Лайфстайл

Хоразмдан Чикагогача: “Эл-юрт умиди” стипендияси соҳиби бўлган ўзбек ҳуқуқшуноси билан суҳбат

Хоразмдан Чикагогача: "Эл-юрт умиди" стипендияси соҳиби, ўзбек ҳуқуқшуноси Динора Шерматова билан суҳбат

"Тил, амалиёт ва ижтимоий фаоллик. Глобал меҳнат бозорида ўз ўрнингизни топиш учун энг зарур уч омил мана шу", – дейди АҚШнинг Иллинойс штати Урбана-Чампаигн университети ҳуқуқ бўйича магистри Динора Шерматова. У "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендияси ва университетнинг ички грантига сазовор бўлган, ҳозирда нуфузли юридик фирмада фаолият юритмоқда.

"Daryo.uz" учун берган суҳбатида Динора ўз муваффақиятига эришишида ёрдам берган одат ва кўникмалар, АҚШ ва Ўзбекистон ҳуқуқ тизимидаги фарқлар ҳамда таълим соҳаси учун таклифлари ҳақида сўзлаб берди.

**Болалик йиллари**

Диноранинг болалиги қадим Хоразмнинг чекка Гурлан ва Тупроққалъа туманларида ўтган. Оиласи узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги билан шуғуллангани сабабли асосан чекка ҳудудларда яшашга мажбур бўлган. Уйдаги эркин муҳит, ўз фикрини дадил ифодалаш имконияти, ота-она билан тўсиқсиз мулоқот унинг шахс сифатида шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Ука-сингиллари билан қишлоқнинг гоҳо сокин, гоҳо қизғин ҳаётида ўйнаганлари бир умрга татигулик хотираларни яратган.

Динора болалигини ўзгача энтикиш ва миннатдорлик билан эслайди: "Ота-онамнинг ўзлари олий таълим ола билмаганлари учун бизни доим билим олишга рағбатлантирар, ўқишимиз учун керакли барча шароитни муҳайё қилиш учун астойдил ҳаракат қилишарди. Хоҳиш-истакларимизга, орзуларимизга ҳеч қандай қаршилик қилмай, фақат қўллаб-қувватлашган. Эрта ёшданоқ меҳнатга ўргатишган, меҳнатни қадрлаб, шукроналик ҳисси билан яшашни уқтиришган".

Диноранинг айтишича, ундаги ўзига нисбатан ишонч ва курашувчанликнинг шаклланишида отасининг роли катта бўлган. "Бирон ишга қўл урдингми, ҳар доим уддалайман деган фикрда бўл", – отасининг мана шу сўзлари унинг ҳозирги нуқтагача етиб келишида асосий туртки бўлган.

**Мактаб даври**

Динора мустақил ҳаётга анча эрта, мактаб давридаёқ қадам қўйган. Бошланғич синф йиллари ота-она бағрида ўтган. Аммо чекка туманда таълим сифати паст бўлгани боис оила фарзандлар таҳсилини марказда давом эттириш ҳақида ўйлай бошлаган. Шундай қилиб, эндигина 5-синфга ўтган Динора ўқишни синглиси билан бирга ота-онасидан олисда — Гурлан туманида давом эттиради. Бундай вазият уни ўз фикрига эга, мустақил қарор қабул қила олувчи масъулиятли шахс қилиб тарбиялайди.

У аниқ фанлардан тортиб гуманитар фанларгача барчасини бирдек иштиёқ билан ўзлаштиради ва мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Урганчдаги 2-сонли академик лицейда ўқишни давом эттиради. Ҳуқуқ соҳасига қизиқиши ҳам айнан шу даргоҳда куртак ёза бошлайди.

"Лицейдаги устозим ва уларнинг юридик соҳада фаолият юритувчи қизлари касб танлашимда ҳамда кейинчалик Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширишимда муҳим рол ўйнашган. Уларнинг ушбу фаолият тури билан боғлиқ ҳикояларини жон қулоғим билан тинглар, суд залида адвокат сифатида нутқ сўзлаётганимни, инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ғолиб бўлаётганимни тасаввуримда қайта-қайта жонлантирардим. Қолаверса, ўзим табиатан рақобатга ўч инсонман, курашишни, ғолиб бўлишни яхши кўраман", дейди қаҳрамонимиз.

Соҳа танланди, энди навбат — бу соҳани пухта ўзлаштиришга.

**Олийгоҳ йиллари**

Динора университетнинг биринчи босқичида прокурор бўлишни орзу қилган, лекин кейинчалик ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари билан чуқур танишиш, таққослаш ҳамда ўз иштиёқ ва кўникмаларини баҳолаш натижасида фуқаролик, бизнес ва рақобат ҳуқуқига қизиқиши устунлигини тушуниб етади ва шу соҳаларни пухта ўзлаштиришга асосий эътиборини қаратади.

У олийгоҳдаги тўрт йил давомида назарий билимларни чуқур ўзлаштириш билан чекланиб қолмай, турли ижтимоий-ҳуқуқий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этади. Кучли мутахассис бўлиш учун назария ва амалиёт бирдек муҳимлигини тушуниб, университетнинг "Легал Слинис" ва "Стреет Лав" лойиҳаларида қатнашади. Бу ҳуқуқшунослик касбининг нозик жиҳатлари билан бевосита танишиш нуқтайи назаридан унинг учун катта сабоқ мактаби бўлди.

"Легал Слинис" доирасида аҳолига бепул юридик маслаҳатлар бериб, мижозни диққат билан тинглаш, масъулият билан ишлаш ҳамда профессионал этикага қатъий риоя қилишни ўзлаштиради. Мактаб ўқувчиларига ҳуқуқий тушунчаларни содда тилда тушунтиришни мақсад қилган "Стреет Лав" лойиҳасидаги иштирок эса унга ҳуқуқ фақат суд залларида ёки расмий ҳужжатларда эмас, балки жамиятнинг кундалик ҳаётида ҳам ишлаши кераклигини англатади.

Динора шундай хулосага келади: ҳуқуқшуноснинг вазифаси фақатгина алоҳида низоларни ҳал қилиш эмас, балки инсонларга ўз ҳуқуқларининг моҳиятини теран англашга кўмаклашиш, ҳуқуқий онгни шакллантириш, адолатни таъминлашдир. Мана шундай хулоса ва тажриба билан қаҳрамонимиз навбатдаги манзил сари йўл олади: АҚШ.

**Америка сари йўл**

Динора бакалавриатнинг иккинчи босқичидаёқ магистратурани хорижда давом эттиришга қатъий қарор қилади. Болаликданоқ инглиз тилини ўрганишга иштиёқи баландлиги боис инглиззабон давлатлар, хусусан, Буюк Британия ва АҚШда таълим имкониятларини қидира бошлайди. Ҳужжат топшириш билан боғлиқ мураккаб ва машаққатли жараёнлардан сўнг Иллинойс штатидаги Урбана-Чампаигн университети ҳамда Лондон шаҳридаги Қуеен Марй университетларидан магистратура босқичи учун қабул хати олади.

Урбана-Чампаигнъни танлашига эса унинг АҚШдаги нуфузли юридик мактабларидан бири экани, кучли профессор-ўқитувчилар таркиби ва халқаро талабалар учун яратилган академик муҳит сабаб бўлади. Қолаверса, Динора университетнинг ички грантини ҳам қўлга киритади. "Эл-юрт умиди" жамғармасининг стипендия танловида ҳам иштирок этиб, ўз йўналишида грант соҳибига айланади, шу тариқа ҚС рейтингининг Топ –100 талигига кирувчи университетда мутлақо бепул таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.

**Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимидаги фарқлар**

Диноранинг айтишича, Ўзбекистон ва Америка олий таълимида бир неча фундаментал тафовутлар мавжуд.

Биринчидан, фанларни танлаш имконияти. Талабалар ўқиш бошланишидан аввал қайси фанлар ўтилишини олдиндан билади, ҳар ким ўз қизиқишларидан келиб чиқиб танлов қилади. Динора ҳам шу асосга кўра рақобат ва интеллектуал мулк ҳуқуқини танлаган.

Иккинчи фарқ — ҳар бир профессорнинг ўз ўқитиш услуби бор ва бир фан доирасида турли методикалардан фойдаланилади. "Муайян фан бўйича дарс бир гал савол-жавоб кўринишида, бошқа гал кейс таҳлили, яна бир сафар эса гуруҳ муҳокамалари тарзида ўтилиши мумкин. Бу талабаларнинг ҳар доим ва ҳар томонлама дарсга тайёр бўлиши кераклигини англатади.

Яна бир муҳим жиҳат — амалиётчи мутахассислар тажрибаси билан бевосита танишиш имконияти.

Университетда судялар, прокуратура ходимлари, адвокатлар, кўзга кўринган юридик фирмалардан мутахассислар билан учрашувлар ўтказилади, улар ўз тажрибаси асосида талабаларга муҳим тавсиялар беради.

Бундан ташқари, университетнинг ўз суд зали бўлиб, бу ерда йилда уч-тўрт маротаба ҳақиқий суд мажлиси ўтказилади. Прокурорлар, судялар, юридик фирмалардан вакиллар келиб, муайян муаммо, кейсни ўша суд залида талабалар иштирокида кўриб чиқади. "Айни амалиётлар Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилса, талабаларга реал тажрибага эга бўлиш имконини беради", дейди Динора.

Шунингдек, у икки мамлакатнинг ҳуқуқни қўллаш тизимидаги ўзига хосликлар бўйича кузатувлари билан ҳам бўлишди. Унинг айтишича, АҚШда юридик таълим ва амалиёт таҳлилий фикрлаш, суд амалиёти ва муаммони амалий ечишга йўналтирилган бўлса, Ўзбекистонда қонунчилик базаси ва назарий билимларга кўпроқ эътибор қаратилади. АҚШда талабалар юридик клиникалар орқали ўқиш давридаёқ ҳақиқий мижозлар билан ишлайди.

Бундан ташқари, ёзги таътил даврида деярли барча талабалар хусусий сектор, давлат идоралари, судлар ёки нотижорат ташкилотларида амалиёт ўтайди. Бу уларга касбий кўникмаларни ривожлантириш, реал иш тажрибасини орттириш ва келажакдаги мутахассислик йўналишини онгли равишда танлаш имконини беради. Шунингдек, медиация ва музокара орқали низоларни судгача ҳал этиш амалиёти ҳам кенг қўлланилади.

"Менимча, Ўзбекистонда ҳам амалий таълимни янада кучайтириш, талабалар учун сифатли стажировка имкониятларини кенгайтириш, университетлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан фаолроқ фойдаланиш ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади", дейди у.

**Америкадаги ҳаёт ва шахсий ўсиш**

Қаҳрамонимиз ҳозирда Чикагодаги "Мандарич Лав Гроуп" юридик фирмасида адвокат ҳуқуқий ёрдамчиси сифатида фаолият юритмоқда. Мазкур фирма истеъмолчиларни молиялаштириш бўйича суд ишлари ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича йўналишларда хизмат кўрсатади. Динора ўз жамоаси билан бирга судда рад қилинган ҳужжатларни талаб асосида тўғрилаш, тегишли тузатишларни киритиш ҳамда шу тўғрисида ахборот тайёрлаш билан шуғулланади.

"Бизнинг асосий мижозларимиз банклар ҳисобланади. Маълумки, Америкада кредит карта тизими амал қилади, яъни доимий истеъмол мақсадлари учун ҳам кредит ажратилади. Биз кўпинча даъвогар, яъни банклар ва кредит компаниялари вакили сифатида иштирок этиб, кредит тўловини вақтида қайтара олмаганлардан пулни ундириш бўйича суд ишлари билан шуғулланамиз", дейди ўзбек ҳуқуқшуноси.

Динора фуқаролик, бизнес ҳуқуқи, монополияга қарши ҳуқуқ соҳаларига ихтисослашиш ниятида, шу боис мазкур тармоқларни янада чуқурроқ ўрганиш, кўпроқ амалиёт ўташга ҳаракат қиляпти. Шунингдек, АҚШда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун имтиҳон — "бар эхам" топшириш талаб этилгани боис келгуси йили Ню-Ёркда худди шундай имтиҳондан ўтиш учун фаол тайёргарлик кўрмоқда.

Яқин истиқболдаги мақсадлари ҳақида гапираркан, суҳбатдошимиз шундай дейди: "Лицензияни қўлга киритишим биланоқ юридик фирмада адвокат сифатида фуқаролик, бизнес ва рақобат ҳуқуқи бўйича фаолиятимни давом эттириш ниятидаман. Суд тизими ва хусусий сектор кесишадиган нуқтада ишлаб, кўпроқ кўникма ва тажриба шакллантириш, келгусида Ўзбекистонда ҳам шу йўналишларда янгиликлар қилиш мақсадим бор".

**Муваффақият формуласи**

Чекка туманнинг чекка қишлоғидан билим истаб, юксак мақсадларни кўзлаб аввал пойтахтга, сўнг уммон ортига – АҚШга йўл солган Динорадан ўз муваффақиятининг формуласини шакллантиришни сўрадик.

"Интизом — энг муҳими. Бир мақсадга, бир вазифага қанчалик изчил, қанчалик давомли тарзда диққат қарата олсангиз, муваффақият қозонишингиз эҳтимоли шунчалик ортади. Дейлик, тил ўрганяпсиз. Ўзингизга муддат белгиланг, “олти ойда ўрганаман, сўнг сертификат учун имтиҳон топшираман”. Ёки бирон анжуманда қатнашиш, қандайдир лойиҳаларда ишлашда ҳам айни ёндашув самарали ҳисобланади. Муддат ва мақсад аниқ бўлса, ижобий натижа эҳтимоли ошади. Бунинг учун эса инсонда ўзига нисбатан ишонч, интизом ва диққат бўлиши лозим", дея таъкидлайди у.

Диноранинг қўшимча қилишича, нуфузли университетлар талабаларни қабул қилишда муайян омилларга алоҳида эътибор қаратади. Бу — ижтимоий фаоллик, амалий тажриба ва тил кўникмалари.

"Озми-кўпми шу пайтгача йиққан тажрибамдан келиб чиқиб, тенгдошларимга шундай деган бўлардим: хорижий тилни мукаммал даражада ўрганинг. Кундалик мулоқотда ҳам, профессионал муҳитда ҳам тилнинг аҳамияти беқиёс. Қолаверса, имкон қадар кўпроқ амалиёт қилиш керак. Масалан, бакалавриат даврида ҳар йили турли йўналиш, турли муассасаларда амалиёт ўташ мумкин. Бир йили судда, бир йили юридик фирмада, яна бир гал давлат органларида… Бу ҳам ҳар бир тармоқнинг ички механизмлари билан танишиш, ҳам ўзлари қизиққан, юқори салоҳият намоён эта оладиган ихтисосликни аниқлаш имконини беради.

Турли анжуман ва танловларда, кўнгиллилик асосидаги лойиҳаларда қатнашиш ҳар хил қирраларингизни кашф этишга ёрдам беради. Ҳужжатларингиз билан танишаётган хорижий университетлар амалий ишларингиз қанчалик кўплигига ва уларни қоғозда қанчалик аниқ ифодалаб бера олганингизга қарайди, ўқишдан ташқари фаолликни жуда қадрлайди. Резюменгиз қанчалик бой, профилингиз қанчалик кучли бўлса, грант ютиш имкониятингиз шунчалик ошади", – дея фикрини якунлайди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.