Маҳаллий

Хивада Конгресс-ҳолл ва «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс-ҳолл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда «Хива Ичан қалъа» қабуллар уйи фаолияти билан танишди.

Хивада Конгресс-ҳолл ва "Хива Ичан қал'а" қабуллар уйи очилди.

Ушбу иншоотлар давлат раҳбарининг 2026-йил 30-апрелдаги тегишли ҳужжати асосида бунёд этилди. Уларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратиш, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатиш ҳамда хизматлар экспортини 4 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги элементлари уйғунлигида қурилган Конгресс-ҳолл халқаро анжуманлар, бизнес-конференсиялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни ўтказиш учун мўлжалланган. Умумий майдони 1,9 гектар бўлган мажмуани барпо этиш учун 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Атрофида кенг яшил ҳудудлар ва хиёбонлар ташкил этилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Конгресс-ҳоллга туташ ҳудудда халқаро анжуманлар иштирокчилари ва сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида уч юлдузли меҳмонхона қурилди. Қиймати 169 миллиард сўм, умумий майдони 1,6 гектар бўлган лойиҳа доирасида 60 та янги иш ўрни яратилган. Тўрт қаватли меҳмонхонада 310 ўринга мўлжалланган 156 та хона, кенг вестибюл, ресепшн, ресторан-бар, болалар хонаси ва терраса мавжуд. Шунингдек, ёпиқ бассейн, фитнес ва веллнесс ҳудудларидан иборат соғломлаштириш зонаси ташкил этилган.

Давлат раҳбари "Хива Ичан қал'а" қабуллар уйини ҳам кўздан кечирди. Умумий майдони 2 гектар бўлган мазкур мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади. Бино меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати, кўк ва фируза рангли кошинлардан кенг фойдаланилган. Қабуллар уйи атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолияти йўлга қўйилган.

Шу ернинг ўзида давлат раҳбари Хоразм вилояти жамоатчилиги вакиллари билан самимий мулоқот қилди. Суҳбатда кейинги йилларда воҳада рўй бераётган улкан ўзгаришлар, одамларнинг турмуш тарзи ва тафаккуридаги янгиланишлар ҳақида сўз борди. Қадимий Хоразм заминида Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик, тараққиёт ва янгиланиш руҳи тобора яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Вилоятнинг бой тарихи ва анъаналарини асраб-авайлаган ҳолда уни замонавий, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Президент ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, Хивада йирик халқаро тадбирларни кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.