Иқтисодиёт

Uzbekistan GTL заводини хусусийлаштириш бошлангани эълон қилинди

Завод беш йил аввал 3,4 млрд долларга қурилган эди. Шундан 2,3 млрд доллари — давлат кафолати остида олинган ташқи қарздир. Ҳозирда компания акцияларини IPO га чиқариш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётгани хабар қилинмоқда.

Uzbekistan GTL заводини хусусийлаштириш бошлангани эълон қилинди

Ўзбекистондаги энг йирик ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири — Uzbekistan GTL’ни хусусийлаштириш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳақда 8 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, компанияни сотиш концепцияси аллақачон мавжуд ва ҳозирда хусусийлаштириш жараёнига старт берилган.

«Бизда Uzbekistan GTL’ни хусусийлаштириш бўйича концепция бор. Заводни хусусийлаштириш босқичи бошланди. Яъни, президент қарорида ушбу муддатда хусусийлаштирилиши ёзилгани, айнан ўша пайтда сотиб юборилади дегани эмас. Бу ўша муддатда хусусийлаштириш ишлари бошланишини англатади. Хусусийлаштиришдан олдинги ҳаракатлар бор. Унинг молиявий-хўжалик фаолияти аудити ўтказилади, ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларга салбий таъсир этувчи омиллар ўрганилади. Хусусийлаштиришдан кейин иқтисодиётга, товар етказиб берувчилар ва харидорларга таъсири қандай бўлиши таҳлил қилинади. Қарорда ушбу босқичлар кўзда тутилган»

Соҳибжон Муродов, шунингдек, Uzbekistan GTL’ни IPO’га чиқариш, яъни компания акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.

«Биринчи IPO’да иштирок этишга қизиқиш билдирган йирик халқаро ташкилотлар ҳам бор. Улар бизга мурожаат қилишди. Яъни, бу биз учун яхши сигнал. Агар IPO’га чиқарсак, GTL’нинг кичик акцияларини сотиб олишни хоҳловчилар ҳам топилади. Молиявий фаолият ҳақида тўғридан-тўғри маълумотга эга эмасман. Лекин биз бу маълумотларни тақдим этишга тайёрмиз»

Маълумот учун: Uzbekistan GTL заводи 2021 йилнинг декабрь ойида ишга туширилган. Хабар қилинишича, унинг бинолари майдони 135 гектарни ташкил этади. Мажмуа йилига 3,6 млрд куб метр табиий газни қайта ишлаш ва 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта ҳамда 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

Uzbekistan GTL заводи қурилишига 3 миллиард 420 миллион доллар сарфланган. Ушбу сумманинг 2,3 млрд доллари — давлат кафолати остида хориждан олинган кредитлардир. Компания расмий сайти маълумотларига кўра, 2026 йил 16 июнь ҳолатига кўра асосий қарз қолдиғи 838,2 млн долларни ташкил этган. Ушбу кредитлар Хитой, Корея, Россия банклари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан ажратилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.