“Худонинг қўли” ва “Аср голи”: Марадонанинг машҳур тўпи ауксионда сотилди

**"Худонинг қўли" ва "Аср голи" тўпи 3,35 миллион долларга сотилди**
Аргентиналик футбол афсонаси Диего Марадонанинг 1986-йилги Жаҳон Чемпионатида "Худонинг қўли" ва "Аср голи" киритилган машҳур тўпи Далласдаги Ҳеритаге Аустионс кимошди савдосида 3,35 миллион долларга харидор топди. Дастлабки тахминларга кўра, ушбу "Адидас Азтеса" тўпи спорт тарихидаги энг қимматбаҳо буюмлар қаторига кириб, камида 10 миллион доллар келтириши кутилган эди. Бироқ, якуний нарх кутилганидан анча паст бўлди.
Бу тарихий тўп 36 йил давомида Аргентина ва Англия (2:1) терма жамоалари ўртасидаги ўша учрашувни бошқарган тунислик ҳакам Али Бин Носирнинг уйида сақланган. Кейинчалик, у 2022-йилда Лондонда ўтказилган ауксионда 2,37 миллион долларга (2 миллион фунт) сотилган эди. Эндиликда эса у янада юқори нархда янги эгасига ўтди. Гарчи тўп кутилган рекордни янгилай олмаган бўлса-да, Марадонанинг айнан ўша ўйинда кийган либоси 2022-йилда ауксионда 9,3 миллион долларга сотилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 1986-йилги тарихий баҳсда Марадона учрашувдаги илк голни инглизлар посбони Питер Шилтон билан ҳаводаги курашда чап қўли ёрдамида киритган эди. Ҳакам қоидабузарликни сезмагач, гол инобатга олинган ва бу вазият кейинчалик футболчининг ўзи томонидан "Худонинг қўли" деб таърифланган. Орадан атиги тўрт дақиқа ўтиб, Аргентина сардори ўз жарима майдончасидан ҳужум бошлаб, Англиянинг беш нафар футболчисини алдаб ўтган ҳолда иккинчи марта дарвозани ишғол қилган. Кейинчалик бу ФИФА томонидан "Аср голи" деб эътироф этилган.

