Хитой мамлакатга кириш ва чиқиш қоидаларини кучайтирди

Хитой мамлакатга кириш ва чиқиш тартибларини қатъийлаштирди
Хитой 15-сентябрдан бошлаб фуқаролар учун мамлакатдан чиқиш, хорижликлар учун эса кириш қоидаларини кучайтирди. Бу мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор чекловларни ўз ичига олади.
Эндиликда Хитой ҳукумати айрим давлат ва ҳудудларга сафар қилиш билан боғлиқ хавф-хатарлар юзасидан огоҳлантиришлар бериб боради. Хитой фуқаролари ҳам, уларнинг хорижга чиқиш ҳужжатларини кўриб чиқувчи давлат идоралари ҳам ушбу огоҳлантиришларга риоя қилиши шарт. Чет элдаги вазият у ерда юз бераётган ҳодисалар, жумладан, эҳтимолий қуролли низолар, табиий ва техноген офатлар, юқумли касалликлар тарқалишидан келиб чиқиб баҳоланади.
Зарурат туғилганда миграция идоралари Хитой ва бошқа давлатлар фуқароларидан сафар мақсадлари ҳақида қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин. Сохта ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, шахснинг мамлакатдан чиқишига рухсат берилмайди.
Тегишли чора товарлар ва технологияларга нисбатан экспорт назорати қоидаларини бузган ёки “миллий технологик хавфсизликка” таҳдид солган фуқароларга ҳам татбиқ этилади. Хорижда ҳуқуқбузарлик содир этган Хитой фуқароларига эса олти ойдан уч йилгача мамлакатни тарк этиш тақиқланиши назарда тутилган.
Хорижликлар учун чекловлар ҳам белгиланган: виза расмийлаштиришда ёки Хитой чегарасини кесиб ўтишда нотўғри маълумотлар ёхуд сохта ҳужжатлар тақдим этилса, чет эл фуқароларига бир йилдан 5 йилгача мамлакатга кириш тақиқи қўйилади. Иммиграция, виза органлари ёки Хитой қонунчилигига мувофиқ чеклов қўлланган чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши ҳам чекланади.
Янги қоидалар кириш ва чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда ноқонуний воситачилик хизматларини кўрсатиш, сохта таклифномалар тайёрлаш ҳамда лицензиясиз бундай фаолиятни ташкил этганлик учун 5 мингдан 50 минг юангача (740–7500 доллар) жаримани назарда тутади. Шу билан бирга, хорижий компаниялар томонидан бундай хизматлар кўрсатилиши қатъиян тақиқланади.
Маълумот учун, 2025-йил 1-июндан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудига 30 кунгача визасиз кириши, ундан чиқиши ва транзит ўтиши йўлга қўйилган. Бироқ ушбу тартиб меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа соҳаси учун амал қилмайди. Қирғизистон ҳам хорижликларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини янгилаган. Янги қоидага кўра, Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай қўшимча ҳужжат расмийлаштирмасдан, визасиз тартибда ҳар 120 кунлик (4 ойлик) давр ичида жами 60 кунгача Қирғизистонда бўлиши мумкин. Аввал ҳам ўзбекистонликлар учун шундай муддат амал қилган, бироқ чегарадан чиқиб, қайта кириш орқали уни янгилаб туриш мумкин эди.

