Лайфстайл

“Вейселга турмушга чиқишимга турк поччам сабабчи”. Шаҳло Салаева муҳаббат тарихини сўзлаб берди

“Вейселга турмушга чиқишимга турк поччам сабабчи”. Шаҳло Салаева муҳаббат тарихини сўзлаб берди

Хонанда Шаҳло Салаева “Даракчи”нинг ЁуТубе канали учун интервю берди. Суҳбат чоғида у турмуш ўртоғи, турк хонандаси Вейсел Дулгур билан қандай танишгани, ҳаётидаги синовлар ва оилавий бахти ҳақида сўзлаб берди.

“Турк поччам сабаб Вейсел билан танишганман”

— Турмуш ўртоғим аввал бошда ресторанда жонли куйлаб ишлаш учун келган эди. Ўша пайтда ўғлим Мурод уч ойлик чақалоқ бўлган. Мен эса эндигина ажрашган, эски муносабатларни якунлаб, ўзим ва ўғлим билан овора бўлиб юрган кунларим эди. Бир куни оиламдагилар “янги хонанда келибди, қўшиқларини эшитишга бориб кўрайлик, ҳамма қизиқиб боряпти экан. Жонли ижрода куйларкан, саҳнаси ҳам чиройли экан”, дейишди. Хоразмлик бўлганимиз учун туркча қўшиқларни яхши кўрамиз. Қолаверса, оиламиз ҳам санъаткорлар хонадони бўлгани учун жонли ижрони жуда қадрлаймиз.

Ўша куни ҳаммамиз ресторанга бордик. Бир опам бор, унинг турмуш ўртоғи, яъни поччам туркиялик. У ҳам биз билан келган. Аслида у ерга қўшиқ айтаман деб бормаганман. Вейсел мени саҳнага таклиф қилишини ҳам билмаганман. Поччам турк бўлгани учун Вейсел билан гаплашиб “мен ҳам туркияликман, оиламиз аъзоларидан бири ҳам ашула айтади, уни саҳнага чақиринг”, деган бўлса керак, Вейсел мени саҳнага чақирди. Кейин овозимни эшитиб, ҳайратда қолган.

Ўшанда у “Ўзбекистонга келганимдан буён сеникидек чиройли овозни эшитмагандим”, деб куйлашимни ёқтириб қолган экан. Сўнг у мени: “роса чиройли овози бор экан, яхши ашулалар айтаркан. Балки дует айтармиз”, деган маънода поччамдан сўраган. Поччам унга ҳазиллашиб: “Ёқдими сенга?” деган. У эса “ҳа, овози чиройли экан”, деган. Шунда поччам: “Уйлан унга”, деган.

Туркларда қанчалик гўзал бўлмасин, оиласи, фарзанди бор аёлга ҳаттоки қараш мумкин эмас. Шу сабаб Вейсел “нималар деяпсан, ахир унинг қўлида чақалоғи бор-ку”, деган. Поччам унга яқинда ажрашганимни айтган. Барибир турмуш ўртоғим ўшанда бу гапларни жиддий қабул қилмаган. Ўша куни менга ҳам ҳазиллашиб “унга турмушга чиқ. Иккингиз ҳам бир-бирингизга моссиз. Бирга чиройли саҳналарда ашулалар айтиб юрасизлар”, дейишган. Шундан кейин орадан саккиз ой ўтди. Вейсел билан дўстона муносабатда бўлдик. Дугоналарим билан ресторанга борганимда бирга ашулалар айтардик. Бора-бора бирга айтган дуетларимиз ижтимоий тармоқларда топъга чиқиб кетди. Битта ашуламизнинг ўзи 21 миллиондан ортиқ “просмотр”га етди. Шундан кейин у ерга ҳар борганимда мени саҳнага чақириб, бирга қўшиқ куйлайдиган бўлдик.

“Ишончимни оқлаши учун бир имкон беришимни сўраган”

— Турмушга чиқишга рози бўлишимдан олдин Вейсел билан бир неча ой гаплашиб юрдик. Гаплашиш жараёнида жуда яқин дўст бўлиб қолдик. У ҳеч нарсани яширмай, ҳаётида бўлган воқеаларни, оиласи қандайлиги ҳақида ҳаммасини очиқчасига айтиб берди. Мулоқот давомида унинг яхши, рост гапирадиган инсон эканини билдим.

Бир қанча вақт давомида Вейселнинг ўғлимга, менга нисбатан ҳам меҳрибонлигини кўрдим. Муроднинг тиши чиқаётган, қийин пайтларда кечалари шифохонага кетиладиган вазиятларда биз билан бирга бўлгани учун ўзимни ёнимда ҳимоячим бордай ҳис қилганман. Ўша пайтда иккимиз ҳам умуман севги ҳақида гаплашмасдик. Муносабатларимиз фақат дўстона эди.

Кейинчалик у мени ёқтиришини айтиб, қўлимни сўраганида, унга ишонмаслигимни, менда бу туйғу йўқолиб кетганини айтиб, таклифини рад қилганман. Шунда у бир марта имкон берсам, ишончимни оқлашини, бунинг уддасидан чиқа олишини айтди. Кейин онам билан гаплашган. Биринчи суҳбатданоқ онам уни яхши кўриб қолган. Чунки алдамаган, ҳаёти ҳақидаги ҳамма нарсани айтиб берган.

“Бошидан нияти жиддий бўлган”

— У кўнглини очганда бошиданоқ менга уйланмоқчи эканини айтган. У “менга бир марта имкон бериб кўр. Бир-биримизни яқиндан танийлик. Балки, сен истагандай инсон бўла оларман, балки ўша мендирман”, дегандан кейин унинг таклифини қабул қилганман. Вейсел бошидан ниятини айтган, “севишиб юрамиз”, деб кичкина боланинг гапларини қилмаган. Жиддий ва тўғрисўз бўлгани, ҳар сафар мени ҳимоя ва ҳурмат қилгани учун унга розилик бердим.

Фото: Инстаграм

“Муносабатларимиз бошланганида катта травмаларим бор эди”

— Бир-биримизни яқиндан таниш учун муносабатларимиз бошланганда жуда катта травмаларим бор эди. Унга ҳеч ишонолмасдим. Қўлида телефон бўлса, худди ким биландир ёзишаётгандек туйилаверарди. Қўлидаги телефонини ундан тортиб олиб қўйишимни кўриб ҳайрон қоларди. У худди шифокордай ҳамма нарсани ўтириб тушунтириб берарди. Мени руҳан даволаган инсон бўлди. Ҳар сафар травмаларимни унга кўрсатганимда, ҳеч ҳам мени уришмаган, аксинча, “кел, гаплашиб оламиз”, деб мени гаплашишга ўргатган. Ундан аввал ички кечинмаларимни ҳеч кимга айтмай, ичга ютиб, охирида “портлайдиган” инсон эдим. Вейсел мени гапиртира олди. Ҳар сафар унга ишонмаганимда хато ўйлаётганимни исботлаб берди. Ҳозир эса ҳатто бир кунлаб телефон билан ўтирса ҳам унга ишонаман, дейди хонанда.

“Аллоҳ ҳаммага кучи етадиган даражадаги синовни берар экан”

— Аллоҳ ҳаммага кучи етадиган даражадаги синовни берар экан. Агар ҳаётимга эрим кириб келмаганида, мен у нарсаларга чидолмаган бўлардим. Вейсел ҳаётимга кириб келди ва шундан кейин гап-сўзлар бошланди. Қайсидир маънода Вейселни танлашим учун ҳам шу синовлар керак бўлгандир. Ҳар бир синовда у ёнимда бўлди. Заҳримни ҳам, стрессга тушганимни, йиғлаганимни, уч-тўрт кунлаб касал бўлиб ётиб қолган кунларимни мен билан бирга яшаб ўтди. Ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб турди.

Ҳар хил гап-сўзларга жим бўлишимда менга таянч бўлди. Ҳамма ҳам гапира олади, лекин жим тура олиш жуда катта куч талаб қилади. Аммо бунинг мукофоти ҳам бор экан. Масалан, унинг ўрнида бошқа одам бўлганида шунча муаммоларни кўриб, “бор-э” деб кетиши ҳам мумкин эди. Ҳамма ҳам “мен борман, ёнингда бўламан”, деб туриб беролмайди. Вейсел менга “улар гапираверишсин, ҳамма ўзининг тарбиясини кўрсатяпти. Сен жим туравер, Худо жим турганинг қадар сени юксалтиради. Улар аслида сенинг хизматкорларинг, сен учун хизмат қилишяпти. Ундан кўра, сени яхши кўрадиганларга қара”, деган.

“Вейсал аввал ўғлимни қабул қилиб, сўнг қўлимни сўраган экан”

— Турмуш ўртоғим Вейсел ва ўғлим Муроднинг ўртасида ўзгача “боғ” бор. У муносабатнинг ичига гоҳида мен ҳам киролмайман. Энг бошида мени ишонтирган нарса ҳам шу бўлса керак. Чунки она бўлганлар билишади, фарзандининг меҳр кўраётганини ҳис қилиши биз учун энг катта бахт. Ҳар бир она фарзандининг бекаму кўст тарбия топишини, меҳрга зор бўлмаслигини истайди. Ўзим ҳам отасиз катта бўлганим учун буларни яхши биламан. Отам неча йил биз билан яшамаганлар. Шунинг учун ҳам қисман бўлса ҳам отасизлик қандай бўлишини биламан.

Вейсел менга уйланишини айтишидан аввал Муродни қабул қилганини айтиб берган. Доим ресторанга борганимизда Муродни кўтариб, ўйнатиб юрарди. Ўғлим ҳам уни жуда яхши кўради. Фарзандим мусиқа чолғу асбобларини яхши кўради, шу сабаб икковлари бир-бири билан яхши чиқишади. Ўзи Вейсел жуда болажон инсон. Шу нарса уни қабул қилишимга катта сабаб бўлган. Муносабатларимиз севги билан бошланмаган — унда ҳам, менда ҳам.

У аввал уйланмаган бўлса ҳам икки марта жиддий муносабатда бўлган, яъни фотиҳа қилинган эди. Ўзи истаган ҳурмат-иззат, тушунилишни ололмагани ва унга ҳам хиёнат қилингани сабабли муносабатлари бузилиб кетган. Ўша пайтларда иккимизнинг оғриқларимиз деярли ўхшаш эди. Шунинг учун у бошида менга “сени эмас, оналигингни, оилага, фарзандингга бўлган муҳаббатингни, қаерга борсанг ҳам фарзандингни ўзинг билан олиб юришингни кўриб, ҳурмат қилганман”, деган. Муносабатларимиз мана шундай ўзаро ҳурмат ва ишончдан бошланган, дейди хонанда.

“Эрим Туркияда 16 йилда топмаган машҳурликни Ўзбекистондан топди”

— Турмуш ўртоғим Туркияда 16 йил давомида санъат билан шуғулланган. Аммо шунча вақт у ерда топмаган машҳурлик ва мухлислар меҳрини Ўзбекистонда топди. Шу сабаб унинг халқимизга бўлган меҳр-муҳаббати жуда баланд ва ҳозирги кунда Ўзбекистондан кетмоқчи эмасмиз. Балки насиб бўлса, бир неча йилдан кейин Истанбулга кетишимиз мумкин, дейди у.

“Турмуш ўртоғим менинг ортимдан танилмади”

— Вейсел мен орқали танилмади. Иккимиз биргаликда бу йўлни босиб ўтдик, деб ўйлайман. Шу ергача етиб келгунча доим ёнимда бўлди. Иккимиз ҳам ёлғиз қўшиқ айтганда эмас, биргаликда дует куйлаганимизда мухлислар меҳрини қозондик. Уни “мен сабабли танилди” деб айтолмайман. Аллоҳ сабабчи қилди ва биз биргаликда юксалдик, — дейди хонанда Шаҳло Салаева.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.