АҚШнинг 51-штати" деб атаган эди.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Қосим Ғарибободий Трампнинг баёнотини шарҳлар экан, Ислом Республикаси "АҚШнинг таҳдидлари ва куч намойишларига берилмаслигини" таъкидлади.
**Эроннинг Ҳормуз бўғозини очиш бўйича АҚШга қўйган талаблари**
Можаро бошланганидан ярим йил ўтиб, Ҳормуз бўғозининг қамал қилиниши ҳамда Вашингтон ва Теҳроннинг ушбу стратегик сув йўли назорати борасидаги баҳси туфайли жаҳон нефт захиралари камайишда давом этмоқда. Аввалроқ Эрон ҳукумати Ҳормуз бўғозини кемачилик учун очиш мақсадида АҚШ олдига янги талаблар рўйхатини қўйган эди. Улар орасида уруш учун товон тўлаш ва санксияларни бекор қилиш каби талаблар бор.
Шу билан бирга, Трамп бўғоз АҚШ назорати остида эканини бир неча бор даъво қилган. Бир неча кун аввал у америкалик ҳарбийлар Ҳормузни миналардан тозалаганини айтганди. Шунингдек, Оқ уй раҳбарининг фикрича, Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш янги зарбаларга қараганда самаралироқ бўлиб, мамлакат ҳукуматини ён беришга мажбур қилиши мумкин.

