Лайфстайл

Халқ меҳри ва дуосига мушарраф бўлган санъаткорлар

Шошилинч жарроҳлик амалиёти сабаб консерти қолдирилган Озода Нурсаидова, қўшиғи тақдирига айланган Сурайё Қосимова ва сўнгги

**Халқ меҳри ва дуосига мушарраф бўлган санъаткорлар**

Энг катта бойлик — саломатлик. Инсон хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ юлдуз, агар тансиҳатлик бўлмаса, ҳеч қандай шон-шуҳрат унга ҳузур бермайди. Чунки инсоннинг чин бойлиги на мартаба, на мол-дунё, балки соғлом ҳаёт кечириш имкониятидир.

Аслида, санъаткорни элга танитиб, юлдуз даражасига олиб чиқадиган ҳам — мухлис. Аммо шундай мухлислар ҳам борки, улар севимли санъаткорини фақат саҳнада олқишлабгина қолмай, ҳаётнинг энг оғир синовларида ҳам ёлғиз ташлаб қўймайди. Балки бу ўзбек халқининг бағрикенглиги, саховатпешалиги ва меҳр-оқибатидан далолатдир.

Шошилинч жарроҳлик амалиёти сабаб консерт дастурини қолдиришга мажбур бўлган Озода Нурсаидова, қўшиғи тақдирига айланган, ноҳақ азоблардан жони қийналган Сурайё Қосимова ва сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган телебошловчи Аҳрор Қўшматов... Уларнинг ҳар бири бугун халқ меҳрини нафақат олқишлар, балки самимий дуолар ва моддий кўмак кўринишида ҳам ҳис қилмоқда.

Бир неча кун аввал Термиздаги консерт дастури қолдирилгани маълум қилинган Озода Нурсаидова куни кеча яна кўриниш берди. Бош мияда ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг у ўз саломатлиги учун дуо қилган, қўллаб-қувватлаган мухлисларига миннатдорчилик билдирди.

Санъаткорнинг бугунги ҳолати яна бир ҳақиқатни эслатади: саҳнада минглаб мухлислар қаршисида турган инсон ҳам ҳаёт синовларидан холи эмас. Баъзан унга қарсаклардан кўра самимий дуо, меҳр ва маънавий мадад кўпроқ куч беради.

9-сентябр куни саломатлигидаги жиддий ўзгаришлар туфайли тез ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган Сурайё Қосимова ҳам халқимизнинг дуолари ва моддий кўмаги билан шошилинч жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Саховатпеша инсонлар ёрдами билан хонанданинг қизи таълим олиши учун зарур бўлган контракт тўлови ҳам қопланди.

Жарроҳлик амалиёти ва шифохона харажатларидан ортган маблағлар хонандага етказилганда эса у пулни қабул қилишни истамади. Унинг сўзлари кўпчиликни ўйга толдирди:

— Ҳаммаларингизга катта раҳмат! Энг муҳими, соғлиқ экан. Аёл кишига энг кераги эътибор экан. Менга пул керак эмас. Пул менинг ҳаловатимни ўғирлаган, шунинг учун пулни жуда ёмон кўраман.

Бу сўзлар ортида ҳаётнинг аччиқ тажрибалари, кўнгил оғриқлари ва инсон учун моддий бойликдан ҳам устун турадиган қадриятлар мужассам.

Шундан сўнг ижарада яшаётган Сурайё Қосимовага уй олиб бериш мақсадида хайр-эҳсон маблағларини йиғиш давом этди. Бироқ бу вазифани Маданият вазирлиги ўз зиммасига олиши маълум бўлгач, хонандадан орзу-ниятлари сўралди. Унинг жавоби эса эътиборга молик:

— Менинг орзуим — халқимга хизмат қилиш, АҚШда консерт бериш, Парижга бориш. Мусофирда ҳам мухлисларим кўп.

Шифохонадан чиқиши билан ижодга қайтган Сурайё Қосимова наманганлик беш ёшли қизалоққа бағишлаб қўшиқ куйлади. Шунингдек, ўзи каби халқ ёрдамига муҳтож, айни пайтда жиддий касаллик билан курашаётган телебошловчи Аҳрор Қўшматовни йўқлаб бориб, унга далда берди.

Бу манзарада ҳам санъаткорликнинг яна бир қирраси намоён бўлади: инсон ўзи қийинчиликни бошидан кечираётган пайтда ҳам ўзгалар дардига бефарқ бўлмаслиги мумкин.

Сўнгги вақтларда Аҳрор Қўшматовнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Айрим эътирозларда унинг аҳволи «Хафа бўлиш йўқ» кўрсатуви билан боғланди. Бу муҳокамалар ортидан кўрсатувнинг айрим сирлари ҳам фош бўлди.

Бироқ телебошловчининг саломатлиги билан боғлиқ вазиятни фақат кўрсатувдаги ҳазиллар билан изоҳлаш тўғри эмас. На қандли диабет ва на ошқозон кичрайтириш операцияси бунга сабаб бўлган. Маълум қилинишича, унинг асосий муаммоси суяк тўқимасининг емирилиши билан боғлиқ бўлиб, оёқларининг бир неча қисмида ампутация амалиёти ўтказилган. Айни пайтда унинг аҳволи жиддий экани, инфексия бутун организмга тарқалишининг олдини олиш учун шошилинч жарроҳлик амалиёти зарурлиги айтилмоқда.

Аҳволи оғирлашган телебошловчига ёрдам бериш учун саховатпеша инсонлар ва кенг жамоатчилик бирлашди. Бир кун ичида қарийб бир ярим миллиард сўм маблағ йиғилгани ҳақидаги хабарлар кўпчиликни ҳайратга солди. Халқнинг бундай саховатига жавобан Аҳрор Қўшматов бу даражадаги меҳр ва қўллаб-қувватлашга лойиқ бўлиш учун ҳали халққа етарлича хизмат қилмаганини таъкидлаб, барчага миннатдорчилик билдирди.

Узоқ йиллар давомида ижарада яшаган телебошловчи яқинда харид қилган уйи билан боғлиқ қарздорлиги борлиги маълум бўлгач, унга кўмаклашиш учун яна бир миллиард сўм атрофида маблағ йиғилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Айни пайтда Аҳрор Қўшматовни жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Ҳиндистонга юборишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳамкасблари ва мухлислари унинг тезроқ соғайиб, яна оёққа туриши, севимли касбига қайтиб, халққа хизмат қилишини тиламоқда.

Озода Нурсаидова, Сурайё Қосимова ва Аҳрор Қўшматов ҳаётидаги синовлар бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштириб турган жиҳат бор: оғир дамларда улар халқнинг меҳри ва эътиборини ҳис қилмоқда.

Бу воқеалар ўзбек халқининг саховатпешалиги, ҳамдардлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор намоён этади. Бир инсоннинг дардига минглаб одамнинг шерик бўлиши, кимнингдир саломатлиги учун дуо қилиши, имкони борича моддий ёрдам кўрсатиши жамиятдаги инсонпарварликнинг муҳим кўринишидир.

Албатта, моддий ёрдам ҳамиша муҳим. Аммо самимий эътибор, яхши сўз ва дуонинг ўрни ҳам беқиёс. Зеро, инсон энг оғир дамларида ёлғиз эмаслигини ҳис қилса, шунинг ўзи унга катта куч бағишлайди.

Санъаткорни юлдузга айлантирган халқ унинг бошига кулфат тушганда ҳам ёнида турса, бу шунчаки мухлислик эмас. Бу меҳр, садоқат ва инсон қадрига бўлган ҳурмат ифодасидир. Чунки саҳнадаги шуҳрат бир кун сўниши мумкин, олқишлар ҳам тиниши мумкин. Аммо инсонга кўрсатилган меҳр ва яхшилик унинг қалбида мангу яшайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.