Янги Зеландия қочоқ отаси билан йиллар давомида чангалзорда яшашга мажбур бўлган болалардан узр сўради
Жамоатчилик суриштируви шуни кўрсатдики, идоралар болаларни тезроқ қайтариб олиш учун «муҳим имкониятларни бой беришган».

Янги Зеландия полиция билан отишмада ҳалок бўлишидан олдин отаси билан йиллар давомида ғойиб бўлган Том Филлипснинг уч нафар фарзандидан, суриштирув ҳукумат уларни ҳимоя қила олмагани тўғрисида хулоса чиқарганидан кейин, узр сўради.
«Қўлдан бой берилган имкониятлар бўлган... ва бунинг ўша болаларга кўрсатган таъсири учун узр сўраймиз», деди бош вазир Кристофер Лаксон чоршанба куни.
Суриштирув натижасида аниқланишича, тегишли идоралар болаларнинг узоқ муддатли ажралиб қолишдан кўрган зарарини «етарлича баҳоламаган, камайтириб кўрсатган ёки эътибордан четда қолдирган».
Филлипс ўша пайтда беш, етти ва саккиз ёшда бўлган болаларини 2021 йил декабрь ойида ўрмонга олиб кетганида, бу унинг болалар билан биринчи марта ғойиб бўлиши эмас эди. Аммо улар деярли тўрт йил давомида топилмади.
Сешанба куни эълон қилинган суриштирув хулосаларига кўра, полиция дастлаб «болаларнинг фаровонлигидан хавотирланишга асос йўқ деган нотўғри тасаввур» туфайли қидирув-қутқарув операциясини бошламаган.
Ҳисобот суриштирувнинг ягона аъзоси бўлган Олий суднинг собиқ судьяси Саймон Мур томонидан ёзилган.
Унда, шунингдек, тегишли идоралар онанинг хавотирларини, жумладан, ўқотар қурол хавфсизлиги бўйича хавотирларини «ота-оналик низосининг бир қисми» сифатида «тез-тез камайтириб кўрсатгани» учун танқид қилинган.
Филлипс 2025 йил 7 сентябрда Янги Зеландиянинг Шимолий оролидаги кичик Пиопио шаҳарчасида полиция билан отишмада ҳалок бўлди. Уч нафар бола ўшандан бери расмий идоралар қарамоғида қолмоқда.
Кейинчалик полиция Филлипс болалари билан яширинган бир нечта ифлос лагерлардан бири деб ҳисобланган жойнинг суратларини эълон қилди, унда қалин ўсимликлар орасида ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва пиво банкалари захираси акс этган.
Филлипс иши ғойиб бўлган кунидан бошлаб Янги Зеландияни ларзага келтирди. Бу, шунингдек, уч фарзанди бўлган қочоқ ота қандай қилиб ҳукуматдан шунчалик узоқ вақт давомида яшириниб юриши мумкинлиги борасида жамоатчилик ғазабини қўзғатди.
Суриштирув давомида аниқланган «қўлдан бой берилган имкониятлар» қаторига Филлипс ва болалар йўқолган йиллар давомида бир неча бор кўрилгани ҳақидаги хабарлар киради, идоралар уларни тезроқ текширишлари мумкин эди.
Филлипснинг оила аъзолари ва бошқалар билан суҳбатлашгандан сўнг, суриштирув унинг ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолмаганини аниқлади.
Масалан, у 2022 йил февраль ойида болаларсиз онасиникига борган ва онаси унга 1000 Янги Зеландия доллари ($575; £426) нақд пул ва озиқ-овқат берган.
У, шунингдек, 2023 йил август ойида бир неча соатлик харид қилиш пайтида Уайкато минтақасидаги бир нечта корхоналарга ташриф буюриб, маҳалла бўйлаб ҳаракатланган.
Суриштирув натижасида аниқланишича, у бир кунда деярли 6000 Янги Зеландия долларини озиқ-овқат, болалар кийимлари, боғдорчилик анжомлари, балиқ овлаш мосламалари, пичоқлар ва зажигалкалар каби товарларга сарфлаган.
Шунингдек, унда айтилишича, тегишли идоралар — полиция, болаларни ҳимоя қилиш миллий агентлиги Oranga Tamariki, мудофаа кучлари ва таълим вазирлиги болалар фаровонлигини ҳимоя қилиш учун бир-бирлари билан яхшироқ алоқа ўрнатишлари ва мувофиқлашишлари мумкин эди.
Чоршанба куни Лаксон болаларнинг онасидан ҳам узр сўраб, улар «ўрмонда тўрт йил ўтказган ушбу жараёнда ёрдамсиз қолдирилганини» айтди.
Бош вазирдан ташқари, ҳукуматнинг бошқа вакиллари ҳам узр сўрашди ва суриштирув хулосаларини қабул қилишди.
«Филлипснинг болаларига тўғридан-тўри айтаманки, ушбу ҳисобот бизнинг идораларимиз сизни ҳимоя қилиш учун барча амалий чораларни кўрмаганини аниқлади. Бунинг учун биз сиздан чин дилдан узр сўраймиз», деди сешанба куни ижтимоий ривожланиш вазири Луиза Аптон.
Аптоннинг айтишича, болалар тўрт йилни «уларни бахтли ва соғлом болаликдан маҳрум қилган... аянчли шароитларда» ўтказишган.
Полиция комиссари ўринбосари Жилл Рожерс полициянинг камчиликларини тан олди, аммо ишга жалб қилинган зобитлар «ўз қалби ва жонларини бағишлаганларини» айтди.
«Бу жуда узоқ давом этдими? Имкониятларни бой бердикми? Ҳа, бой бердик. Биласизми, ўша болалар яшаган лагерларнинг суратларини кўриб, унутиб бўлмайди... Бу юракни тилкалайди», деди Рожерс маҳаллий 1News янгиликлар хизмати томонидан тайёрланадиган Breakfast ток-шоусида.
У қўшимча қилди: «Биз бу борада яхшироқ бўлишимиз керак. Аммо кун охирида бизнинг вазифамиз болаларни қайтариш эди ва биз буни уддаладик».

