Хитой мобил иқтисодиёти ривожланишнинг янги босқичига қандай ўтмоқда
Мақолада Хитой мобил иқтисодиётининг ривожланиши, 5Г ва 6Г технологияларининг иқтисодий самараси ҳамда Ўзбекистонда мобил алоқа ва 5Г қамровининг бугунги ҳолати таҳлил қилинган.

**Хитой мобил иқтисодиёти ривожланишнинг янги босқичига қандай ўтмоқда**
Унда мобил алоқа алоҳида телекоммуникация тармоғи сифатида эмас, балки саноат, сунъий интеллект, давлат хизматлари ва энергетикани ривожлантириш учун инфратузилмавий асос сифатида кўриб чиқилган.
2025 йилда мобил технологиялар Хитой иқтисодиётига **$1,5 трлн** ёки ЯИМнинг **7,2%и** миқдорида ҳисса қўшди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич **$2,11 трлн** ёки ЯИМнинг **8,4%и** га етиши кутилмоқда.
Хитой жаҳондаги 5Г уланишларининг **40%дан ортиғини** таъминламоқда, 2030 йилга бориб мамлакатда уларнинг сони **1,7 млрддан** ошади. Кейинги ўсиш, аввало, **5Г-Адвансед**, мобил сунъий интеллект, периферик ҳисоблаш, сунъий йўлдош тармоқлари ва **6Г** технологияларини жорий этиш билан боғлиқ бўлади. Иқтисодий самаранинг **94%и** телекоммуникация соҳасидан ташқарида, жумладан саноат, хизматлар, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, молия ва давлат бошқарувида юзага келади.
### Макроиқтисодий шароит
2025 йилда Хитой иқтисодиёти **4,7%**га ўсди, жаҳон иқтисодиётида эса ўсиш **3,1%**ни ташкил этди. Шу билан бирга, ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан сезиларли даражада секинлашди.
Асосий сабаблар ички талабнинг заифлиги, кўчмас мулк бозоридаги инқироз, ҳудудларнинг қарз юки ва инвестиция фаоллигининг пастлиги билан боғлиқ.
2026–2030 йилларда Хитой ички талаб, технологик мустақиллик, илғор ишлаб чиқариш, яримўтказгичлар, сунъий интеллект ва ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда. Мобил технологияларнинг иқтисодиётга ҳиссаси **$1,5 трлндан $2,11 трлнга**, ЯИМдаги улуши эса **7,2%дан 8,4%га** ошиши кутилмоқда. Бу алоқа қамровини кенгайтиришдан иқтисодиёт унумдорлигини ошириш босқичига ўтилаётганини кўрсатади.
### Рақамли қамров ва 5Г бозори
2024 йилда Хитой аҳолисининг **91%и** интернет билан қамраб олинган. Тармоқ қамровидаги тафовут қарийб **1%**ни ташкил этган бир пайтда, интернетдан амалда фойдаланишдаги тафовут **8%** даражасида сақланиб қолган. Натижада устувор вазифалар тармоқ қурилишидан рақамли кўникмалар, талаб ва онлайн хизматлардан амалий фойдаланишни ривожлантириш томон ўзгармоқда.
5Г уланишларининг улуши 2025 йилдаги **65%дан** 2030 йилга бориб **88%га** етади. Материк Хитойда уларнинг сони қарийб **1,7 млрд**ни ташкил этиб, жаҳондаги 5Г уланишларининг деярли учдан бир қисмига тенг бўлади. Хитойнинг глобал улуши пасайиши мамлакат бозорининг заифлашиши билан эмас, бошқа ҳудудларда 5Г технологияларининг тезроқ жорий этилиши билан боғлиқ бўлади.
### Операторлар даромадлари, инвестициялар ва бандлик
Хитой мобил операторларининг даромадлари 2025 йилдаги **$191 млрддан** 2030 йилда **$222,8 млрдга**, яъни **16,6%га** ошади. Беш йил давомида капитал қўйилмалар **$194,1 млрд**ни ташкил этади.
Операторлар даромадлари йилига ўртача **3,1%га**, мобил технологияларнинг умумий иқтисодий самараси эса **7%га** ўсиши кутилмоқда. Бу қўшилган қийматнинг асосий қисми алоқа тармоғидан ташқарида яратилишини кўрсатади.
2025 йилда мобил экотизим қарийб **7,9 млн** иш ўрнини таъминлаган ва **$160 млрд** солиқ тушумлари, яъни бюджет даромадларининг **5,8%и**ни таъминлаган. Рақамлаштириш бандлик, электрон тўловлар ва иқтисодий айланмани ҳисобга олиш имкониятларини кенгайтириш орқали солиқ базасининг ўсишига хизмат қилмоқда. Бандлик бўйича **7,9 млн** кўрсаткичи ГСМА ҳисоботида тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўринларининг жами сифатида келтирилган.
### Тармоқлараро самара ва унумдорлик ўсиши
2025 йилда Хитой мобил экотизимининг тўғридан-тўғри ҳиссаси **$380 млрд**, билвосита ҳиссаси **$130 млрд**ни ташкил этди.
Унумдорлик ошиши ҳисобига юзага келган самара **$990 млрдга**, яъни умумий натижанинг **66%и**га тенг бўлди.
Инфратузилма ва ускуналар етказиб берувчиларининг ҳиссаси мобил операторлар ҳиссасидан **2,6 баробар** юқори бўлди.
2030 йилга бориб мобил технологиялар иқтисодий самарасининг **94%и** телекоммуникация соҳасидан ташқарида юзага келади. Саноат ва хизматлар ҳиссаси **59%**ни ташкил этади. 5Г технологиясининг асосий иқтисодий самараси уни робототехника, машинали кўриш, интеллектуал логистика ва ишлаб чиқаришни рақамли бошқариш тизимлари билан интеграция қилиш орқали таъминланади.
### Сунъий йўлдош алоқаси ва нон-террестриал тармоқлар
2025 йил охирига келиб Чина Телесом тўғридан-тўғри сунъий йўлдош алоқасининг **8,2 млн** фойдаланувчиси ва **26 млндан ортиқ** уланган қурилмага хизмат кўрсатган. Технология **40 дан ортиқ** смартфон моделида қўллаб-қувватланган. БеиДоу сунъий йўлдош хизматлари хабарлар, овоз ва тасвирларни узатиш имконини берувчи оммавий бозорга чиқди.
2026 йилда семантик кодлаш технологияси овоз ва тасвирларни атиги **2,8 Кбит/с** тезликда узатиш имконини берди. Сунъий йўлдош алоқаси **100 мингдан ортиқ автомобил**ни ҳам қамраб олди.
**200 мингдан ортиқ** сунъий йўлдошдан иборат гуруҳларни ташкил этиш бўйича аризалар Хитойнинг транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва фавқулодда вазиятларда сунъий йўлдош технологияларидан кенг фойдаланиш босқичига ўтаётганини кўрсатади.
### «Яшил» мобил инфратузилма
2025 йилда Хитойнинг йирик операторлари рақамли инфратузилманинг энергия самарадорлигини сезиларли даражада оширди.
Чина Мобиле **5,5 ТВт·соат** «яшил» энергия харид қилди ва **15 ТВт·соат** энергияни тежади, маълумотлар марказларида ПУЕ кўрсаткичини **1,285** гача пасайтирди.
Чина Телесом тоза энергиядан фойдаланишни **56%га** ошириб, чиқиндиларни **16 млн тоннадан зиёдга** қисқартирди. Чина Телесом ва Чина Унисом тармоқларидан биргаликда фойдаланиш ҳар йили қарийб **24 ТВт·соат** электр энергиясини тежаш имконини бермоқда.
Айрим дата-марказлар асосан ёки тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига ишламоқда. Чжесзяндаги виртуал электр стансияси қарийб **8 мингта** база стансиясини бирлаштириб, **28,3 млн юан** маблағни тежаш ва чиқиндиларни **30 минг тоннага** қисқартириш имконини берди.
Телекоммуникация инфратузилмаси шу тариқа энергия истеъмолчисидан энергетика тизимини бошқариш воситаларидан бирига айланиб бормоқда.
### Частота сиёсати ва 6Г истиқболлари
2026 йил май ойида Хитой **6 425–7 125 МГс** диапазонини **6Г** синовлари учун ажратди. Радиочастота спектри технологик ривожланишнинг стратегик ресурси сифатида қаралмоқда.
**4,5 ГГс** ва **7–8 ГГс** қўшимча диапазонларини 2027 йилда кўриб чиқиш режалаштирилган.
6Г технологиясини оммавий жорий этиш **2030 йилдан** бошланиши кутилмоқда. 2040 йилга бориб уланишлар сони **5 млрддан** ошиши, шундан қарийб **1,6 млрд** уланиш Хитой ҳиссасига тўғри келиши мумкин. Ўсиб бораётган талабни таъминлаш учун мамлакатга қўшимча **3,7 ГГсгача** ўрта частотали спектр талаб қилиниши мумкин.
### Ўзбекистон мобил иқтисодиёти
Ўзбекистонда базавий алоқа қамровини таъминлаш жараёни деярли якунланган.
Мобил алоқа билан аҳолининг қарийб **99%и**, мобил кенг полосали интернет билан **98%и**, ЛТЕ тармоқлари билан эса қарийб **97%и** қамраб олинган.
2024 йилда 5Г қамрови атиги **18%**, 5Г уланишларининг улуши **4–5%**ни ташкил этган, тармоқда қарийб **54,2 мингта** база стансияси мавжуд бўлган.
2025 йил бошида **30,1 млн** киши мобил алоқа хизматларидан фойдаланган, бу ҳар 100 нафар аҳолига 81 нафар абонент дегани. Фаол интернет обуналари эса ҳар 100 нафар аҳолига **109 тани** ташкил этган.
2025 йилда ЯИМ **7,7%га** ўсиб, **1 849,7 трлн сўмга**, телекоммуникация хизматлари **8,6%га** ўсиб, **22,6 трлн сўмга**, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари эса **22,7%га** ўсиб, **79,5 трлн сўмга** етган.
### 3Г/4Г/5Г қамров харитаси
Йирик операторлар трафигининг **93–94%и** 4Г ҳиссасига тўғри келади. 5Г барча ҳудудий марказларда ишга туширилган бўлса-да, қамров даражаси бир хил эмас.
Уселл **11 млндан ортиқ**, Узмобиле қарийб **9,2 млн**, Мобиуз **8 млндан ортиқ**, Беелине эса **7,7 млн** абонентга хизмат кўрсатмоқда. Беелинеънинг ЭБИТДА маржаси **37,5%**ни ташкил этади.
2030 йилгача сунъий интеллект стратегияси доирасида маҳсулот ва хизматлар ҳажмини **$1,5 млрдга** етказиш кўзда тутилган.
Асосий бўшлиқ мобил технологияларнинг ЯИМ, бандлик, солиқ тушумлари ва меҳнат унумдорлигига қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи ягона ҳисоб-китоб тизимининг мавжуд эмаслигидир.

