Сиёсат

Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбийларининг телефонлари олиб қўйилиши мумкин

Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбийларининг телефонлари олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда АҚШнинг минтақадаги бош қўмондони маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, интернетда тарқалган видеолар Эрон учун нишонларни аниқлашда ёрдам бериши мумкин. Реутерс манбаларига кўра, ҳудуддаги айрим ҳарбийларнинг телефонлари олиб қўйилиши эҳтимоли бор.

Алоқа воситаларига чеклов қўйилиши ҳарбийлар учун янги қийинчилик туғдиради, чунки уларнинг кўпчилиги оиласи билан боғланиш учун телефонлардан фойдаланади. АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари, адмирал Бред Купер 28-июл куни ҳарбийларга йўллаган мактубида Эрон матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги ҳарбийларнинг видеолари орқали ўз зарбалари оқибатини реал вақт режимида кузатиб бораётганини таъкидлади.

Купер ўз мактубида шундай ёзган: “Очиқ манбалардаги маълумотлар америкалик ҳарбийлар ва Кўрфаз давлатларидаги тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлиши мумкин”.

Бош қўмондон ҳарбийларни оператив хавфсизликка эътиборни кучайтиришга чақирди. Иорданиядаги манбаларга кўра, у ердаги айрим ҳарбийларга яқин кунларда телефонлари олиб қўйилиши айтилган. Сентрал Сомманд вакили Тимоти Ҳокинс эса бу хабар ҳарбийларга хавфсизлик қоидаларини эслатиш учун юборилганини билдирди.

**Мета кўзойнаклари ва киберхавф**

17-июл куни Иорданиядаги Муваффақ Салти авиабазасига Эрон ҳужуми вақтида бир ҳарбий бункерга қочаётганини видеога олган. Купернинг айтишича, бу видео тасвирга олувчи камераси бор Мета ақлли кўзойнаклари орқали ёзиб олинган ва Инстаграмъга жойлаштирилган.

Купернинг тушунтиришича, Эрон ўз ракетаси мўлжалга теггани ёки йўқлигини билолмайди. Аммо интернетдаги видеолар ва оммавий ахборот воситаларидаги батафсил таҳлиллар Эрон учун зарбалар натижасини текинга баҳолаб бермоқда. Ушбу маълумотлар Эронга такрор ва янада кучлироқ зарба беришга имкон яратади.

**Ҳужумлар оқибати ва хавотирлар**

28-февралда бошланган уруш давомида 18 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 600 дан ортиғи яраланган. Айни пайтда, АҚШ аҳолисининг бор-йўғи учдан бир қисми бу урушни қўллаб-қувватламоқда.

Демократик қонун чиқарувчилар уруш ҳақида, жумладан, база инфратузилмалари зарари ва Эрондаги қизлар мактабига берилган зарба суриштируви бўйича кўпроқ маълумот беришни талаб қилмоқда. Ҳарбийларнинг телефонлари олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар уларнинг яқинлари орасида хавотирни оширган.

Мутахассислар бир неча йилдан бери телефондаги иловалар ва жойлашув маълумотлари душманлар учун қурол бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади. Май ойида ҳам смартфонлардан олинган жойлашув маълумотлари ҳарбийларни кузатиш учун ишлатилгани хабар қилинган эди. Айни пайтда, АҚШ Эронга қуруқликдан бостириб кирмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.