Хориждан қайтган ўзбекистонликларга грантлар берилади
Ўзбекистон миграция агентлиги хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари учун 60 млн сўмгача бўлган грантлар танловини эълон қилди.

Хориждан қайтган ўзбекистонликларга грантлар ажратилади
Ўзбекистон Миграция агентлиги хориждан қайтган фуқаролар ўз бизнесини йўлга қўйиши ёки кенгайтириши учун грант қўллаб-қувватлови йўлга қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабарида айтилади.
Дастур Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) иштирокида ва Швеция Адлия вазирлигининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади — меҳнат миграцияси тажрибасига эга фуқаролар ўртасида тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантиришдан иборат.
Битта бизнес-лойиҳани молиялаштиришнинг энг юқори миқдори 60 млн. сўмни ташкил этади. Олувчиларни саралаш танлов натижаларига кўра амалга оширилади.
Аризаларни кўриб чиқишда ташкилотчилар бизнес-ғоянинг асосланганлиги ва уни амалга оширишнинг аниқ режаси мавжудлигини ҳисобга олишни режалаштирмоқда.
Лойиҳанинг янги иш ўринлари яратиш қобилияти асосий мезонлардан бири бўлади. Бундан ташқари, мўлжалланаётган ёки аллақачон ишлаб турган бизнеснинг барқарорлиги ва самарадорлиги баҳоланади.
2025–2026 йилларда хорижда ишлаб, кейин мамлакатга қайтган Ўзбекистон фуқаролари ариза топширишлари мумкин. Дастур доирасида хотин-қизлар иштирокига алоҳида урғу бериш режалаштирилган.
Аризалар 21 сентябргача қабул қилинади. Қўшимча маълумотларни Telegram орқали (+998) 90 021 50 38 телефонидан олиш мумкин.
Шу билан бирга, Миграция агентлиги Буюк Британияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари учун алоҳида грант дастури бошланганини эълон қилди. Унда 2024–2026 йилларда Британиянинг Seasonal Workers Scheme дастурида қатнашганлар иштирок этишлари мумкин.
Британия дастури иштирокчилари Тошкентда бир кунлик интенсив тренингдан ўтишлари керак бўлади. Танловда иштирок этишни давом эттириш учун номзодлар бизнес-режа тайёрлашлари ва тадбиркорлик тажрибаси мавжудлигини тасдиқлашлари лозим.
Бундан ташқари, талабгорлар яқин икки йил давомида ХМТ билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини тасдиқлашлари керак. Бу экспертлар дастурнинг иштирокчилар ҳаёт шароитларига таъсирини баҳолашлари учун зарур.
Ушбу дастурда иштирок этиш учун аризалар қабули 20 сентябргача давом этади.
Грант ташаббуслари Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасидаги ҳамкорлик кенгаяётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Июн ойида мамлакатлар миграция ва мобиллик соҳасида шериклик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.
Шунингдек, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ушбу соҳада пилот дастурни ишга тушириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Ҳужжат қонуний миграцияни қўллаб-қувватлаш ва академик алмашинувларни ривожлантиришни назарда тутади.

