Харкивга тунги ҳужумда камида 22 киши жабрланди
Россиянинг Харкивга тунги ҳужуми оқибатида кўп қаватли тураржой қисман вайрон бўлди, камида 22 киши, жумладан, саккиз нафар бола жабрланди. Саккиз ва 12 ёшли икки ўғил бола шифохонага ётқизилди.

Харкивга тунги ҳужум оқибатида камида 22 киши жароҳат олди
Бу ҳақда 28-сентабр, душанба куни эрталаб Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ҳамда шаҳар мери Игор Терехов ўз Телеграм каналларида хабар берди.
Тереховнинг айтишича, шаҳарнинг шимоли-шарқидаги Киев ва Салтов туманларига бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берилган. Натижада бир нечта кўп қаватли уй зарар кўрган.
Мер вазият маркази маълумотларига таянган ҳолда, Салтов туманида авиабомба тўғридан-тўғри кўп квартирали тураржой биносига тушганини маълум қилган.
«Зарба кўп квартирали уйнинг иккинчи қаватига тўғри келган. Тураржойнинг иккинчи ва учинчи қаватлари вайрон бўлгани қайд этилди», - дея аниқлик киритган Синегубов.
Россия армияси бундан аввалги тунда ҳам Украинага ҳужум қилган. Киевда Россия дронлари ҳужуми оқибатида бир эркак ҳалок бўлган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, қутқарувчилар унинг жасадини шаҳарнинг Соломенск туманидаги нотурар бинода чиққан ёнғинни ўчириш чоғида топган. Бинода дрон зарбасидан кейин ёнғин келиб чиққан.
Шунингдек, 27-сентабр оқшомида Киев яқинидаги Софиевская Борщаговка қишлоғида бозорга дрон келиб тушиши натижасида икки киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши яраланган. Бу дастлабки маълумотларни Украина пойтахти мери Виталий Кличко эълон қилган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, ўша куни Киевнинг бир нечта туманида дрон зарбалари қайд этилган, ўнлаб одамлар жабрланган.
«Кечадан буён россияликлар турли русумдаги жами 277 та зарба берувчи дронни қўллади. Уларнинг 155 таси реактив дронлар», - деган Зеленский.

