“Вазмин оптимизм” ўзини оқламоқда. Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон қандай иштирок этмоқда?
Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси шахмат Олимпиадасида барча 6 та баҳсда ғалаба қозониб, якка пешқадам бўлиб олди. 6-турда мезбонлар Ҳиндистонни мағлубиятга учратди. Олдинда Хитойга қарши учрашув кутмоқда. Мамлакатнинг учта эркаклар ва учта аёллар миллий жамоаси қандай одимлаётгани — Газета обзорида.

“Вазмин оптимизм” ўзини оқламоқда. Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон қандай иштирок этмоқда?
Самарқандда халқаро шахмат Олимпиадасининг ярми ортда қолди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам мухлислар ишончини тўлиқ оқлаб, энг юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
Олтинчи турдан кейин Ўзбекистон эркаклар миллий жамоаси турнирнинг яққол пешқадами бўлиб турибди. Жамоа шарафини Нодирбек Абдусатторов (2762), Жавоҳир Синдаров (2778), Нодирбек Ёқуббоев (2685), Шамсиддин Воҳидов (2654) ва Муҳиддин Мадаминов (2611) ҳимоя қилмоқда — уларнинг барчаси халқаро гроссмейстерлар.
Ушбу Олимпиадада алоҳида эътибор жорий йилда шахмат тожи учун дона сурадиган Жавоҳир Синдаровга қаратилган. Биринчи турда дам олган Синдаров олти турдан сўнг имконият доирасидаги 5 очкодан 4 тасини жамғарди — уч ғалаба ва икки дуранг. Синдаровнинг халқаро турнирларга, жумладан, шахмат Олимпиадасига тайёргарлиги ва иштироки, шунингдек, мураббийлар билан ишлаши Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.
Жавоҳир Синдаров.
Мусобақа бошланишидан олдин эркаклар асосий жамоаси мураббийи Рустам Қосимжонов “вазмин оптимизм” ҳолатида эканини айтганди.
Унинг шогирдлари учун жиддий синовлар учинчи турдан бошланди — Австрия термасига 2020−2021-йиллардаги Номзодлар турнири иштирокчиси, тажрибали Кирилл Алексеенко капитанлик қилди. Улар билан баҳсда классик жамоавий тактика иш берди: қора доналарда ўйнаганлар рақибни тийиб турди, оқ доналардагилар эса ғалабага интилди. Натижада — иккита ғалаба ва иккита дуранг (якуний ҳисоб — 3:1).
Кейинги рақиб кўплаб мутахассислар томонидан имконияти анча паст баҳоланган Туркия терма жамоаси бўлди. Тўртинчи турда биринчи доскада ҳаракат қилган 15 ёшли Яғиз Каан Эрдоғмуш 5 очкодан 4,5 очко жамғариб, аллақачон онлайн рейтингда топ 20 таликка кириб улгурганди. У Нодирбек Абдусатторовга қарши ўйинда ҳам ташаббусга эга бўлди, бироқ устун позицияда юришларни такрорлашга ўтди.
Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидов қора доналарда дурангга эришди, учинчи доскада ўйнаган Нодирбек Ёқуббоев эса Ваҳап Шаналнинг таваккалчи ғоясига муносиб зарба топди (рақиб дебютда ноаниқ ўйнаб, пиёдасини бой берди) ва ишончли ғалабага эришиб, жамоага 2,5:1,5 ҳисобидаги якуний ғалабани келтирди.
Бешинчи турда Ўзбекистон Венгрия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Европаликларнинг биринчи доскасида ёрқин ва ностандарт ўйин услуби билан танилган топ гроссмейстер Рихард Раппорт, иккинчи доскасида эса унинг шахматдаги тамомила акси — ҳимоясини ёриб ўтиш мураккаб бўлган ва ўз вақтида Владимир Крамник билан жаҳон тожи учун баҳслашган Петер Леко ўйнади.
Бироқ венгриялик шахматчиларга на мақом, на тажриба ёрдам берди. Абдусатторов ва Ёқуббоев тез фурсатда ишончли равишда ютуқли позицияларга эришгач, Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидов жамоа ғалабасини мустаҳкамлаш учун дуранг таклиф қилишлари ҳам мумкин эди. Аммо улар ўйинни давом эттириб, рақибларини таслим этди ва учрашувни йирик 4:0 ҳисоби билан якунлади.
Шамсиддин Воҳидов ва Доммаражу Гукеш.
Олимпиаданинг яна бир асосий фаворитлари бўлмиш Ҳиндистон шахматчилари ҳам катта суръат билан одимлаётган эди. Биринчи турда Аржун Эригайси кутилмаганда таиландлик ёш халқаро уста Прин Лаохавирапапга имкониятни бой бериб қўйган бўлса-да, шундан сўнг ҳиндлар хатосиз ҳаракат қилиб, дастлабки бешта учрашувнинг барчасида зафар қучди.
Олтинчи турдаги Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги баҳс рамзий маънога ҳам эга эди: унда сўнгги икки Олимпиада ғолиблари тўқнаш келди — Ўзбекистон 2022-йилда Ченнайдаги, Ҳиндистон эса 2024-йилда Будапештдаги турнирда зафар қучган эди.
Курашнинг бошланишиёқ баҳс шиддатли ва оғир кечишини кўрсатди. Нодирбек Абдусатторов Рамешбабу Прагнанандҳага қарши устунликка эриша олмади, Жавоҳир Синдаров Аржун Эригайси билан баҳсда стратегик жиҳатдан мураккаб позицияни ушлаб турди. Шамсиддин Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши мувозанатни таъминлади. Ҳар учала партия дуранг билан якунланди, шу боис Ёқуббоевнинг Ниҳал Саринга қарши ўйини ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Нодирбек Ёқуббоев.
Ёқуббоевнинг ҳолати рақибиникидан устун эмасди, аммо маълум маънода хавфсизроқ кўринарди. Эҳтимол, айнан шу ҳолат уни дуранг учун етарли бўлган оддий давомни танлашдан воз кечишга ва обьектив жиҳатдан ютқазувчи, лекин ҳужум уюштириш имконини берувчи йўлни маъқул кўришга ундади.
31-юришга келиб, вазият анча таҳликали тус олди: Ёқуббоевда 10 дақиқадан кам вақт қолган бўлса, тезкор ўйини билан танилган Саринда 38 дақиқа бор эди. Бироқ бу руҳий босимга биринчи бўлиб ҳиндистонлик гроссмейстер дош беролмади.
Сарин ҳаддан ташқари хотиржамликка берилиб, шоҳини хавф остида қолдирди: аввалига ғалаба имкониятини қўлдан чиқарди, сўнгра тактик зарбани ўтказиб юборди. Бу эса Ёқуббоевга ғалаба келтирди. Кейинчалик ўзбекистонлик шахматчининг ўзи ҳам партиянинг ушбу палласи у учун ниҳоятда ҳаяжонли ўтганини таъкидлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси олтита учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, индивидуал партияларнинг бирортасида ҳам мағлубиятга учрамади. Асосий рақобатчи — ўтган Олимпиада чемпиони Ҳиндистон таслим этилди, аммо хотиржамликка берилишга ҳали эрта.
Еттинчи турда жамоани Хитой кутмоқда — улар ҳам икки карра Олимпиада ғолиби саналган, хавфи кам бўлмаган жиддий рақибдир. Дастлабки олти тур давомида улар фақат бир марта — Арманистон билан дуранг ўйнаб, жамоавий ғалабани қўлдан чиқарди. Собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижен, афтидан, аввалги спорт формасини тикламоқда; у кеча жаҳоннинг топ 10 талигига кирувчи германиялик гроссмейстер Винсент Каймерни мағлуб этди (учрашувнинг якуний ҳисоби — Хитой фойдасига 3:1).
Дин Лижен.
Сўнгги Номзодлар турнири иштирокчиси Вей И ҳам ажойиб ўйин намойиш этмоқда: у уч нафар гроссмейстер устидан қозонилган ғалаба билан старт олиб, шундан сўнг қора доналарда кучли рақибларга қарши иккита партияни дуранггача ушлаб қолди.
Гарчи Жавоҳир Жаҳон кубогида ҳам, Номзодлар турнирида ҳам хитойлик гроссмейстерни мағлуб этган бўлса-да (шу йилнинг апрел ойида Синдаров Номзодлар турнирида зафар қучган ва эндиликда Доммаражу Гукеш билан жаҳон тожи учун баҳсни кутмоқда), бу қарама-қаршиликда кучлар нисбати ҳали мутлақо номаълум.
Жавоҳир Синдаров ва Вей И Даъвогарлар турнирида.
Хитойдан ташқари, ўзбекистонлик мухлисларни яна икки рақиб жиддий хавотирга солиши мумкин: бири — рейтингдаги паст кўрсаткичларини бирдамлик ва юксак жамоавий руҳ эвазига неча бор ёпиб келаётган Арманистон, иккинчиси — агар ўз ўйинини топиб, номига яраша тезлик олса — АҚШ терма жамоасидир.
Ўзбекистоннинг иккинчи терма жамоаси ҳам юқори натижалар қайд этмоқда. Таркибдан Жаҳонгир Воҳидов (2527), Абдималик Абдисалимов (2548), Муҳаммадзоҳид Суяров (2540), Ҳумоюн Бегмуратов (2514) ва Ортиқ Нигматов (2484) ўрин олган. Капитан — Павел Элянов.
Олти тур якунларига кўра, улар 13-ўринда бормоқда. Фақатгина жуда кучли ўйин намойиш этаётган немисларга ютқазган ўзбекистонликлар қолган барча рақибларини, жумладан, Испаниянинг кучли жамоасини ҳам мағлуб этди.
Биринчи доскада Жаҳонгир Воҳидов бошқа мамлакатларнинг энг кучли шахматчиларига муносиб қаршилик кўрсатмоқда, иккинчи ва учинчи доскалардаги Абдималик Абдисалимов ҳамда Муҳаммадзоҳид Суяровни эса жамоанинг асосий кучлари деб аташ мумкин.
Учинчи жамоа ҳозирча 65-ўринни эгаллаб турибди — бу уларнинг бошланғич рақамидан ўн поғона паст. Саидакабар Сайдалиев (2475), Алмас Раҳматуллаев (2418), Баҳром Баҳриллаев (2412), Муҳаммадали Абдураҳмонов (2390) ва Асроржон Омонов (2347) фақат рейтингда устун бўлган Германия ва Австралия жамоаларига ютқазди. Австрия термаси билан қайд этилган дурангни эса катта муваффақият сифатида эътироф этиш жоиз.
Асроржон Омонов ўзи ўтказган барча бешта партияда ғалаба қозониб, ажойиб спорт формасида эканини намойиш этмоқда.
Ўзбекистоннинг асосий аёллар миллий жамоаси ҳам турнирни жуда муваффақиятли бошлади. Жамоа сафида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева ва Гулдона Каримова дона сурмоқда. Капитан — Нафиса Мўминова.
Жамоа дастлабки тўртта учрашувда ғалаба қозониб, бешинчи турда америкаликлар билан дуранг қайд этди.
Афсуски, Грузия жамоасидан учралган оғир мағлубият (0,5:3,5) уларни орқага — 18-ўринга суриб ташлади. Бироқ ушбу жамоа аёллар шахматида анъанавий тарзда энг кучлилардан бири ҳисобланади ва уларга ҳар қандай рақиб имкониятни бой бериши мумкин.
Ҳозирги спорт формаси сақлаб қолинса, ўзбекистонлик шахматчи қизлар медаллар учун курашишга ҳали тўлиқ қодир.
Иккинчи ва учинчи аёллар жамоалари жадвалда ёнма-ён — 39 ва 38-ўринларда жойлашган. Бу уларнинг бошланғич рақамларидан юқори, бу эса, шубҳасиз, ёмон бўлмаган оралиқ натижадир.
Иккинчи жамоа етакчиси Нилуфар Ёқуббоева 5 очкодан 4,5 очко жамғариб, ўз доскасида медал олишга даъвогарлик қилмоқда.
22-сентабр Олимпиадада дам олиш куни деб эълон қилинган. Еттинчи тур баҳслари 23-сентабр куни бўлиб ўтади.
Турнир швейсарча тизим бўйича 11 турдан иборат тарзда ўтказилмоқда. Ҳар бир жамоавий учрашувда тўрт нафар шахматчи дона суради, яна бир нафари захира аъзоси ҳисобланади. Жамоавий ғалаба учун икки очко, дуранг учун эса бир очко берилади.
Вақт назорати: дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра партия якунигача яна 30 дақиқа ажратилади. Шунингдек, биринчи юришдан бошлаб ҳар бир ўйинчига ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади.

