Дунё

Хитойда оилалар энди болалардан кўра кексаларни кўпроқ таъминламоқда

Сўнгги рақамлар Пекин аҳолининг қариши муаммосига қарши курашаётган бир пайтда муҳим босқични англатади.

Хитой оилалари эндиликда болалардан кўра кўпроқ кексаларни боқмоқда

Ҳукуматнинг маълум қилишича, Хитой оилалари тарихда биринчи марта болаларга қараганда кўпроқ кекса ёшдаги одамларни таъминламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Хитойда меҳнатга лаёқатли аҳолига нисбатан қарамоғидаги кексалар улуши 23 фоизга кўтарилиб, болалар кўрсаткичидан (22 фоиз) ўтиб кетди.

Бу рақамлар Хитойнинг қисқариб бораётган ишчи кучи ҳам дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиётига, ҳам умумий глобал ўсишга қандай таъсир қилишини тушуниш учун диққат билан кузатиб борилмоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, сўнгги рақамлар муҳим бир босқични англатади, чунки Хитой оилаларга, пенсияларга ва соғлиқни сақлаш харажатларига таъсир қилиши мумкин бўлган аҳолининг қариши муаммосига дуч келмоқда.

Сўнгги йилларда Хитой кексалар улушининг ортишига тайёргарлик кўриш билан бирга, ёш авлодни оила қуришга ва эр-хотинларни кўпроқ фарзанд кўришга ундамоқда.

Хитой Миллий статистика бюросининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда Хитойда 65 ва ундан катта ёшдаги аҳоли сони 223 миллиондан ошган бўлиб, бу мамлакат умумий аҳолисининг деярли 16 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, 14 ва ундан кичик ёшдаги болалар сони 213 миллион атрофида.

Статистика билан бирга ҳеч қандай расмий шарҳ берилмади. Аммо Хитойнинг «Global Times» давлат нашри мамлакатнинг «ўртача қариган жамиятга кириши» бир қанча омиллар, жумладан, «ўтмишдаги туғилиш тўлқинлари ҳажми» ва умр кўриш давомийлигининг узайиши натижаси эканини айтди.

Газетанинг ёзишича, бу ўзгариш пенсия, соғлиқни сақлаш ва узоқ муддатли парвариш тизимларига босимни ошириши, шу билан бирга кекса истеъмолчиларга хизмат кўрсатадиган «кумуш иқтисодиёт» деб аталмиш соҳада имкониятлар очиши мумкин.

«Global Times» бир тадқиқотчининг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда: «Бу қисқа муддатли ҳодиса эмас, балки демографик ривожланишдаги тарихий тенденцияни акс эттиради», деб ёзди.

Ҳонгконг фан ва технология университети профессори Стюарт Гител-Бастеннинг айтишича, демографик ўзгариш «рамзий» характерга эга ва кўпроқ давлат харажатлари оилалар ва мактаблардан пенсия ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига ўтишини кўрсатиши мумкин.

Сингапур Миллий университети социология ўқитувчиси Му Чжэннинг таъкидлашича, бу иқтисодий ўсишни ва одамларнинг харид қобилиятини чеклаш орқали мамлакат амбицияларига хавф солиши мумкин.

Хитойда туғилиш кўрсаткичлари бир неча йилдан бери пасайиб бормоқда

Хитой аҳолисининг қаришига бир қатор омиллар, жумладан, жадал урбанизация ва 1980 йилдан 2015 йил охиригача амалда бўлган баҳсли «бир оила — бир фарзанд» сиёсатининг таъсири сабаб бўлди.

Хитойнинг аҳоли сони тез ўсишини назорат қилишга қаратилган ушбу сиёсат, ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, жорий этилганидан бери қарийб 400 миллион туғилишнинг олдини олган, гарчи бу рақам баҳсли бўлса-да.

Мунинг айтишича, ушбу сиёсат аҳоли сонини камайтиришда асосий омил бўлган ва бу кўпайиб бораётган кекса қариндошларни таъминлайдиган ёшлар сони камроқ эканини англатади.

Аммо оила ҳажмига қўйилган чекловлар юмшатилганидан кейин ҳам, Пекин эр-хотинларни кўпроқ фарзанд кўришга кўндиришда қийналмоқда, туғилиш даражаси эса тарихий энг паст даражага тушиб кетди.

Мунинг қўшимча қилишича, бошқа омилларга гендер ролларининг ўзгариши, яшаш харажатларининг ортиши ва таълим даражасининг юқоририши киради, буларнинг барчаси туғилиш кўрсаткичларига босим ўтказди.

Шу йил бошида Пекин ўзининг беш йиллик иқтисодий режасида белгиланган чора-тадбирларга кексаларни қўшимча қўллаб-қувватлашни киритди.

Пенсионерларни молиявий қўллаб-қувватлаш Хитой ҳукумати харажатларининг тобора муҳим қисмига айланиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил охирига келиб 53 миллиондан ортиқ кекса ёшдаги кишилар кексалик нафақалари ва субсидияларини олишган.

«Global Times» нашрининг ёзишича, 1950 ва 1970 йиллар оралиғида туғилган ва ҳозирда кексалик ёшига қадам қўяётган кўплаб одамлар, одатда, олдинги авлодларга қараганда юқорироқ даромадга, кучлироқ харид қобилиятига ва яхшироқ соғлиққа эга.

Карамлик коэффициенти аҳолининг қаришини ўлчаш учун кенг қўлланилади, аммо баъзи мутахассислар бу кўрсаткичнинг қамрови жуда тор эканини айтиб, уни сўроқ остига олишмоқда.

Гител-Бастеннинг айтишича, бу статистикадан фойдаланиш кекса одамларни «ҳаракат эркинлигидан маҳрум қилиш» хавфини туғдиради, чунки уларнинг кўпчилиги нотўғри равишда қарамоғдагилар сифатида тавсифланган.

Унинг қўшимча қилишича, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасидаги яхшиланишларни ҳам ҳисобга олмайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.