Япония Ўзбекистонга кадрлар тайёрлаш учун грант тақдим этди
Мазкур дастур Ўзбекистон ёш давлат хизматчиларининг мамлакат учун устувор бўлган соҳаларда Япония олий ўқув юртларида

Япония Ўзбекистонга кадрлар тайёрлаш учун грант ажратди
Япония ҳукумати беғараз ёрдам дастури доирасида Ўзбекистонда ёш давлат хизматчиларининг таҳсили учун жами 358 миллион иена (тахминан 2,25 миллион доллар) миқдорида грант берди.
Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш бўйича алмашинув нотаси Тошкентда Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кендзи Ҳирата ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов томонидан имзоланди.
Ушбу дастур Ўзбекистон ёш давлат хизматчиларининг мамлакат учун устувор йўналишларда Япония олий ўқув юртларида магистратура босқичида таълим олишига қаратилган.
Битирувчиларнинг ватанга қайтиб, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиши, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
«Япония ҳукумати икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда инсон ресурсларини ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тушунишни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради»,
Аввал хабар берганимиздек, 2025-йил 20-декабр куни Токио шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги машваратда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Саммит давомида, шунингдек, давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида (Токио декларацияси) «Токё СА+ЖАД» ташаббуси доирасида инсон капиталини ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.
Япония элчиси Кендзи Ҳирата ҳам яқинда Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда инсон ресурсларини ривожлантириш ва таълимни икки давлат ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири деб атади.
Япония анъанавий равишда Ўзбекистонга таълим грантлари тақдим этиб келади. Мазкур грантлар ҳисобига Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг юзлаб вакиллари Кунчиқар ўлканинг нуфузли университетларида таҳсил олган. Улар магистрлик ва докторлик даражалари билан ватанга қайтиб, давлат ва хусусий сектор ҳамда халқ хўжалигининг турли тармоқларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

