Маҳаллий

Видео: “Халққа қайтариб беринг буни. Бу халқники-ку!” Саида Мирзиёева — турар жойлар ҳовлиларидаги қурилишлар ҳақида

Саида Мирзиёева Тошкентда ҳовлилардаги қурилишларни жиноят деб атади. ъХалққа қайтариб беринг буни. Бу халқники-ку! Ҳеч қанақа таниш-билиш бўлмасин… „Простой“ одамлар бу ишни қила олмайди. Ғўддайган, ўзидан кетган „блатнойлар“ бу ишни қиладиъ, — деди Президент администрацияси раҳбари. Видео.

Видео: “Буни халққа қайтариб беринг. Бу халқники-ку!” Саида Мирзиёева турар жойлар ҳовлиларидаги қурилишлар ҳақида гапирди.

Газета аввалроқ Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентдаги Лолазор маҳалласига ташриф буюриб, Бош прокуратурага шаҳар бўйлаб турар жойлар ҳовлиларида амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларининг қонунийлигини текширишни топширгани ҳақида ёзган эди. У ўзининг Телеграм-каналида эълон қилинган видеода содир бўлаётган ҳолатни жиноят деб атаган.

“Нима бало? Гап-сўз, бутун шаҳар, бутун ОАВ гапириб ётибди. Ким нима қурмоқчи бу ерда?” — деб сўради Саида Мирзиёева.

Президент администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Азимов аниқлик киритди: “Хусусий тадбиркор инвестиция киритаман деб мана бу ҳолатга олиб келган. 2023-йилда яна ўраяпти мана бу “забор” билан. Ўраб туриб маҳалла биносини бузяпти. Мана бу майдончани ҳам бузиб ташлаяпти. Ана у тарафида болалар майдончаси бўлган бизда. Ўртада фаввора бўлган”.

“Булар ўрганиб олибди-да, — деди Саида Мирзиёева. — Биринчи қарашади, кейин ташландиққа айлантиришади. Кейин ёпишади секин, дарахтларни кесиб йўқотишади, бетонлашади (атрофдагилар бош ирғийди). Шу билан мана қарабсанки, зўр участка. Атрофдагилар ҳам: “Ҳа, майли, бўпти, бир бало бўлсин, бунақа ётгандан кўра”, дейди”.

Анвар Ўрмоновга юзланиб, у шундай деди: “Сиз шаҳар прокурорисиз. Қаранг бу масалаларга. Ким қарайди, сизлар қарамасаларинг? Бу нима деган гап? Бу жиноят-ку бу. Халқ кимдан норози бўлади? Бу ҳаммаси, бу атрофдаги нечта одам бу ерда яшайди?”

Пойтахт прокурори жавоб берди: “Шуғулланамиз, Саида Шавкатовна, жиноят иши қўзғатилган. Биз хабар топганимиз заҳоти…”

“Следи за этим (шуни назорат қил — таҳр.)”, — деди Саида Мирзиёева Азиз Азимовга.

“Ана энди қаранг, мен сизга шу топшириқни бердим. Бутун шаҳарда хатлов қилинг. Халққа қайтариб беринг буни. Бу халқники-ку! Ҳеч ким, ҳеч қанақа таниш-билиш бўлмасин. Кузатинг. Буларнинг орқасидан барибир ҳам қанақадир кучлар бор-да, йигитлар. Понимаеш? “Простой” одамлар бу ишни қила олмайди. Ғўддайган, ўзидан кетган “блатнойлар” бу ишни қилади”, — деди ПА раҳбари.

“Показателно накажем (Бошқаларга ибрат бўлиши учун жазолаймиз — таҳр.)”, — деди прокурор.

“Ҳозир айтганингиздек, жавобгар қилиб, қонуний чора кўриб, ҳамма заборини олдириб ташлаймиз. Текислаб, бу ерга болалар майдончасини тиклаб, одамларга жойини қайтариб берамиз”, — деди Азиз Азимов.

“Арча байрам қилиб юборманглар. Шаҳарда дизайн кодини ўйлаш керак. Бу муҳим масала”, — дея давом этди Саида Мирзиёева.

“Тўппа-тўғри, у бор, дизайн коди”, — деб жавоб қилди пойтахт ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов.

“Мен кўриб турибман сизларнинг дизайн кодларингни, шарманда, ҳамма жой гул босиб кетган”, — дея эътироз билдирди ПА раҳбари.

“Мен айтгандек, на “блатной” қолади, на ўзидан кетган қолади. Жазо муқаррар. Раҳбаримиз гапирган гап. Ҳамма тенг, понятно? Сизлар қараб беринглар. Бўптими? Сизга ишоняпман”, — деди у прокуратура вакилларига, шу жумладан, бош прокурор биринчи ўринбосари Салом Самадовга.

“Сиз ҳам ўзингизни кўрсатинг”, — деди у шаҳар прокурорига.

Раҳмоновга мурожаат қилиб, қўшиб қўйди: “Сиз эҳтиёт бўлинг, дизайн код ва ҳоказолар. Ҳокимга етказинг, мана бунақа шарманда қилмасин”.

“Хўп бўлади. Хўп бўлади”, — деб жавоб берди у.