Вьетнам, Жанубий Корея, БАА ва Ҳиндистондан олиб ўтилган наркотиклар Тошкентга етиб келганида тўхтатилди

Вьетнам, Жанубий Корея, БАА ва Ҳиндистон орқали олиб келинган наркотик моддалар Тошкентда тўхтатилди.
Таиланддан транзит йўналишлар орқали Ўзбекистонга 34 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга бўлган уриниш фош этилди. Бу ҳақда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу трансмиллий жиноий гуруҳ фаолияти ижтимоий тармоқларда "Рамзан" номи остидаги шахс томонидан бошқарилган ва Таиланддан гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний етказиб беришни назорат қилган. Бунда трансмиллий жиноят гуруҳи божхона ходимларини чалғитиш учун пухта режа ўйлаб топган. Энг аввало, наркотик моддаларни олиб кириш учун Ўзбекистонга илк бор келаётган қўшни давлат фуқаролари танланган. Улар кўп ҳам шубҳа остига тушмаслиги мумкин, деган тахминга борилган.
Дастлаб Пҳукетдан учиб келган қўшни давлат фуқароси қуруқ суд ва турли зираворлар қадоқларига жойлаган ҳолда 7 килограмм 180 грамм оғирликдаги кукунсимон мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинган. Тўғридан-тўғри Таиланддан учиб келаётган йўловчилар билан гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга уриниш ўзини оқламаганини тушуниб етган жиноий гуруҳ янгича йўлга ўтган. Яъни, божхона ходимларини чалғитиш мақсадида учинчи давлатлар орқали ўтувчи мураккаб логистик маршрутлардан фойдалана бошлаган.
Кейинги ҳолатда қўшни давлат фуқароси дастлаб Бангкокдан Вьетнамга, у ердан эса Сеулга ва якунида Тошкентга учиб келган. Ушбу шахс ҳаракатланган учта давлатнинг биронтасида унинг юклари орасида 11 килограмм 100 грамм оғирликдаги гашиш мойи гиёҳвандлик воситалари борлигини пайқамаган.
Ушбу ҳолатда йўловчи гиёҳвандлик воситаларини кимга етказишини аниқлаш мақсадида Чилонзор туманидаги автовокзалгача пинҳона кузатиб борилган ва ўша ернинг ўзида сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Бунда ҳам наркотик моддалар шоколад пастаси, шампун, кетчуп ва турли зираворлар қадоғига жойланган ҳолда олиб келинган. Маълум бўлишича, мазкур наркотик модда транзит тарзида қўшни Қозоғистонга олиб чиқилиши режалаштирилган.
Навбатдаги ҳолат Таиланддан учган йўловчи дастлаб Шаржага ва у ердан Тошкентга йўл олганида фош этилган. Унинг юклари орасидаги егуликлар қадоқлари ичида салкам 4,5 килограмм оғирликдаги мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси хуфия тарзда яширилган бўлган.
Трансмиллий жиноий гуруҳнинг сўнгги уриниши танланган йўловчи Бангкок—Деҳли—Тошкент йўналиши бўйича учиб келганида фош этилган. Унинг багажидаги озиқ-овқат ва шампун идишлари ичига эса 11 килограмм 860 грамм гашиш мойи гиёҳвандлик моддаси яширилгани аниқланган.
Давлат хавфсизлик хизмати ахборотига кўра, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

