Япония аҳолиси сони 42 йилда илк бор 120 миллиондан камайди

Япония аҳолиси сони 42 йилдан сўнг илк бор 120 миллиондан пастга тушди. Маиничи нашрининг ҳукумат маълумотларига таяниб хабар беришича, 2026-йил бошида мамлакат фуқаролари сони 119 736 483 нафарни ташкил этган.
1-январ ҳолатига кўра, аҳоли сони ўтган йилга нисбатан 917 000 кишига камайган. Бу 1968-йилдан бери, яъни тегишли маълумотларни таққослаш имконияти пайдо бўлганидан буён қайд этилган энг кескин пасайишдир.
Шу билан бирга, чет эллик резидентлар сони 354 минг кишига ошиб, рекорд даражага – 4 031 159 кишига етган. Ички ишлар ва коммуникация вазирлиги бу турдаги маълумотларни 2013-йилдан бошлаб тўплайди.
Ҳукумат туғилишнинг пасайиш тенденсиясини ўзгартиришга уринаётганига қарамай, мамлакатда 670 мингга яқин туғилиш қайд этилган. Бу 1,59 миллион ўлим билан солиштирганда рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир. Япониянинг 47 та префектурасидан фақат Токиода фуқаролар сони 0,09 фоизга кўпайган.
Ищи кучи етишмовчилигига дуч келган Япония аста-секин чет эллик ищилар учун ўз эшикларини очмоқда. Хорижий резидентлар сони кетма-кет тўртинчи йил ўсмоқда. Улар орасида меҳнатга лаёқатли ёшдагилар улуши 86,17 фоизга етган.
Хорижий аҳоли сони энг кўп кўпайган префектуралар Ҳоккайдо (14,89 фоиз), Окинава (14,36 фоиз) ва Оита (13,90 фоиз) бўлди. Япониянинг умумий аҳолиси, хорижий резидентларни қўшиб ҳисоблаганда, 123 767 642 кишини ташкил этди. Бу ўтган йилгига нисбатан тахминан 563 000 кишига кам. Ўсиш фақат Токио, Чиба ва Осака префектураларида кузатилган. Ушбу маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш реестридан олинган.
Маълумот учун, Японияда 2025-йилги туғилиш даражаси 1899-йил статистика юритила бошланган даврдан бери энг паст кўрсаткични қайд этганди. Ўшанда 670 мингдан кам туғилиш ҳақида маълумот берилган.

