Хусусий сектор тиббиётга аутсорсинг асосида жалб қилина бошланади
Президент қарорида хусусий тиббиёт ташкилотларини давлат тиббий хизматларини кўрсатишга жалб этишнинг янги механизмлари кўзда тутилган. 2027 йил 1 январдан бошлаб аутсорсинг шартларида клиник ва ёрдамчи хизматларни харид қилишнинг янгиланган тартиби жорий этилади, 2030 йилга бориб эса уларнинг улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Хусусий секторни тиббиётга аутсорсинг асосида жалб қилиш бошланади
«Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (04.11.2026 йилдаги ПҚ-392-сон) қабул қилинди.
Мақсадлар:
2027 йил 1 январдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича узоқ ва қисқа муддатли мастер-режалар асосида, тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда хусусий секторни жалб қилиш механизмлари жорий этилади.
Бунда кафолатланган ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт муассасалари давлат тасарруфида сақлаб қолинади.
2027 йил 1 январдан бошлаб тиббиёт муассасаларида хусусий сектордан хизматларни аутсорсинг асосида харид қилишнинг янги тартиби жорий этилади. Аутсорсинг шартномалари хизматнинг хусусияти ва инвестициялар ҳажмидан келиб чиқиб 5 йилгача, алоҳида ҳолларда эса 10 йилгача бўлган муддатга тузилади.
Бунда амал қилиш муддати янги тартиб жорий этилгунига қадар тугайдиган аутсорсинг лойиҳаларини 2027 йил охиригача давом эттиришга рухсат берилади.
2027 йил 1 апрелга қадар аутсорсинг лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобини юритиш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш учун «Тиббий аутсорсинг» электрон ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тиббиёт муассасаларини профессионал бошқарувчиларга топшириш очиқ танлов асосида амалга оширилади. Бунда уларнинг фаолияти ҳар йили самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб борилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили 1 ноябрга қадар мастер-режа асосида хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобидан ва ДХШ механизмлари доирасида амалга ошириладиган устувор лойиҳалар рўйхатини шакллантиради ҳамда ўзининг веб-сайтида эълон қилади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.11.2026 йилдан кучга кирди.

