Хусусийлаштирилган давлат мулки қайтариб олинмайдими? Давактив янги қонунга изоҳ берди
Ўзбекистонда хусусийлаштирилган давлат мулкини қайтариб олишга доир чекловлар кучайтирилмоқда. Янги қонунга кўра, давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш ташаббуси билан чиқа олмайди. Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарларига кўра, бу норма мулкдорлар ишончини мустаҳкамлаш учун керак.

Хусусийлаштирилган давлат мулки қайтариб олинмайдими? Давактив янги қонунга изоҳ берди
Давлат активларини бошқариш агентлиги вакиллари хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳақидаги норма қонунга киритилгани борасида изоҳ берди.
“Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан обьектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди”.
17-август куни ўтказилган матбуот анжуманида Давактив масъулларига ушбу тартибнинг мазмуни, унинг олдинги қонунчиликдан фарқи ҳамда бундан кейин хусусийлаштирилган давлат активларини қайтариб олиш мумкинми ёки йўқми, деган савол берилди.
Агентликнинг юридик бўлими бошлиғи Улуғбек Ғозиевнинг айтишича, хусусий мулк дахлсизлиги Конституцияда аввалдан кафолатланган, бироқ бу кафолатларни қонунчиликда янада мустаҳкамлаш зарурати туғилган.
“Бу норма аслида Конституциямизда аввалдан белгиланган мулк дахлсизлиги принсипига асосланади. Лекин хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш, хусусийлаштирилган мол-мулкни қайтариш ҳолатлари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали амалга оширилгани учун ушбу тартиб жорий этилди.
Дастлаб бу масала 2020-йилдаги президент қарорларида акс эттирилди. Кейинчалик давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга ҳам киритилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳеч қачон хусусийлаштириш натижасини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган. Хусусийлаштириш жараёни якунланиб, хусусий мулкни тасдиқловчи давлат ордери берилганидан кейин бу ордерни фақат суд томонидан бекор қилиш тартиби қонунда сақланиб қолган. Ҳозир ҳам бу тартиб мавжуд.
Конституцияга эътибор қилсангиз, мулкдорни суд қарорисиз, қонунда белгиланган асослардан ташқари мулкидан маҳрум қилишга йўл қўйилмайди”, - деди Ғозиев.
Ғозиев янги норма, биринчи навбатда, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, зарур ҳолларда эса суд идораларига ҳам тааллуқли эканини қайд этди.

