Хивадаги Ляонинг университети филиалида 2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар тўлиқ грантда ўқийди
Хивадаги Ляонинг педагогика университети филиалида 2030/2031 ўқув йилига қадар қабул қилинган талабалар тўлиқ давлат гранти асосида ўқийди. Филиалда ҳар йили 250 нафар информатика ўқитувчиси сунъий интеллект бўйича малака оширади, 14 та техникум филиалга бириктирилади.

Хивадаги Ляонинг университети филиалига 2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар тўлиқ грант асосида таҳсил олади
Хива шаҳрида Хитойнинг Ляонинг педагогика университети филиалини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Президентнинг 2-октабрдаги қарорига мувофиқ, филиалда ўқув жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади. Таълим кундузги ва муқобил шаклларда ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида йўлга қўйилади.
Филиал Хива шаҳридаги Қибла Тозабоғ маҳалласи, Мактаб кўчаси, 57-уйдаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Қарорда филиалда таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилиши белгиланган.
2026/2027-йилдан 2030/2031 ўқув йилига қадар филиалга қабул қилинган талабалар ўқиш муддати давомида тўлиқ давлат гранти асосида таълим олади.
2030/2031 ўқув йилидан бошлаб эса белгиланган йиллик қабул параметрларининг 30 фоизи давлат гранти ҳисобидан шакллантирилади. Филиалнинг қабул параметрлари, тўлов-контракт миқдори, қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибини Кузатув кенгаши белгилайди.
Филиал битирувчиларига олий маълумот тўғрисида тан олинадиган филиал ва (ёки) Ляонинг педагогика университети дипломи берилади.
Талабаларнинг амалиёти ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхона ҳамда ташкилотларида, жумладан, дуал таълим асосида ташкил этилади.
Ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”га кўра, 2026-йил октабр-ноябр ойларида филиални малакали кадрлар билан таъминлаш ва биринчи талабаларни қабул қилиш режалаштирилган. Бунинг учун бўш иш ўринлари бўйича эълонлар берилиб, мутахассислар танлов асосида ишга олинади, шунингдек, таълим йўналишлари бўйича қабул эълонлари берилади ва абитуриентлар сараланади. Ноябр ойига қадар филиал уставини тасдиқлаш, уни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда бошқарув тузилмасини шакллантириш ҳам кўзда тутилган.
2027-йил 1-январдан филиалда умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчилари учун сунъий интеллект бўйича менторлик малака ошириш курслари ташкил этилади.
Ҳар йили 250 нафар педагог малака ошириш учун танлаб олинади. Филиалда улар учун камида 72 соатлик аралаш — онлайн ва офлайн — шаклдаги курслар ўтказилади. Машғулотларда Ляонинг университети жалб қиладиган хорижий мутахассислар ҳамда филиал профессор-ўқитувчилари иштирок этади.
Курсларни муваффақиятли тамомлаган ўқитувчиларга сертификат берилади. Мазкур сертификат информатика ўқитувчисининг малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинади. Малака оширган педагоглар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб “Касбий ривожланиш куни” тадбирларида ментор ўқитувчи сифатида фаолият юритиши белгиланган.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 та вилоят ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 14 та техникум филиалга бириктирилган.
Уларда Хитой тажрибаси асосида туризм ва ахборот технологиялари бўйича такомиллаштирилган таълим дастурлари ва ўқитиш методикалари жорий этилади. Техникум битирувчиларига ўзлаштирган фанларини инобатга олган ҳолда бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттириш имконияти яратилади.
Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалига маҳаллий олий таълим ташкилотлари академик ҳамкор сифатида бириктирилган.
Халқаро хитой тили таълими бўйича Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти; туризм бошқаруви бўйича “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Урганч давлат университети ҳамкор сифатида белгиланган.
Халқаро бизнес йўналишида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Урганч давлат университети, сунъий интеллект бўйича эса Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Урганч давлат университети билан ҳамкорлик қилинади.
Филиалнинг педагогик ва илмий салоҳиятини ошириш мақсадида жалб қилинган маҳаллий профессор-ўқитувчилар ва ходимларга Ягона тариф сеткаси бўйича белгиланадиган тариф коеффициентлари ва базавий лавозим маошлари 1,5 баравар миқдорда ҳисобланади. Хориждан, жумладан Ляонинг университетидан жалб қилинадиган раҳбар ва профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори эса меҳнат бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, шартномалар асосида белгиланади.
“Йўл харитаси”га кўра, 2028-йил апрелига қадар филиалнинг устувор илмий тадқиқот йўналишлари аниқланади. 2029-йил январга қадар эса олий таълимдан кейинги таълим институтини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, филиал ахборот-ресурс маркази 2027−2030-йилларда замонавий адабиётлар билан бойитилади ва унинг ресурслари Unilibrary.uz электрон кутубхона платформасига киритиб борилади.

