Хотин-қизлар учун имтиёзли квота бўйича ўтиш баллари ошди
2026-йилги олий таълим муассасаларига қабулда тавсиянома олган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун имтиёзли квота бўйича ўтиш баллари эълон қилинди. Айрим ҳудуд ва таълим соҳаларида ўтиш баллари ўтган йилга нисбатан сезиларли ошган бўлса, бошқаларида пасайиш қайд этилди. Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятида техника йўналишларида кузатилди - 49,2 балл.

Хотин-қизлар учун имтиёзли квота бўйича ўтиш баллари кўтарилди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайтида имтиёзли тоифадаги абитуриентлар учун 2026-йилги ўтиш баллари эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, тавсиянома олган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ажратилган квота бўйича айрим ҳудудларда ўтиш баллари 2025-йилга нисбатан сезиларли даражада ошган.
Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятининг техника соҳасида кузатилди. Бу ерда ўтиш бали ўтган йилга нисбатан 49,2 баллга кўтарилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида тиббиёт соҳаси бўйича ўтиш бали 44,5 баллга, Самарқанд вилоятида техника соҳасида 34,1 баллга, Наманганда техника соҳасида 32 баллга ошган.
Сурхондарё вилоятида техника йўналишлари бўйича ўсиш 31,1 баллни, Навоий вилоятида тиббиёт соҳасида эса 28,1 баллни ташкил этган.
Айрим ҳудудларда эса, аксинча, ўтиш баллари пасайган. Энг катта пасайиш Жиззах вилоятининг тиббиёт соҳасида қайд этилган – 31,1 балл. 2025-йилда ушбу йўналишда ўтиш бали 119,1 балл бўлган бўлса, жорий йилда 88 баллдан юқори натижа қайд этган 63 нафар жиззахлик абитуриент қиз грант асосида ўқишга қабул қилинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида техника соҳаси бўйича ўтиш бали 29,8 баллга, Тошкент вилоятида тиббиёт бўйича 27,1 баллга, Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасида 26,6 баллга пасайган.
Айни пайтда тавсиянома абитуриентнинг тест натижасига қўшимча балл бермаслигини эслатиб ўтиш лозим. Ушбу имтиёз белгиланган алоҳида квота доирасида танловда иштирок этиш имконини беради.
Шу боис тавсияномага эга абитуриент белгиланган ўтиш балидан паст натижа қайд этган бўлса, имтиёз мавжудлиги уни автоматик равишда талабаликка қабул қилишни англатмайди.

