Хорижда ўзбек ресторани очган тадбиркорлар харажатларининг 50 фоизигача қисмини қайтариб олиши мумкин
Хорижда ўзбек миллий таомлари ресторанини очган тадбиркорлар харажатларининг 50 фоизигача қисмини давлат субсидияси сифатида қайтариб олиши мумкин. Аризалар my.gov.уз орқали қабул қилиниб, 18 иш кунида кўриб чиқилади, агар маъқулланса 7 иш куни ичида тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Хорижда ўзбек ресторани очган тадбиркорлар харажатларининг 50 фоизигача қисмини қайтариб олиши мумкин
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорлар хорижда ўзбек миллий таомлари ресторанини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача қисмини давлат субсидияси сифатида олишлари мумкин.
Бунинг учун Туризм қўмитаси my.gov.уз портали орқали бепул хизмат кўрсатади.
Субсидия олиш учун рестораннинг хорижда рўйхатдан ўтгани, бинога эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлик, амалга оширилган харажатлар, шунингдек заруратга кўра Ўзбекистондан маҳсулот етказиб берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Бундан ташқари, рестораннинг ички ва ташқи кўриниши акс этган фотосуратлар ҳам талаб қилинади.
my.gov.уз орқали юборилган ариза 18 иш куни ичида кўриб чиқилади, ижобий қарор қабул қилингач эса субсидия маблағлари 7 иш куни ичида тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Аризада камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта топшириш мумкин.
Бунга ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 9-сентабрдаги 482-сон “Меҳмонхона, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилиш ҳамда хорижда ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган ресторанлар ташкил этган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори келтирилган. Бироқ қарор Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинмаган.

