Иқтисодиёт

Хитой саноатидаги роботлар сони 2 миллиондан ошди

2025-йилда дунё бўйлаб рекорд даражада - 603 мингта саноат роботи ўрнатилган. Шундан 354,2 мингтаси ёки қарийб 59 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Мамлакат фойдаланишдаги саноат роботлари сони бўйича ҳам етакчиликни сақлаб қолмоқда.

Хитой саноатидаги роботлар сони 2 миллиондан ошди

Статиста тақдим этган материалда Халқаро робототехника федерацияси — ИФРнинг Ворлд Роботисс 2026 ҳисоботига таянган ҳолда, Хитойда фаолият юритаётган саноат роботлари сони икки миллиондан ошгани қайд этилган.

Дунёнинг энг йирик ишлаб чиқариш маркази саналадиган Хитой янги роботларни жорий этиш ҳажми бўйича АҚШ ва Японияни анча ортда қолдирган.

Мамлакатнинг жаҳонда янги саноат роботлари ўрнатилишидаги улуши йиллар давомида ошиб борган. Бу кўрсаткич 2016-йилда 32 фоиз, 2022-йилда 52 фоиз бўлган бўлса, 2025-йилда 59 фоизга етган.

Хитойнинг саноатни модернизация қилишдаги ютуқлари ўн йил аввал бошланган робототехникани ривожлантириш бўйича миллий стратегия билан боғланмоқда.

2026–2030-йилларга мўлжалланган 15-беш йиллик режа доирасидаги янгиланган стратегия сунъий интеллектни жисмоний дунёда қўллашга оид тадқиқотларга эътиборни кучайтиришни назарда тутади. Роботлар иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Бироқ ўрнатилган роботларнинг умумий сони ва «роботлаштириш зичлиги» бир-биридан фарқ қиладиган кўрсаткичлардир. ИФР роботлаштириш зичлигини қайта ишлаш саноатидаги ҳар 10 минг нафар ходимга тўғри келадиган саноат роботлари сони орқали ҳисоблайди.

Материалдаги маълумотларга кўра, Хитой бу кўрсаткич бўйича 22-ўринда туради. Мамлакат саноатида бандлар сони 120 миллиондан ошгани сабабли, 2024-йилда ҳар 10 минг нафар ходимга 166 та саноат роботи тўғри келган.

Автомобилсозлик ва электроника саноати ривожланган Жанубий Корея, Германия ва Японияда эса саноат ходимлари сони нисбатан камроқ бўлгани учун роботлаштириш зичлиги юқорироқ қайд этилган.

Бу йўналишда Жанубий Корея катта фарқ билан дунё етакчисига айланган: 2024-йилда мамлакатда ҳар 10 минг нафар саноат ходимига 1220 та робот тўғри келган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.