Маҳаллий

Яқин қариндошларни битта уйда рўйхатдан ўтказишда унинг майдони бўйича чеклов бекор қилинади

Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.

18-август куни бўлиб ўтган мажлисда кўриб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқроқ таъминлашга қаратилган учта муҳим янгиликни ўз ичига олади. Хусусан, оила аъзолари ва яқин қариндошларни турган жойи бўйича рўйхатга олишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.

Бу шуни англатадики, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда, хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмайди. Бу эса оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатга олишни осонлаштиради.

Лойиҳада талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабалар учун алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилиб, уларни рўйхатга олишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланган. Бу, таъкидланишича, олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатга олиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Мажлисда бугунги кунда ипотека кредити ёки субсидия асосида уй сотиб олган кўплаб фуқаролар ўз уйида рўйхатдан ўтишда қийинчиликларга дуч келаётгани, бу эса уларга фарзандларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, поликлиникага бириктириш, пенсия ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда муаммолар туғдираётгани қайд этилди.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда тақиқ ёки хатлаб қўйилган турар жойда яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун гаровга олувчининг, тақиқ ва хатлаб қўйишга ёки уни олиб ташлашга ваколатли органнинг розилигини олиш талаб этилмайди. Бу норма, аввало, уй-жой мулкдори ва унинг оила аъзоларининг ўз уйида қонуний рўйхатдан ўтишига имконият яратади.

Ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан 11-августда биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди. 2026-йил май ойида Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.