Якшанба куни айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин
Шанба куни Ўзбекистонда об-ҳаво қуруқ бўлади ва ҳарорат +32 даражагача исийди. Кечқурун ғарбий ҳудудларга нам ҳаво кириб келади ва якшанба куни Қорақалпоғистон, Хоразм, жанубий ҳамда марказий ҳудудларда ёмғир ёғади. Тошкент ва водий вилоятларида эса ёғингарчилик кутилмайди.

Якшанба куни айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин
9−10-октабр кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб қолади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Ҳаво ҳарорати кечалари асосан +10…+15 даража, кундуз кунлари +25…+27 даража, жанубий ва чўл ҳудудларда эса айрим жойларда +29…+32 даражагача кўтарилади.
10-октабр куни кечқурун республиканинг ғарбий ҳудудларига нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
11-октабр, якшанба куни нам ҳаво массалари Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларига ҳам тарқала бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида чўл ҳудудларда ва республиканинг жанубида, кечқурун эса марказий ҳудудларда айрим жойларда ёмғир ёғади.
Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Аксарият вилоятларда илиқ об-ҳаво давом этади. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳарорат +18…+23 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади. Тоғли ҳудудларда 9−11-октабр кунлари айрим жойларда ёмғир ёғади. 11-октабрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида дам олиш кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кечалари +13…+15 даража, кундуз кунлари +25…+27 даража бўлади.

