Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи барпо этилади

Янги Тошкентда "Озарбайжон" боғи бунёд этилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда "Озарбайжон" боғини қуриш ишларига старт беришди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати 23-август куни маълум қилди.
Хабарга кўра, боғ учун Янги Тошкентдан 4 гектар ер ажратилган. Бу ерда Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини акс эттирувчи замонавий жамоат маскани ташкил этилади. Боғ икки қардош халқнинг маданий яқинлиги ва дўстлигини намоён этувчи масканга айланади.
Таъкидлаш жоизки, бундай хайрли ташаббус икки томонлама хусусиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Боку шаҳридаги "Оқ шаҳар" ҳудудида "Ўзбекистон" боғига тантанали равишда тамал тоши қўйилган эди. 4,5 гектар майдонда ташкил этиладиган ушбу мажмуада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналари, миллий меъморчилик мактаби ўзига хос тарзда намоён этилади. Унда мамлакатимиз тарихий обидаларининг меъморий тимсоллари, яшил ҳудудлар ва сайр масканларини барпо этиш кўзда тутилган, дейилади хабарда.
Тошкентдаги "Озарбайжон" ва Бокудаги "Ўзбекистон" боғлари икки халқнинг кўп асрлик дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигининг яна бир ёрқин рамзи бўлиши қайд этилган.
Давлат раҳбарлари бўлажак боғ ҳудудида рамзий капсулани жойлаштириб, лойиҳани амалга оширишга старт беришди.
Бундан аввал Озарбайжон Президенти Янги Тошкент лойиҳаси билан таништирилган эди. Кейин президентлар мазкур ҳудудда қурилган Низомий Ганжавий номидаги педагогика университети кампусини очиб беришган.

