Венесуэла собиқ президенти Николас Мадурога шу ҳафтада янги айбловлар қўйилиши кутилмоқда
АҚШ ОАВларининг хабар беришича, янги айбловларда Мадуро ва унинг рафиқаси Венесуэла қамоқхоналарида америкаликларни қийноққа солишда иштирок этганликда айбланиши кутилмоқда.

Венесуэла собиқ президенти Николас Мадурога шу ҳафтада янги айбловлар қўйилиши кутилмоқда
Федерал прокурорлар Венесуэла собиқ президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресга нисбатан қўшимча айбловлар эълон қилиши кутилмоқда, деб хабар берди BBC’нинг АҚШдаги медиа ҳамкори CBS.
CBS хабарига кўра, янги айбловларда улар Венесуэла қамоқхоналарида сақланган америкаликларни қийноққа солишда иштирок этганликда айбланмоқда.
АҚШ кучлари 3 январь куни тунда амалга оширилган драматик рейд давомида Мадуро ва Флоресни Венесуэла пойтахти Каракасдаги қароргоҳидан қўлга олиб, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айблаш учун Нью-Йоркка олиб келган эди. Улар бу айбловларни инкор этмоқда.
BBC изоҳ олиш учун Мадуронинг адвокати, шунингдек, айбловларни илгари сурган Манхэттендаги АҚШ прокуратураси билан боғланди.
CBS хабарига кўра, Мадуро даврида Венесуэла ҳукумати томонидан ноқонуний равишда ҳибсга олинган ўндан ортиқ америкаликларни қийноққа солишдаги роли учун бошқа шахсларга ҳам айблов қўйилиши мумкин.

