“Янги Ўзбекистон” университети Ўзбекистонда ҚАА халқаро аккредитациясидан ўтган биринчи ОТМ бўлди
ъЯнги Ўзбекистонъ университети Ўзбекистонда ҚАА халқаро аккредитациясидан ўтган биринчи ОТМ ва Марказий Осиёда бундай аккредитацияга эга учта ОТМдан бири бўлди. Ректор Баҳодир Аҳмедовга кўра, аккредитация дипломлар хорижда тан олиниши ва халқаро талабаларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради.

“Янги Ўзбекистон” университети Ўзбекистонда ҚАА халқаро аккредитациясидан ўтган биринчи олий таълим муассасаси бўлди.
Университет матбуот хизматининг хабар беришича, “Янги Ўзбекистон” университети Буюк Британиянинг олий таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил ташкилоти – Қуалитй Ассурансе Агенсй фор Ҳигҳер Эдусатион (ҚАА) томонидан Интернатионал Қуалитй Ассредитатион (ИҚА) халқаро институционал аккредитациясидан муваффақиятли ўтди. Бу билан у Ўзбекистонда ҚАА халқаро институционал аккредитациясига эришган илк олий таълим муассасаси бўлди. Аккредитация сертификати университетга ҚАА бош ижрочи директори Карл Лейдекер томонидан тантанали равишда топширилди.
Университетнинг аккредитациядан ўтиши Европа олий таълим ҳудудида сифатни таъминлаш бўйича стандартлар ва йўриқномалар (Стандардс анд Гуиделинес фор Қуалитй Ассурансе ин тҳе Эуропеан Ҳигҳер Эдусатион Ареа – ЭСГ) асосида баҳоланди. Баҳолаш жараёнида университетнинг ички сифатни таъминлаш тизими ЭСГ доирасидаги 10 та стандарт бўйича синчковлик билан ўрганилди.
ҚАА томонидан тайинланган мустақил экспертлар гуруҳи 2026-йил 2-4-июн кунлари университетда бўлиб, баҳолаш ишларини олиб борди. Улар университет тақдим этган ҳужжатларни батафсил ўрганди, раҳбарият, профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талабалар, битирувчилар ва ташқи ҳамкорлар билан учрашди. Шунингдек, таълим инфратузилмаси, ўқув ресурслари ва маълумотларни бошқариш тизими ҳам кўздан кечирилди.
Якуний ҳисоботда “Янги Ўзбекистон” университетининг ЭСГ доирасидаги барча 10 та стандартга тўлиқ жавоб бериши тасдиқланди. Шу тариқа, университет Ўзбекистонда ҚААнинг халқаро институционал аккредитациясини қўлга киритган биринчи олий таълим муассасаси бўлиш билан бирга, Марказий Осиёда бундай аккредитацияга эга бўлган учта ОТМдан бири сифатида эътироф этилди.
“Янги Ўзбекистон” университети ректори Баҳодир Аҳмедовнинг Газета мухбирига маълум қилишича, ҚАА аккредитацияси университетдаги таълим сифати халқаро стандартларга мос эканини тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, бу университетнинг, шунингдек, умуман Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.
Ректор ҚАА Буюк Британиянинг олий таълим сифатини баҳолаш бўйича дунёда тан олинган нуфузли ташкилотлардан бири эканини таъкидлади. Баҳолаш жараёнида университетнинг фақат ўқув дастурлари эмас, балки профессор-ўқитувчилар фаолияти, талабаларни қўллаб-қувватлаш, сифатни таъминлаш тизими ва университет бошқаруви ҳам комплекс ўрганилган.
“Энг муҳими, бу натижа биз қураётган янги олий таълим модели халқаро талаблар даражасида эканининг мустақил ташқи тасдиғидир”, – деди Баҳодир Аҳмедов.
Унинг таъкидлашича, аккредитация натижаси бутун олий таълим тизимига бўлган ишончни ҳам оширади. Ректор халқаро аккредитация университет битирувчиларининг хорижда ишлаш ва ўқиш учун ҳужжат топшириш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беришини айтди. Бу эса бўлажак кадрларнинг дунё даражасида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, халқаро эътироф чет элдан энг иқтидорли талабаларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин. Чунки ҚАА аккредитацияси таълим сифати халқаро даражада эканини кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Баҳодир Аҳмедов ҚАА аккредитациясини Ўзбекистон-2030 стратегияси доирасидаги вазифалар нуқтаи назаридан ҳам муҳим деб баҳолади. Унинг айтишича, стратегияга мувофиқ, 10 та университет топ-500 таликка кирган университетлар билан халқаро таълим дастурларини ошириши керак.
“Янги Ўзбекистон” университети эса бу йил топ-150 таликка кирган ва Халифа университети билан қўшма магистратура дастурини амалга оширган. “Бу бошқа университетларга ҳам катта йўл очади”, – деди ректор.
Баҳодир Аҳмедов, шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев томонидан 10-июл куни белгиланган олий таълим соҳасидаги мақсадларга тўхталди. Унга кўра, 2030-йилга қадар камида бешта олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Ректор халқаро талабаларни жалб қилиш ва халқаро даражадаги тадқиқотларни ривожлантириш ушбу мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҚАА аккредитацияси бу жараён учун асос бўлади.

