Яна бир юртдошимиз Япония ордени билан тақдирланди
Алишер Охунжоновга Япониянинг «Чиқаётган қуёш, розеткали олтин ва кумуш нурлар» ордени топширилди

Яна бир юртдошимиз Япония ордени билан мукофотланди
Ўзбекистоннинг Токиодаги собиқ муваққат ишлар вакили Алишер Охунжонов Япониянинг «Чиқаётган қуёш, розеткали олтин ва кумуш нурлар» (Тҳе Ордер оф тҳе Рисинг Сун, Голд анд Силвер Райс витҳ Росетте) орденига сазовор бўлди.
Мукофот Тошкент шаҳрида Япониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Ҳирата томонидан топширилди.
Мазкур мукофот Алишер Охунжоновнинг Япония ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган кўп йиллик ҳиссасини эътироф этиш учун берилган.
Япония элчихонаси маълумотига кўра, Алишер Охунжонов Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси очилишига сезиларли ҳисса қўшган ва Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги илк муваққат вакили сифатида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашган.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб, Тошкент шаҳридаги япон ҳарбий асирлари қабристонини ободонлаштиришга катта ҳисса қўшган.
Сўнгги йилларда бир қатор юртдошларимиз Япониянинг нуфузли мукофотига сазовор бўлди.
2024-йилда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Халқ рассоми Акмал Нурга (Нуриддинов) Япония императорининг «Чиқаётган қуёш ордени, Олтин нурли бўйин тасмаси» (Ордер оф тҳе Рисинг Сун, Голд Райс витҳ Неск Риббон) мукофоти топширилганди.
2023-йилда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан тақдирланган.
2022-йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени топширилган.

