Воронежда дрон хавфи фонида Вилдберриес омборида ёнғин чиқди
Россиянинг Воронеж вилоятида жойлашган Вилдберриес компаниясининг йирик логистика марказида 11-августга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди. Майдони қарийб 153 минг квадрат метр бўлган мажмуада 90 миллиондан ортиқ товар сақланиши мумкин эди. Ҳодиса пайтида Воронежда дрон ҳужуми хавфи сабаб огоҳлантириш эълон қилинган.

Воронеж вилоятининг Новоусманский туманидаги Александровка қишлоғида жойлашган Вилдберриес логистика марказида 11-августга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди. Бу ҳодиса дрон ҳужуми хавфи фонида юз берди.
ОСИНТ-таҳлилчилар ва АСТРА Телеграм-канали маълумотларига кўра, объектга ҳужум қилинган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳоли ҳам ҳудудда портлаш овозлари эшитилганини билдирган. Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Ушбу логистика мажмуаси тўлиқ қувват билан 2025-йил ноябр ойида ишга туширилган эди. Воронеж вилояти Инвестицияларни жалб қилиш агентлиги маълумотларига кўра, марказнинг умумий майдони 152,9 минг квадрат метрни ташкил этади. Унинг омборларида 90 миллиондан ортиқ турдаги товарларни сақлаш имконияти мавжуд эди.
АСТРА маълумотларига кўра, Вилдберриес ва Русс бирлашган компанияси – РВБ ушбу объект қурилишига қарийб 11 миллиард рубл сармоя киритган.
Вилдберриес&Русс матбуот хизмати Воронеж вилоятидаги компания логистика объектлари хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Воронеж шаҳрида учувчисиз учиш аппаратлари зарбаси хавфи туфайли огоҳлантириш эълон қилинган. Бу ҳақда Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев хабар берган.
Манбада қайд этилишича, Вилдберриес логистика марказлари 18-июлдан буён бир неча бор Украина дронлари ҳужумларига учраган.
Реутерс агентлиги сунъий йўлдош тасвирлари асосида ўтказган таҳлилга кўра, компания омбор қувватларининг тахминан 20 фоизини йўқотган бўлиши мумкин. Ёнғинлар компания ва унинг ҳамкорларига тўғридан-тўғри зарар етказиш билан бирга, савдо ҳажмига ҳам салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, Санкт-Петербург, Тула, Электростал, Краснодар ва Невинномискдаги 20 дан ортиқ логистика маркази зарбаларга учраган. Уларнинг камида 14 таси ёнғиндан зарар кўрган.
Тҳе Белл манбалари баҳосига кўра, Вилдберриесънинг бевосита зарари 100–200 миллиард рублдан ошиши мумкин. Шунингдек, товарларидан айрилган сотувчиларнинг бир қисми платформани тарк этиши ортидан компания айланмаси қарийб чоракка қисқаргани айтилмоқда.

