Технология

Яндех дата марказларига қилинган ҳужум Россияда СИ ривожини бир неча йилга секинлаштириши мумкин — ОАВ

Украинанинг Яндех дата марказларига ҳужуми Россияда СИ ривожини бир неча йилга секинлаштириши мумкин. Ҳужумдан сўнг компаниянинг барча учта суперкомпютери фаолияти издан чиққан. Уларни тиклаш НВИДИА илғор чипларининг глобал тақчиллиги сабаб йиллар талаб қилади.

Яндех дата марказларига уюштирилган ҳужум Россияда СИ тараққиётини бир неча йилга ортга суриши мумкин — ОАВ

8−14-октабр кунлари Россияда Яндех ва “Сбер”га тегишли бир нечта йирик маълумотлар марказлари дронлар зарбасига учради. Натижада Яндехънинг булутли хизматларида узилишлар кузатилди. Ушбу ҳужумларгача Россия қуролли кучлари Украинадаги маълумотларни қайта ишлаш марказларини нишонга олаётган эди, Яндех дата марказларига ҳужум эса Украина қуролли кучларининг жавоб зарбаси бўлди, деб ёзмоқда бир қатор нашрлар.

Экспертлар баҳосига кўра, мамлакатдаги дата марказлар тинчлик даври ва одатий ҳаёт тарзига мослаб қурилган бўлиб, ҳимоя тизимини ишлаб чиқишда бундай ҳужумлар ҳисобга олинмаган. Шу билан бирга, мустаҳкам ҳимоя тизимларини барпо этиш катта капитал харажатларни талаб қилган бўларди. Ҳозир мутахассислар ўз вақтида қилинмаган капитал харажатлар компанияга қимматга тушишини тахмин қилмоқда.

Хусусан, Яндех маълумотлар марказларига қилинган ҳужумлар Россиянинг биринчи рақамли ИТ компанияси ривожланаётган асосий йўналишлар — қидирув хизмати ва сунъий интеллектга таъсир кўрсатди, деб ёзмоқда нашр. Нашр билан суҳбатлашган ҳисоблаш тизимлари бўйича мутахассислар фикрича, УҚК ҳужумлари Яндех учун ҳам бизнес нуқтаи назаридан, ҳам Россия ИТ етакчиси сифатида кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Дронлар ҳужумларидан кейин Яндех ихтиёридаги учта суперкомпютернинг барчаси номаълум муддатга ишламай қолган. Биринчи ҳужум 8-октабрга ўтар кечаси Рязан вилоятининг Сасово шаҳрида содир бўлди. У ерда ИТ гигантнинг оммага тақдим этилган Россия суперҳисоблаш тизимлари орасида энг унумдор машинаси ҳисобланган “Червоненкис”, шунингдек, унумдорлиги бўйича учинчи ўринда турувчи “Ляпунов” жойлашган.

Кейинги тунда УҚК Россиядаги энг йирик маълумотлар марказларидан бирига — Яндехънинг Калугада жойлашган энг катта дата марказига ҳужум қилди. 11-октабрга ўтар кечаси Владимирдаги “Галушкин” суперкомпютери жойлашган маълумотлар маркази зарбага учради. 14-октабрга ўтар кечаси эса Саратов вилоятининг Балаково шаҳридаги “Сбер”га қарашли йирик маълумотлар марказига ҳужум қилинди.

Т-инвариант нашри суҳбатлашган тўрт нафар мутахассис компаниянинг ҳисоблаш қувватларига жиддий зарар етганига ишонч билдирган. Уларнинг фикрича, дронлар ҳужуми ва ундан кейинги ёнғин оқибатида ускуналар заифлашиб қолишининг асосий сабаби — бу тўғридан-тўғри фрикулинг тизими, яъни ташқи ҳаво билан совитишдир (оқимли вентиляторлар ҳавони филтрлар орқали ҳайдайди, сўнг у сервер устунлари орқали ўтади). Ҳатто олов суперкомпютер устунларига бевосита етиб бормаган тақдирда ҳам, қурум, кулга тўла ҳаво ва майда куйиндилар ички қисмларга кириб, уларни шикастлаган бўлиши мумкин.

2026-йил ёзида Яндех суюқлик ёрдамида совитиш тизимларини жорий этишни бошлаётганини маълум қилган. Т-инвариант нашри суҳбатлашган экспертлар сўзларига кўра, ёнғин юзага келган тақдирда суюқлик ёрдамида совитишнинг ҳар қандай элементи самаралироқ ҳисобланади, аммо компания ўзининг барча маълумотлар марказларида бундай қайта жиҳозлаш ишларини якунлашга улгургани эҳтимолдан йироқ.

СИ технологиялари бўйича жаҳон гигантида ишловчи экспертлардан бири, нашр ёзишича, Яндехънинг суперкомпютерларни совитишда қўллаётган технологияларига шубҳа билан қарайди. “Рисоладагидек компаниялар фрикулингдан фойдаланмай қўйганига анча бўлган”, — дея таъкидлаган Т-инвариант суҳбатдоши.

Мутахассислар фикрича, суперкомпютерлар қисмларини тутун, қурум ва куйиндидан тозалаш ярим йилгача вақт олиши мумкин. Агар бутловчи қисмларни, жумладан, қимматбаҳо ва энг асосийси, тақчил бўлган НВИДИА чиплари ёки уларнинг муқобилларини алмаштириш зарурати туғилса, ҳисоблаш қурилмаларининг тўлақонли фаолиятини тиклаш бир-икки йилга чўзилиши мумкин.

Т-инвариант суҳбатлашган экспертларга кўра, УҚКнинг дата марказларга ҳужумидан сўнг Яндех учун юзага келган асосий муаммо — ҳисоблаш қувватларининг қисман ёки тўлиқ йўқотилишидир. Бунинг камида иккита сабаби бор. Тўғри, ишдан чиққан дата марказлар Яндехънинг капиталлашувига салбий таъсир кўрсатади, лекин бундан ҳам муҳимроғи — бу муаммолар компаниянинг асосий бизнеси бевосита боғлиқ бўлган СИ ривожини ойлар ва йилларга секинлаштириб қўйиши мумкин.

8 ва 9-октабр кунлари Яндех маълумотлар марказларига дронлар билан берилган дастлабки зарбалардан сўнг, аксарият инвесторлар компанияга нисбатан мўътадил ижобий муносабатни сақлаб қолишди: булутли технологиялар тушумнинг кичик қисмини ташкил этади, юкламани эса бошқа маълумотлар марказлари ўртасида тақсимлаш мумкин. Аксиялар қиймати ўша заҳоти бир неча фоизга тушиб кетди. Учинчи ҳужум ва УҚКнинг навбатдаги дронлар ҳужуми эҳтимоли эса салбий молиявий прогнозларни янада кучайтирди.

Яндех ўз молиявий ҳисоботида СИга оид кўрсаткичларини алоҳида ошкор этмайди, шу боис бу ҳақда “Қидирув хизматлари ва СИ” сегментига қараб хулоса чиқариш мумкин. Мазкур йўналиш, Т-инвариант кузатувларига кўра, Яндехънинг очиқланадиган барча сегментлари орасида тузатилган ЭБИТДА бўйича энг юқори маржиналликка эга. 2026-йилнинг иккинчи чорагида бу кўрсаткич 46,3 фоизни, биринчи ярим йилликда эса 44,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, “Қидирув хизматлари ва СИ” сегменти мутлақ қийматда ҳам энг кўп тузатилган ЭБИТДА келтирди.

Шу билан бирга, СИ аллақачон реклама тушумининг ўсишига сезиларли ҳисса қўшмоқда: компания баёнотига кўра, 2026-йилнинг иккинчи чорагида ушбу ўсишнинг деярли ярмини АРГУС тавсия технологияси таъминлаган. Гарчи Яндех СИ-маҳсулотлар рентабеллигини алоҳида ошкор қилмаса-да, ҳисоботда СИ компаниянинг молиявий ҳолати учун нақадар муҳимлигини кўрсатувчи маълумотлар бор.

Асосий хавф СИ билан боғлиқлиги шубҳасиз, деб ҳисоблайди нашр суҳбатдошлари. Айнан иккита маълумотлар марказидаги учта суперкомпютер компаниянинг нейрон тармоқлари ҳамда СИ экотизимининг бошқа элементларини ривожлантиришга хизмат қилади. Агар ускуналарни ёнғин ва тутун асоратларидан тозалаш учун ҳисоблаш қувватлари фаолиятини вақтинча тўхтатишга тўғри келса, реклама тушумлари ўсишининг деярли ярмини таъминлаётган инфратузилма ойлаб ишламай қолади. Борди-ю, суперкомпютерларга қисман бўлса-да шикаст етган бўлса, у ҳолда ривожланиш йиллаб орқага сурилади.

Экспертлар буни икки сабаб билан изоҳлайди. Биринчи сабаб — Россияга НВИДИА А100 тезлаткичларини етказиб беришга қўйилган санксия чекловлари. Москва давлат университетида ўта махфий “МГУ-270” суперкомпютерини яратиш бўйича махсус операция кўрсатганидек, бу ниҳоятда қиммат ва мураккаб жараён. Иккинчи сабаб — НВИДИА илғор чипларининг глобал танқислиги, уларни етказиб бериш бўйича шартномалар икки-уч йил олдинга тузиб бўлинган. Буни Т-инвариант нашрининг бир-биридан мустақил иккита манбаси тасдиқлагани айтилади.

Шу тариқа, талаб шиддат билан ортиб бораётган бир пайтда, ЯндехГПТ ва Алисе АИ ривожи номаълум муддатга тўхтади.

“Яндех ўз марказлари ва суперкомпютерларини тинчлик даврида ва тинчлик даври учун қурган. Бутун ривожланиш одатий инсон ҳаётига қаратилган эди, томи устидан дронлар учиб келиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Рязан, Калуга ва Владимир вилоятларида зилзилалар ҳамда бошқа табиий офатлар кутилмайди, шунинг учун ҳеч ким биноларнинг жисмоний ҳимоясига сармоя киритиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган”, — дея тушунтиради Т-инвариантънинг суперкомпютер саноатидаги экспертларидан бири.

Яндех инфратузилмасининг лойиҳалаш мантиғи қуйидагича: энергия тежамкорлик, электр таъминотини захиралаш, совитиш тизимининг соддалиги ва арзонлиги ҳамда юкламани майдончалар ўртасида қайта тақсимлаш имконияти.

“Би-би-си рус хизмати” манбасига кўра, Яндех битта маълумотлар марказини ўчириб, юкламани бошқаларига ўтказишни мунтазам машқ қилиб турган. Бироқ бир нечта йирик майдончаларнинг кетма-кет ишдан чиқиши, эҳтимол, машғулотларда кўриб чиқилмаган. Нашр манбаси, шунингдек, Владимирдаги иккита алоҳида бино сервислар томонидан ўзаро захира сифатида кўрилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди: уларнинг иккаласи ҳам бир вақтнинг ўзида ишдан чиқиши имконсиз деб ҳисобланган.

“Россияда маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва дата марказлар учун одатда содда “қутилар” қурилади: мустаҳкам деворлар, тўсиқлар ёки шунга ўхшаш ҳимоя воситалари йўқ. Илғор, ҳатто маҳаллий технологиялар мавжуд бўлишига қарамай, суюқлик билан совитиш тизимлари деярли учрамайди, мураккаб ўт ўчириш тизимлари ҳам ўрнатилмаган. Россия бизнеси учун буларнинг барчаси ҳаддан ташқари катта капитал харажат ҳисобланади. Ҳеч ким бунга қодир эмасди. Бунинг устига, ўта юқори даражадаги марказлашув ҳам бор. Барча марказларнинг тахминан 70−80 фоизи Москва ва Санкт-Петербург атрофида жойлашган”, — дея тушунтиради суперкомпютер технологиялари бўйича эксперт.

Россияда маълумотларни қайта ишлаш ва дата марказлар хавфсизлигини ошириш бўйича илк оммавий чақириқлар дастлабки ҳужумлардан атиги бир неча кун олдин янграган эди, деб ёзади Т-инвариант. Хусусан, Россия Рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Евгений Филатов 6-октабр куни бўлиб ўтган “Рақамли ечимлар” форумида “ҳисоблаш қувватларини, барча фойдали ИТ юкламани Москва, Санкт-Петербург ва Москва вилоятидан қаергадир узоқроққа… ҳозирча зарбалар етиб бормаётган жойларга кўчириш” масаласини кўтарган, 7-октабр куни кечқурун эса (биринчи ҳужумдан бир неча соат олдин) РБКда ИТ бизнес ва Рақамли ривожланиш вазирлиги вакиллари СИга мўлжалланган дата марказларни “дўст мамлакатлар”га жойлаштириш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар эълон қилинган.

Ўша пайтга келиб, “Би-би-си рус хизмати”нинг эслатишича, Россия қўшинлари Украинадаги дата марказларга аллақачон зарба бераётган эди. Улар 23-сентабрдан 28-сентабргача камида олтита шундай обьектни шикастлаган. Ҳужумлар оқибатида одамлар интернециз қолган ва телекўрсатувлар узилиб қолган. Ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ўз ижтимоий тармоқларида “Рақамли детокс… мажбурий тартибда” ёзувли суратни ҳам эълон қилган эди, деб ёзади Т-инвариант. 4-октабр куни, Филатовнинг чиқишидан икки кун олдин эса Владимир Зеленский жавоб зарбалари ҳақида огоҳлантирган: “Наҳотки улар бизни жавоб қайтармайди деб ўйлашса?”

“Германияда бўлганимда, Мюнхен яқинидаги Лейбниц суперкомпютер марказини ўрганган эдим. Бу бино куб шаклида бўлиб, унинг деразалари йўқ, автомобилда бузиб кириб бўлмаслиги учун атрофи хандақлар билан ўралган. Кириш жойи эса кичик бир осма кўприкдан иборат. Кубнинг ўзи аслида бино ичидаги бино — Фарадей панжарасидир. Яъни, бу ерда ҳақиқатан ҳам жиддий жисмоний ва бошқа турдаги ҳимоя чоралари кўрилган”, — дея ҳикоя қилади Т-инвариант суҳбатлашган экспертлардан бири.

Айни пайтда ушбу суперкомпютер, экспертнинг таъкидлашича, топ-500 рейтингида Яндехънинг “Червоненкис”идан ортда қолади. Бироқ немислар унинг хавфсизлигига жуда катта сармоя киритган.

“Бундай тизим баллистик ракеталардан қутқара олмаса-да, дронлардан бемалол ҳимоя қила олади. Бундан ташқари, Норвегия ва Финляндиядаги ақл бовар қилмас ер ости маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳам бунга ёрқин мисол. Яна бир жиҳат — Алибаба компаниясининг Хитойдаги супермаркази. Суперкомпютер бозорининг топ-500 таликка кирувчи деярли барча етакчилари капитал харажатлардан пул аямайди, мураккаб суюқликли ёки ботирма совитиш тизимларини ўрнатади. Бизнинг маҳаллий ИТ етакчиларимиз эса буларнинг барчасидан тежаб қолишга уринади”, — дея тушунтиради эксперт.

“Яндех ва „Сбер“ урушдан олдин бу обьектларни қураётганида, табиийки, биноларнинг лойиҳавий хусусиятларига ўнлаб килограмм портловчи моддага эга жанговар каллакли дронлардан ҳимояланиш заруратини киритмаган эди”, — деб ёзади нашр. Нашрнинг 2016−2017-йилларда Владимирдаги Яндех маълумотлар марказларидан бирини барпо этган “ХАКА Москва” компанияси маълумотларига таяниб ёзишича, марказни қуришда қуйидаги асосий вазифалар кўзда тутилган:

Замонавий технологиялар асосида металл конструксиялардан барпо этилган бу каби биноларнинг барчаси нисбатан кичик жанговар каллакка эга дронлар зарбасига чидамсиз.

Яндех ва “Сбер” маълумотлар марказлари биноларининг заифлигидан ташқари, қурилиш учун жой танлашда ҳам хатога йўл қўйди, деб ёзади нашр. Урушнинг бешинчи йилига келиб, Москва ва унинг атрофида жойлашган корхоналар катта рақобат устунлигига эга бўлди. Ҳарбийлар ва ҳукумат ҳаво ҳужумидан мудофаа ресурсларини тақсимлашда яққол пойтахтни ҳимоя қилишни афзал кўрди (Украина раҳбарияти ҳам Киевга нисбатан худди шундай йўл тутган).

Дронларга қарши мудофаанинг асосини ҳанузгача анъанавий қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ташкил этиб, улар мамлакатнинг бутун ҳудудини ҳимоя қилиш учун етарли эмас. Бироқ бундай тизимларнинг Москва атрофида тўпланиши пойтахтдаги нишонларга зарба беришни қийин вазифага айлантирди. Шунга қарамай, УҚК бир тўлқинда кўплаб дронларни сафарбар этиш орқали баъзан шаҳар атрофидаги мудофаани ёриб ўтишга ва Москва нефтни қайта ишлаш заводи каби алоҳида ўта муҳим корхоналарга етиб боришга муваффақ бўлмоқда.

“Бундай даражадаги суперкомпютерлар ишини ҳозир ва яқин келажакда тиклашнинг ҳеч ҳам иложи бўлмайди. Гап маблағ бор-йўқлигида ҳам эмас. Асосий муаммо — ҳатто санксиялар эмас, балки чиплар ва бошқа бутловчи қисмлар тақчиллигидадир: бутун дунё бўйлаб уларга улкан навбат юзага келган. Бироқ кулранг ва қора импорт харажатлари ҳам жуда юқори. Хуллас, ҳозир ишлар чатоқ”, — деб ҳисоблайди Т-инвариант суҳбатлашган суперкомпютерлар бўйича мутахассис.

Ноябр ойида жаҳон топ-500 суперкомпютерлари рейтингининг навбатдаги янгиланиши эълон қилинади. Ҳозирда “Червоненкис” рейтингнинг 101-поғонасини, Қозоғистоннинг Алем тизими эса 104-ўринни эгаллаб турибди (Қозоғистоннинг иккинчи машинаси 122-ўринда — РФнинг қолган барча суперкомпютерларидан юқорида).

Т-инвариант экспертлари УҚК томонидан жавоб тариқасида уюштирилган “мажбурий рақамли детокс” шу куздаёқ топ-500 рейтингидаги етакчи суперкомпютерлар кўрсаткичлари бўйича Россия Қозоғистонга ўрнини бўшатиб беришига олиб келишига шубҳа қилишмаяпти. АҚШ, Хитой ва Япония билан рақобатлашиш ҳақида-ку умуман гап бўлиши мумкин эмас — РФ улардан аллақачон анча ортда қолмоқда, дея таъкидлайди нашр.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.