Хитойдаги «ташландиқ гигант» яна қурилмоқда
Хитойда баландлиги 597 метр бўлган Голдин Финансе 117 осмонўпар биноси қурилиши якуний босқичга кирди. Қарийб ўн йил давомида битказилмай турган 117 қаватли иншоот қурилиши ўтган йили қайта тикланган бўлиб, режага кўра, ишлар жорий йил охиригача якунланиши кутилмоқда.

Хитойда "ташландиқ гигант" номи билан танилган Голдин Финансе 117 осмонўпар биносининг қурилиши қайта тикланди. Интернетда тарқалган янги суратларда ушбу 597 метр баландликдаги иншоотнинг қурилиш жараёни акс этган. Ҳозирда у дунёдаги энг баланд тугалланмаган осмонўпар бино ҳисобланади.
Голдин Финансе 117 лойиҳаси 2008-йилда бошланган бўлиб, дастлаб Хитойнинг энг баланд биноси бўлиши режалаштирилган эди. 117 қаватдан иборат бўлиши кўзда тутилган мажмуа кучли шамол ва зилзилаларга чидамлилигини ошириш мақсадида "мегаколонналар" деб номланувчи йирик конструксиялардан фойдаланилган ҳолда қурилмоқда.
Бинонинг ташқи кўриниши ўзига хос бўлиб, ҳассани эслатади. Юқори қисмида ромбсимон конструксия барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, у ерда атриум, бассейн ва шаҳарни юқоридан кузатиш имконини берувчи майдонча жойлашади. П&Т Гроуп архитектура компанияси лойиҳасига кўра, юқори қаватларда офислар ва беш юлдузли меҳмонхона ташкил этилиши кўзда тутилган.
**Қурилишнинг қарийб 10 йилга тўхтаб қолиши сабаблари**
2015-йилда Хитой фонд бозоридаги кескин пасайиш Голдин Финансе 117 қурилишининг тўхтатилишига сабаб бўлди. Молиявий инқироз лойиҳани амалга ошираётган Гонконгнинг Голдин Пропертиес Ҳолдингс компанияси келажагини ҳам хавф остига қўйди. Компания асосчиси Пан Сутун бир вақтлар Гонконгнинг энг бой тадбиркорларидан бири бўлган, аммо кейинчалик Голдин Пропертиес Ҳолдингс ликвидация жараёнига қадар етиб борган. Натижада, деярли тайёр ҳолатга келган улкан осмонўпар бино йиллар давомида тугалланмай қолди.
Манбаларга кўра, Голдин Финансе 117 қурилиши ўтган йил баҳорида қайта тикланган ва объектни жорий йил охирига қадар тўлиқ битказиш режалаштирилмоқда.
**Хитойдаги 500 метрлик чеклов таъсири**
Голдин Финансе 117 яна бир жиҳати билан аҳамиятлидир. Хитойда кейинчалик баландлиги 500 метрдан ошадиган янги бинолар қурилишига чекловлар жорий қилинган. Бироқ, Голдин Финансе 117 ушбу талаблар кучга киришидан олдин 500 метрлик чегарадан ошиб бўлгани сабабли, унинг қурилишини давом эттиришга рухсат берилган. Шу тариқа, у Хитойда 500 метрлик чегарадан юқори бўлган сўнгги осмонўпар бинолардан бири бўлиб қолиши мумкин.
**Рейтингдаги ўзгаришлар**
Қурилишнинг узоқ вақт тўхтаб қолиши Голдин Финансе 117'нинг осмонўпар бинолар рейтингидаги ўрнига ҳам таъсир қилди. Лойиҳа бошланган вақтда у Хитойнинг энг баланд биноси бўлиши кутилган эди. Аммо қурилиш тўхтаб турган йилларда Шанхай минораси ва Шенчжен шаҳридаги Пинг Ан Финансе Сентер ундан ўзиб кетди. Шу сабабли, Голдин Финансе 117 қуриб битказилганидан кейин баландлиги бўйича Хитойда учинчи, дунёда эса олтинчи ўринга даъвогар бўлади.
Бироқ, ўн йиллик охирига қадар Саудия Арабистонидаги бир километр баландликдаги Жеддаҳ Товер ва Дубайдаги Бурж Азизи каби яна икки улкан лойиҳа якунланса, Голдин Финансе 117 жаҳон рейтингида саккизинчи ўринга тушиши мумкин.
Шундай қилиб, қарийб ўн йил давомида қурилиши тўхтаб турган Голдин Финансе 117 Хитой кўчмас мулк бозоридаги муаммолар рамзидан тўлақонли бизнес марказига айланиш арафасида турибди.

