Янги Тошкент халқаро аеропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатади
Урганч, Наманган аеропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аеропортини хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш

Янги Тошкент халқаро аеропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатади
Мамлакатимиз иқтисодиётининг тез суръатларда ўсиши, саноат ишлаб чиқариши ҳамда ташқи савдо ҳажмининг кенгайиши транспорт инфратузилмасини изчил ривожлантиришни талаб этмоқда. Ўзбекистонни Тинч океанидан Европагача чўзилган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айлантириш, халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бу йўналишдаги устувор вазифалар сирасига киради.
2030-йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ва хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тақдимотда ушбу мақсадларга эришиш учун амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, уларнинг муддатлари ҳамда ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб аеропортлар қурилиши ва модернизацияси бўйича маълумот берилди.
Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган янги аеропорт мажмуаларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Янги Тошкент халқаро аеропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланиб, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ҳамда муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги Бухоро халқаро аеропортида аеродром инфратузилмаси қурилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқаришга хусусий шерикни жалб этиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.
Шунингдек, Урганч ва Наманган аеропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аеропортини эса хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди. Натижада аеропортларнинг ўтказувчанлиги ошиб, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Автомобил йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган ойда қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган Тошкент – Самарқанд пулли автомобил йўли қурилишига старт берилди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи илк пулли йўл ишга туширилди.
Тақдимотда Тошкент – Самарқанд лойиҳасининг кейинги босқичларини молиялаштириш, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пулли йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ҳамда амалий ишларни бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Темир йўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Бугунги кунда асосий транзит йўналишлардаги бир қатор темир йўл участкалари юқори юклама билан ишламоқда. Саноат юклари ҳажмининг ортиши ва янги юқори тезликдаги поездлар қатновининг йўлга қўйилиши мавжуд инфратузилмага бўлган талабни янада кучайтиради.
Шу боис, Мактаарал – Сирдарё, Ангрен – Поп, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Тошкент – Самарқанд ва Тўқимачи – Ангрен йўналишларини модернизация қилиш чоралари кўриб чиқилди. Ушбу ишларга 200 миллион доллар йўналтириш ҳисобига участкаларнинг ўтказувчанлигини 25-30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл барпо этиш, ҳудудлардаги темир йўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари юзасидан ҳам ахборот берилди. Юк вагонлари паркини янгилаш, мазкур жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.
Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва денгиз портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Каспий денгизидаги Оқтау, Туркманбоши ва Боку, Қора денгиздаги Поти ва Анаклия портларида Ўзбекистон иштирокида логистика инфратузилмасини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдим этилди. Хусусан, Поти портида логистика марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланган, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Анаклия портини ривожлантиришда, шунингдек, Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқишга хизмат қилувчи Нахичеван темир йўли қурилишида иштирок этиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва кон-металлургия маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишга хизмат қилади.
Халқаро йўлаклардан самарали фойдаланиш учун юртимиздаги логистика марказлари тармоғини ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистикага ихтисослаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жами 17 та логистика маркази ва терминал лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Уларни жойлаштириш, инвесторларни жалб қилиш, молиялаштириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотда юк ташувларини рақамлаштириш ва соҳада яширин иқтисодиётни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юк ташиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ҳануз 42 фоиздан юқори экани қайд этилди. Маҳаллий юк транспортларининг ягона реестри, электрон буюртмаларни шакллантириш ҳамда барча транспорт хизматларини бирлаштирувчи электрон тизимнинг мавжуд эмаслиги бу борадаги асосий муаммолардан бири экани айтилди.
Шу боис, ягона рақамли транспорт тизимини яратиш, ташувчилар реестрини шакллантириш, электрон йўл варақаси ва буюртмаларни қабул қилувчи агрегатор хизматини жорий этиш таклиф қилинди. Халқаро ташувларда электрон рухсатномалар алмашинувини кенгайтириш ва юк ҳаракатини реал вақтда кузатиш имкониятларини йўлга қўйиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Бу орқали ташувчилар учун қулайлик яратиш, норасмий хизматларни қонуний фаолиятга ўтказиш ва соҳада шаффофликни ошириш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган лойиҳаларнинг муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаб, уларни ўзаро уйғун ҳолда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

