Вулқон кули остида ҳам озиқ: «егулик ўрмон» қадимги одамларга омон қолишда ёрдам берган бўлиши мумкин
Қадимги Коста-Рика аҳолиси Аренал вулқони отилишларидан кейин мева дарахтлари ва ерости туганаклари ҳисобига озиқ топган бўлиши мумкин. Археологлар икки қадимий манзилгоҳдаги ўсимлик қолдиқларини ўрганиб, хилма-хил озиқ манбалари одамларга табиий офатлар оқибатларини енгишда ёрдам берган, деган тахминни илгари сурди.

Вулқон кули остида ҳам озиқ топилган: «егулик ўрмон» қадимги инсонларнинг омон қолишига ёрдам берган бўлиши мумкин
Аренал вулқони минглаб йиллар давомида атрофдаги ҳудудларни вақти-вақти билан кул билан қоплаб келган. Отилишлардан кейин манзилгоҳлар вақтинча тарк этилган, бироқ одамлар кейинроқ қайтиб келиб, уйларини қайта тиклаган ва шу ҳудудда яшашни давом эттирган.
Олимлар бундай барқарорликни илгари ҳам турли озиқ манбалари, кичик аҳоли пунктлари ва жамоалар ўртасидаги алоқалар билан изоҳлаб келган. Агар бир жой яшаш учун яроқсиз бўлиб қолса, одамлар қўшни ўрмонлар ва эски мевазорлардан озиқ топа олган бўлиши мумкин. Қадимий сўқмоқлар тармоғи ва жамоалар орасидаги боғлиқлик бунга кўмаклашган, деб ҳисобланади.
Америкалик тадқиқотчилар бир-биридан қарийб икки минг йил фарқ қиладиган икки манзилгоҳ топилмаларини таққослаган. Биринчиси — милоддан аввалги тахминан 1600–1100-йилларга оид турар жой аниқланган Ла-Чирипа. Иккинчиси — милодий 430–540-йилларда аҳоли яшаган Ситио-Боливар қишлоғи.
Ла-Чирипа баланд ҳудудда, Ситио-Боливар эса кўл бўйида жойлашган. Шу сабабли таққослаш турли даврлар ва яшаш шароитларини қамраб олган. Тадқиқот натижалари Фронтиерс ин Энвиронментал Арчаеологй журналида чоп этилган.
Қазишмалар чоғида олимлар турар жой қатламлари, ўчоқлар ва бошқа обьектлардан тупроқ, ўсимлик қолдиқлари ҳамда ёғоч кўмири намуналарини йиғган. Майда топилмалар тупроқни ювиш орқали ажратиб олинган, сўнг микроскоп остида текширилган ва замонавий намуналар билан солиштирилган. Илдиз ва туганакларнинг белгиларини аниқлаш учун айрим намуналар тажриба тариқасида кўмирлантирилган.
Жами 194 та ўсимлик қолдиғи ажратиб олинган. Бироқ уларнинг барчасини аниқ турга мансуб деб белгилашнинг имкони бўлмаган. Қолдиқларнинг ҳаммаси ҳам озиқ-овқат сифатида ишлатилган ўсимликларга тегишли эмас.
Турар жойлардан топилган материалларда мева дарахтлари, палмалар ва ерости қисмлари истеъмол қилинадиган ўсимликлар муҳим ўрин тутган. Маккажўхори, ловия ва қовоқ қолдиқлари эса анча кам учраган.
Аниқланган ўсимликлар орасида маниок, авокадо, какао, мева берувчи палмалар ва бошқа тропик турлар бор. Уларнинг турли қатламларда учраши аҳоли ўрмон маҳсулотларидан мунтазам фойдаланганини кўрсатган.
Олимлар бундай муҳитни образли равишда «егулик ўрмон» деб атамоқда. Унда дарахтлар, буталар, чирмашувчи ўсимликлар, шунингдек, ер остидаги илдиз ва туганаклар озиқ манбаи бўлган.

