Маҳаллий

Янги Тошкент аеропорти қурилиши муносабати билан 7 та қабристон кўчирилади

Янги Тошкент аеропорти қурилиши сабаб 7 та қабристон кўчирилади

Тошкент вилоятида Янги Тошкент халқаро аеропорти барпо этиладиган ҳудудда жойлашган, фаолияти аллақачон тўхтаган 7 та қабристонни кўчириш белгиланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг 15-сентябрдаги қарорида маълум қилинган.

Қарорга мувофиқ, кўчириладиган қабристонларнинг 2 таси Қуйи Чирчиқ, 5 таси эса Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.

“Сергели” МФЙдаги “Сергели болалар” ва “Корейс” қабристонлари,

“Янгийўл” МФЙ ҳудудидаги “Сувон бағиш” ва “Қудойқул” мусулмон қабристонлари, “Қудойқул” ва “Сариктепа” корейс қабристонлари ҳамда “Борис” рус христиан қабристони кўчирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қабристонларда дафн ишлари кўп йиллар аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026-йил 10-апрелда бу борада хулоса берган. Унга кўра, марҳумлар жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд қабристон ҳудудларидан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин.

Қабрлар очилганда суяк қолдиқлари топилса, улар эҳтиёткорлик билан йиғилиб, бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Қарорда қабрлар қайси қабристонларга кўчирилиши ҳам белгиланган:

- “Сергели болалар” қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар “Шардара” қабристонига;

- “Корейс” қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар Сергели маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.

- “Сувон бағиш” ва “Қудойқул” мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар Янгийўл маҳалласидаги “Зайнаб она” қабристонига қайта дафн этилади.

- “Қудойқул” ва “Сариктепа” корейс қабристонлари ҳамда “Борис” рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар эса Тараққиёт маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади.

Қайта дафн этиш ишлари диний урф-одатларга мувофиқ бажарилиши белгиланган.

Қабристонларни кўчириш, қайта дафн этиш, ҳудудларни тайёрлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлар қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Харажатларни Янги Тошкент халқаро аеропортини қуриш лойиҳаси доирасидаги хусусий шерик қоплаши белгиланган.

Аввалроқ Янги Тошкент халқаро аеропорти қурилиши сабаб ҳудуддаги аҳолини кўчириш ва уларга компенсация тўлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.