Узтех Гроуп Чирчиқдаги Зарофаттех тўқимачилик компаниясини қўшиб олади
Узтех Гроуп Чирчиқдаги Зарофаттех тўқимачилик компаниясини қўшиб олади. Рақобат қўмитаси мазкур иқтисодий консентрация битими бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳақида хулоса чиқариб, унга розилик берди. Узтех Гроуп устав фонди 300,56 млрд сўмни ташкил этади.

Узтех Гроуп Чирчиқдаги Зарофаттех тўқимачилик корхонасини ўз таркибига қўшиб олади.
Рақобат қўмитаси “Узтех Гроуп” МЧЖнинг “Зарофаттех” МЧЖни қўшиб олиши бўйича иқтисодий консентрация битимига розилик берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, қўмитага “Узтех Гроуп” МЧЖ томонидан “Зарофаттех” МЧЖни қўшиб олиш бўйича иқтисодий консентрация битимига розилик бериш ҳақида мурожаат келиб тушган.
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, мазкур битим товар бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмайди. Шу асосда комиссия аризани қаноатлантириш ва иқтисодий консентрация битимига розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, “Узтех Гроуп” трикотаж кийимлар ишлаб чиқариш, “Зарофаттех” эса тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Узтех Гроупънинг устав фонди ҳозирда 300,56 млрд сўмни ташкил этади. Компаниянинг 90% улуши Жанубий Корея фуқароси Ким Чжонга (Ким Жонг), 10% Тимур Ғаниевга тегишли.
Зарофаттех компанияси 2022-йилда ташкил этилган бўлиб, пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компаниянинг 1 млн сўмлик устав фондига эга ягона таъсисчиси Шерзод Худайбердиев, раҳбари эса Рашид Каримов ҳисобланади.
Иккала корхона ҳам расман Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган. Очиқ маълумотларга кўра, Зарофаттех учун кўрсатилган манзил Узтех Гроуп манзили билан бир хил.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси Узтех Гроуп таъсисчиси Фарҳод Маматжоновнинг Перфестум мобил алоқа оператори савдо белгиси остида фаолият юритувчи Рубисон Вирелесс Соммунисатион компаниясининг 50 фоиз улушини олиш бўйича битимни маъқуллаганди.

