Лайфстайл

Вашингтонликларнинг якшанбаси: қарийб 4 млрд долларлик бандаргоҳдан репортаж

Америкаликлар душанбадан жумагача қаттиқ ишлайди, ишга вақтли боради ва эътиборини тўлиқ ишга қаратади. Шунинг учун ҳам шанба ва якшанба улар учун чинакам дам олиш кунлари. Кун.узънинг АҚШдаги мухбири пойтахтликлар бўш вақтларида ва ҳафта охирида севиб борадиган манзиллардан бири – Тҳе Вҳарф бандаргоҳидан репортаж тайёрлади. Марказ қурилиши режаси 2000-йиллардан бери бўлса-да, ҳозирги ҳокимлик буни битирди. Халқ ҳокимидан хурсанд, чунки Тҳе Вҳарф улар ошиқадиган нуқтага айланди.

**Вашингтонликларнинг якшанбаси: қарийб 4 миллиард долларлик бандаргоҳдан репортаж**

Ўзбекистонда шанба-якшанба кунлари иш кунларидан ҳам кўпроқ стрессга бой бўлади. Чунки аксарият одамлар бозорларда, йўлларда, тўйларда ёки қариндошларининг уйида бўлади. Ёшлар эса одатда дам олиш кунларини тинимсиз уйқу билан ўтказади. Кам сонли кишилар ўзларига вақт ажратиб, ҳаётдан завқланади.

Вашингтонликларнинг дам олиш кунларида севимли масканларидан бири – Тҳе Вҳарф, яъни шаҳарнинг энг чеккасида жойлашган бандаргоҳдир. Вашингтон канали ва Анакостиа дарёси туташган бу жой узоқ йиллар давомида кўримсиз балиқ бозори бўлиб келган. Аммо 2017-йилда бу ҳудуд обод қилиниб, чинакам дам оладиган сўлим гўшага айлантирилди. Бугун вашингтонликлар бунинг учун ўз ҳокимига миннатдорчилик билдиради.

Кафе ва ресторанлар, консерт майдончалари, пиёда ва югуриш йўлаклари, сайр зоналари ва қирғоқ бўйи – буларнинг барчаси вашингтонликлар учун вақтни мароқли ўтказишга тайёр имкониятдир. Оиласи ва болалари билан сайр қилиш, югуриш ва велосипед миниш, сув бўйида газета ёки китоб ўқиш, уй ҳайвонларини айлантириш, дўстлар билан пикник қилиш, қайиқ ва яхталарга миниб, нариги соҳилдан ўтиш, жонли мусиқа – обод қилинган бандаргоҳ буларнинг ҳаммасини тақдим этади. Уларнинг деярли ҳаммаси бепул. Устига-устак, ҳудудда бепул интернет билан таъминланасиз.

Америкаликлар душанбадан жумагача тинимсиз ишлайди, ишга эрта боради. Шу сабабли ҳам шанба ва якшанба кунлари паркларга, шунга ўхшаш сувли жойларга, спорт майдонларига ва музейларга, табиат қўйнига шошилади. Тҳе Вҳарф ҳудудидаги эски балиқ бозори 1805-йилдан бери мавжуд бўлиб, асрлар давомида бу нуқта балиқ савдосининг маркази бўлган. Ҳозир эса портнинг фақат бир қисмида балиқ бозори сақланиб қолган, қолган ҳудуд дам олиш зонасига айлантирилган.

Вашингтон сиёсий ва маъмурий марказ бўлиб, одамларнинг аксарияти давлат хизматчиларидир. Аммо Тҳе Вҳарфъга келганлар сиёсатни унутади, шошилмайди, сув бўйида сайр қилади, югуради ва вақтини мароқли ўтказади.

Бандаргоҳнинг ҳозирги қиёфасини қуриш 2014-йилда бошланган бўлиб, бу Вашингтондаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири бўлди. 1950-йилдаёқ ҳудудни ривожлантиришга киришиб, юзлаб бизнесларни бу томонга кўчиришган, аммо натижа кутилганидек бўлмади. Шунинг учун ҳам шаҳар ҳокимлиги ҳудудни бутунлай бошқа қиёфага келтиришга қарор қилди. Тҳе Вҳарфънинг қиймати 3,6 миллиард долларни ташкил этиб, бу Вашингтон тарихидаги энг қиммат лойиҳалардан бири бўлди. 3 миллион квадрат футдан ортиқ жойда офис, меҳмонхона, турар жой бинолари, савдо ва кўнгилочар марказлар қад ростлади. Натижада вашингтонликлар асосан ҳафта охирида оқиб келадиган марказ яратилди.

Кўпчилик қуёш ботишини ва Рейган аеропортидан кўтарилаётган самолётларни томоша қилиш учун ҳам келади.