Хитойга яширинча минглаб тонна уран етказиб берилган — тадқиқот

**Хитойга минглаб тонна уран яширинча етказиб берилгани аниқланди – тадқиқот**
2000-йилдан 2024-йилгача Конго Демократик Республикасидан (КДР) катта миқдорда уран экспорт қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Интерестинг Энгинееринг нашри хабар берди.
Конго ДР узоқ вақтдан бери уран қазиб олиш ҳақида ҳисобот бермай келади. АҚШнинг Висконсин-Медисон университети ва Принстон университети олимлари ўз тадқиқотларида мамлакат 24 йил ичида 2 000–5 000 тонна уран экспорт қилганини аниқлади. Улар табиий ураннинг йиллик қазиб олиш ҳажми 55 000–65 000 тоннани ташкил этишини таъкидлади.
Уран қазиб олувчи давлатлар материални тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага риоя этиши учун бу ҳақда МАГАТЕ (Халқаро атом энергияси бўйича агентлик)га хабар бериши шарт.
Конго ДР дунёда кобалт етказиб берувчи етакчи давлат ҳисобланади. Бу глобал тоза энергия манбаларига ўтишда жуда муҳим компонентдир. Ушбу материал электромобиллар, шунингдек, қуёш ва шамол электр стансияларида қўлланилади.
Кобалт литий-ионли аккумуляторларда ҳал қилувчи рол ўйнайди, чунки у аккумуляторга юқори энергия зичлиги ва барқарорлигини таъминлайдиган катодни ҳосил қилади. Конго ДРдаги Мис минтақаси жаҳон кобалт захираларининг катта қисмини етказиб беради. Бироқ ушбу ҳудудда кобалт табиатда уран билан бирга учрайди.
Компаниялар ушбу минтақада айнан кобалт рудасини қазиб олаётганда, нисбатан кўп миқдорда уран ҳам қазиб олади, чунки уран кобалтга “ёпишиб” олган бўлади.
“Илгари уран қазиб олинган жой яқинида кобалт рудасини қазиб олсангиз, худди Конго ДРда бўлгани каби, унда жуда кўп уран бўлиши мумкин”, деди ушбу тадқиқотда иштирок этган Висконсин-Медисон университети ва Принстон университети тадқиқотчиси Раян Манзук.
**Уран қаерга кетди?**
Тадқиқотчиларнинг айтишича, дунёдаги кобалтни қайта ишлаш корхоналарининг қарийб 95 фоизи Хитойда жойлашган. Улар Конго ДРдаги ураннинг катта қисми айнан Хитойга жўнатилганини таъкидламоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2 000–5 000 тонна уран 600 дан 1 500 тагача ядровий жанговар каллак ишлаб чиқариш учун етарлидир. Тинчлик мақсадларида фойдаланилса, бу миқдор енгил сувли реактор учун 25 йилгача ёнилғи бўла олади.
“Мазкур уран декларация қилинмаган, уни қазиб ва ажратиб олиш расман рўйхатдан ўтказилмагани сабабли, ундан якуний фойдаланишга ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди”, деди ядровий хавфсизлик бўйича эксперт ва Висконсин-Медисон университети доценти Себастян Филипп.
Олимлар бу атайлаб қилинмаган деб ҳисоблайди. Бироқ МАГАТЕ иштирокисиз экспорт қилинган уран ҳажми хавотир уйғотмоқда. Тадқиқотчилар тахминан 1 000 дан 4 000 тоннагача бўлган уран кон чиқиндиларига аралашиб кетгани, бу эса кончилар ва атрофдаги аҳоли пунктлари яшовчилари саломатлигига хавф солишини айтмоқда.

