Yandex Go ишлашида узилишлар кузатилмоқда. Компанияда тизимни қайта тиклаш устида ишлашаётганини маълум қилишди
Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида Yandex Go фойдаланувчилари сервис ишидаги узилишларга дуч келишди. Yandex Uzbekistan «Газета»га хизматлар кўрсатилишини имкон қадар тезроқ тиклаш устида ишлаётганини маълум қилди. У ерда фойдаланувчиларнинг маълумотлари ҳимоялангани таъкидланди. Эрталаб Владимирда УУА «Яндекс»нинг дата-марказига ҳужум қилди.

Yandex Go узилишлар билан ишламоқда. Компаниядагилар тиклаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилишди
Якшанба, 11 октябрь эрталаб Ўзбекистонда бир неча соат давомида такси буюртма қилиш, етказиб бериш ва бошқа хизматларни бирлаштирган Yandex Go сервиси ишида носозликлар кузатилди. Такси чақиришга уринишда нархлар кўринмади ва буюртмани расмийлаштириш имконияти бўлмади. «Жамоат транспорти» бўлимида автобуслар ҳаракати кўрсатилмади.
Муаммолар ҳақида нафақат фойдаланувчилар, балки «Газета» гаплашган ҳайдовчилар, шунингдек, етказиб бериш курьерлари ҳам хабар беришмоқда.
Yandex Uzbekistan матбуот хизмати «Газета»га шундай маълум қилди: «Афсуски, ҳозирда баъзи сервис-хизматлар хатоликлар билан ишлаши ёки вақтинча ишламай қолиши мумкин. Жамоаларимиз ҳамма нарсани имкон қадар тезроқ тиклаш ва фойдаланувчиларимиз ҳамда ҳамкорларимизга яна ёрдам бериш учун ишламоқда».
«Мураккаб технологик сервислар, жумладан „Яндекс“нинг ишлаши учун катта ҳисоблаш қувватлари талаб қилинади. Бундай сервислар тақсимланган ҳисоблаш инфратузилмасидан фойдаланади: топшириқларнинг турли қисмлари турли мамлакатлардаги серверларда бажарилади. Бир мамлакатдаги инфратузилма компонентларидан биридаги узилиш бошқасидаги алоҳида функцияларнинг ишлашига таъсир қилиши мумкин», — дея қайд этди компания.
«Компонентлардан бирининг иши бузилганда, сервис ишини тиклаш ва такрорий узилишлар эҳтимолини камайтириш учун юк бошқаларига ўтказилади. Сервислар ишидаги хатоликлар айнан шу билан боғлиқ», — дея қўшимча қилди матбуот хизмати.
«Yandex Uzbekistan Ўзбекистон қонунчилигига тўлиқ мувофиқ ҳолда ишлайди. Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг маълумотлари, қонунга кўра, сервисларимиз фойдаланувчиларининг маълумотлари тегишлича ҳимоя қилинишини таъминлайдиган юрисдикцияда сақланади», — дея таъкидлади компания.
Ўзбекистонда Яндекс.Карты ва Яндекс.Навигатор сервислари одатдаги режимда ишлашда давом этмоқда.
Қўшни мамлакатларда, масалан, Қозоғистонда ҳам Yandex Go сервиси ишида узилиш қайд этилмоқда, деб ёзади
Эрталаб Yandex Cloud сервиси Владимирда (Россия) дрон ҳужуми оқибатида «Яндекс» маълумотлар маркази инфратузилмасига шикаст етганини маълум қилди. «Маълумотлар маркази иши бутунлай тўхтатилди… Платформанинг иш режими фавқулодда ҳисобланади», — дейилади хабарда.
Yandex Go’да шунга ўхшаш узилиш жума, 9 октябрь куни кечқурун кузатилган ва бир соатдан ортиқ давом этган эди. Ўша куни РФнинг Калуга вилоятидаги «Яндекс» маълумотлар марказига дрон зарбаси берилган эди. Бунинг фонида бошқа такси сервислари хизматларига талаб ортди, деб хабар беришган эди компаниялардан «Газета»га.
8 октябрга ўтар кечаси Рязандаги «Яндекс» маълумотлар марказига қилинган ҳужумдан сўнг Ўзбекистоннинг энг йирик маркетплейси Uzum Market ишида узилиш кузатилган эди. Унинг иши 10 октябрь эрталаб тикланди.

