Венесуела ҳукумати 131 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди
Венесуела ҳукумати ва мухолифат ўртасида миллий ярашув бўйича музокараларнинг биринчи босқичи ўтказилганидан сўнг мамлакатда 131 нафар сиёсий маҳбус озод қилинди. Томонлар, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масаласида ҳам келишувга эришган.

Венесуела ҳукумати 131 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди.
Венесуелада муваққат ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг, 14-август, жума куни 131 нафар сиёсий маҳбус озодликка чиқарилди.
Мамлакат ҳукумати баёнотига кўра, озод этилган шахслар аввалроқ "жиноятларда эҳтимолий ёки тасдиқланган иштирок" билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳибсга олинган. Уларга нисбатан қамоқ ўрнига "озодликни чеклашнинг муқобил чоралари" қўлланилган.
Реутерс агентлигининг хабар беришича, Венесуела расмийлари ушбу муқобил чоралар айнан нималардан иборат эканига ҳозирча аниқлик киритмаган.
Ҳукумат билан музокараларда мухолифат делегациясига раҳбарлик қилаётган сиёсатчи Динора Фигера маҳбусларнинг озод этилишини олқишлаган, бироқ қамоқда ҳали бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам қолаётганини таъкидлаган.
"Ҳали ҳаммаси озод қилингани йўқ, аммо барча сиёсий маҳбуслар тўлиқ эркинликка лойиқ. Ҳар бир фуқаро ўз оиласи билан қайта бирлашмагунича буни қатъий талаб қилишда давом этишимиз керак", - деган у.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам 131 нафар маҳбуснинг озод қилинишига муносабат билдириб, бу қарорни "миллий ярашув сари муҳим қадам" деб атаган. Унинг сўзларига кўра, йил бошидан буён Венесуелада жами 1046 нафар сиёсий маҳбус озодликка чиқарилган.
Венесуела ҳукумати ва мухолифат ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 12-август куни якунланган. Музокаралар давомида томонлар бир қатор масалалар, жумладан, мамлакат суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича келишувга эришган.
АҚШ Венесуела мухолифати ва муваққат ҳукумати ўртасидаги музокараларни қўллаб-қувватламоқда. Миллий мулоқот бошланишидан олдин, Вашингтон босими фонида Венесуела президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес амнистия тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.
Ушбу қонун асосида мамлакатда аввалроқ ҳам бир неча юз нафар сиёсий маҳбус озодликка чиқарилган. Энди эса ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар сиёсий маҳбусларни озод қилиш, суд тизимини ислоҳ этиш ва мамлакатда миллий ярашув жараёнини давом эттириш учун асосий сиёсий майдонлардан бирига айланмоқда.

