Хитойлик ҳакерлар сунъий интеллект ёрдамида Тайван ҳукумати ресурсларини бузиб кирди
Улар фойдаланувчиларининг камида 85 та аккаунтини бузиб кириб, ходимларга оид 2,5 мингдан ортиқ ёзувни ўғирлаган. Шундан сўнг ҳужумни Тайван ядро хавфсизлиги агентлиги ва камида еттита энергетика компаниясига ҳам ёйган.

Хитойлик хакерлар сунъий интеллект (СИ) воситаларидан фойдаланиб, Тайван ҳукуматининг ресурсларига киберҳужум уюштирди. Бу ҳақда Финансиал Тимес нашри Исроилнинг киберхавфсизлик бўйича Дреам компанияси маълумотларига таяниб хабар берди.
Ҳужумни биринчи бўлиб аниқлаган тадқиқотчиларнинг журналистларга маълум қилишича, тажовузкорлар очиқ кодли саккизтагача СИ агентидан фойдаланган. Улар бузиб кириш воситаларини яратиш учун мувофиқлаштирилган кибержамоа сифатида ҳаракат қилган.
Июл ойи бошида СИ агентлари 21 та ҳукумат тизимининг заифликларини аниқлаш мақсадида харитасини тузган. Улар ушбу тизимларнинг камида 85 та фойдаланувчи аккаунтини бузиб кириб, ходимларга оид 2,5 мингдан ортиқ ёзувни ўғирлаган. Шундан сўнг ҳужум Тайван ядро хавфсизлиги агентлиги ва камида еттита энергетика компаниясига ҳам ёйилган.
Дреам компанияси Осиё-Тинч океани минтақасидаги давлатлардан бирига бузғунчилик ҳақида хабар берганини, бироқ айнан қайси давлат эканлигини аниқлаштирмаганини маълум қилди. ФТ манбалари ҳужум айнан Тайванга қаратилганини тасдиқламоқда. Ҳакерларнинг Хитой билан алоқадорлиги ҳужумга оид ички ёзишмаларда соддалаштирилган хитой тилидан фойдаланилгани билан изоҳланади.
Хитой ҳукумати вакиллари газетанинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирди. Тайван Рақамли технологиялар вазирлиги эса маълумотлар махфийлигини сабаб қилиб, ушбу бузғунчилик юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

