Сиёсат

Урушнинг дастурчи қаҳрамони. Фёдоров қандай қилиб украинлар меҳрини қозонди?

Урушаётган давлатда қаҳрамонлар одатда ҳарбийлар бўлади, лекин Украинада ҳозир 35 ёшли дастурчи йигит ҳаммадан машҳур. Собиқ мудофаа вазири Михайло Фёдоров халқ орасида қўллов бўйича Зеленский билан бемалол рақобатлаша олади. Унинг истеъфосидан кейин бошланган намойишлар ҳамон тўхтагани йўқ. Хўш, Фёдоров мудофаа вазирлиги тизимида нима қилгандики, одамлар уни бунчалик яхши кўриб қолишди?

**Урушнинг дастурчи қаҳрамони: Фёдоров қандай қилиб украинлар меҳрини қозонди?**

Уруш шароитида қаҳрамонлар одатда ҳарбий хизматчилар бўлади, аммо Украинада ҳозирда 35 ёшли дастурчи йигит ҳаммадан кўпроқ машҳурликка эришган. Собиқ мудофаа вазири Михайло Фёдоров халқ орасида қўллаб-қувватлаш бўйича Президент Зеленский билан бемалол рақобатлаша олади. Унинг истеъфосидан кейин бошланган норозилик намойишлари ҳалигача давом этмоқда. Хўш, Фёдоров мудофаа вазирлиги тизимида қандай ишларни амалга оширдики, одамлар уни бунчалик яхши кўриб қолишди?

**Дастурчиликдан мудофаа вазирлигига**

Фёдоров ёшлигидан давлат хизматчиси бўлишни мақсад қилган ва шу йўналишда таълим олган. Хусусан, у НАТО вакилларининг Украинадаги мактабида ўқиган. Мутахассислиги бўйича дастурчи. Ўзининг сўзларига кўра, 9-синфда унга компютер совға қилиниши ҳаётини тубдан ўзгартирган. Қизиқувчан йигит ўқитувчиларига дарсликларни рақамлаштиришда ёрдам берган, интернет ўйинлари орқали электрон пул ишлаган.

Университетнинг учинчи курсида ўқиб юрганида у Запорижжя талабалар мери лавозимига сайланади. Бўлажак вазир ўз фаолиятини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиб, шу тариқа тарғибот бўйича профессионалга айланади.

2015-йилда ўзининг шахсий СММ компаниясини очган Фёдоровнинг мижозларидан бири Зеленскийнинг "Квартал-95" студияси бўлади. Йигит Украинанинг биринчи рақамли студиясига айланган компанияга қўнғироқ қилиб, тарғибот харажатларини икки бараварга камайтириш йўлини билишини айтади ва улар билан ҳамкорликни бошлайди.

Ҳали президентликка номзодини қўйиш ҳақида эълон қилмаган Зеленский Фёдоров билан бир тақдимот бўйича суҳбатлашиб, танишганда шундай дейди: "Қизиқ, биз сен билан нега олдинроқ бирга ишламаганмиз?" Ўша суҳбатда Фёдоровнинг қарашлари Зеленскийга маъқул тушади, ҳатто ундан шахсий блогини қандай юритиш бўйича маслаҳат сўрайди.

Кейинчалик Зеленский Фёдоровни президентлик кампанияси тарғиботига жалб қилади. Айнан Фёдоров сабаб Зеленский кампанияси логотипида машҳур "Зе!" сўзи пайдо бўлади. Ҳа, Фёдоров Украина катта сиёсатига Зеленский билан бирга, унинг жамоасида кириб келади. Ўшанда унинг вазифаси интернетдаги тарғибот бўлган. Инаугурациядан кейин президентнинг штатдан ташқари маслаҳатчиси этиб тайинланади.

Уруш бошлангач, Фёдоровга рақамли трансформация йўналиши ишониб топширилади. "Дия", УНИТЕД24, "Армия дронов", Браве 1 каби лойиҳаларга кўзингиз тушган бўлса керак, Зеленский уларни кўп марта реклама қилган. Фёдоров ана шу лойиҳалар тепасида турган. Уруш кетаётган бўлишига қарамай, Украина ҳукуматни рақамлаштириш борасида улкан ютуқларга эришди. Бундай вақтда давлат хизматларини рақамлаштириш жуда муҳим эди, чунки уруш вақтида ҳаракатланиш, давлат идораларида навбат кутиш осон эмас. Фёдоров ана шу муҳим вазифани уддалайди.

Лекин унинг энг муҳим лойиҳаси Украина армиясини дронлар билан таъминлаш эди. Украина Ғарбдаги иттифоқчиларидан оғир артиллерия, ракета, қирувчи самолёт, танк кутиб чарчади, кўп ерларини бой берди. Шунда дронлар мамлакатни сақлаб қолиши мумкин бўлган арзон қурол деган қарорга келишди. Фёдоров дрон ишлаб чиқариш дастурлари тепасида турди, дронлар армияси ҳаракати орқали фронтни турли учувчисиз қуроллар билан таъминлаб келди. Украина урушнинг бешинчи йили кетаётган бир вақтда айнан дронлар ёрдамида мувозанатни тиклади. Бугун Москва худди фронт чизиғи каби ҳужумга учраши одатга айланди ва бу натижага айнан дронлар эвазига эришишди.

Бу йўналишдаги ишлари сабаб Зеленский Фёдоровни ҳақли тарзда Украина мудофаа вазири лавозимига тайинлади. Уни аввалига Ермак ўрнига девон раҳбарлигига қўймоқчи бўлди, лекин самарали менежер мудофаа вазирлигига мосроқ деган қарорга келди. Фёдоровнинг айтишича, президент унга барча масалада мустақил, виждонан қарор қабул қилиш ваколатини берган. Шу сабаб Фёдоров ҳарбий харидлар борасида катта-катта одамларга ноқулайлик туғдирган қарорлар қабул қила бошлаган.

Фёдоров мудофаа вазирлигидаги фаолиятини тизимни ислоҳ қилишдан бошлади. Ярим йил ичида кераксиз харажатларни камайтириш эвазига 6,6 миллиард доллар тежашга муваффақ бўлган. Ҳарбий харидларнинг бир қисми эркин тендерга чиқарилиши натижасида 155-ммли снарядлар Украинага 16 фоизга арзонроққа тушган.

Фёдоров ВСУни, ҳарбий харидларни ислоҳ қилиш орқали давлат бюджетига миллиардлаб доллар тежаш имкони бериш баробарида кўп душман орттирди. Ахир Украинада коррупсия билан боғлиқ вазият қандайлиги аён, уруш вақти ҳарбий харидларда қанақа катта пуллар айланишини тасаввур қилаверинг. Президент атрофидаги одамлар уруш вақтида давлат ғазнасини ўмариб юрган бир вақтда СММъчи йигит мудофаа вазири бўлиб, қинғир харидларни чеклашни бошлади. Буни одамлар кўриб турганди ва табиийки, Фёдоровни яхши кўриб қолишди.

Унинг истеъфосини украинлар жуда оғир қабул қилди. Киев мери Кличко "Зеленский Фёдоровни у машҳур бўлиб кетаётгани учун ишдан олганини" айтиб чиқди.

**Сирскийга эътирозлар**

Зеленский Сирский ва Фёдоровни улар талашиб қолгани учун кетказганини айтди. Биз аксар намойищилар Сирский истеъфосини нега талаб қилаётганини ўзи ҳам тушунмаса керак, дегандик, лекин собиқ бош қўмондонларга аниқ айбловлар ҳам бор эди. Аввало Сирский дрондан фойдаланиш мумкин бўлган жойда ҳарбийлардан штурм учун фойдаланишда айбланди. Драпатий ҳужумда қурбонлар кам бўлиши тарафдори экани, у бошлиғи Сирскийни эмас, Фёдоровни қўллагани инобатга олинса, собиқ мудофаа вазири ва собиқ қўмондон шу масалада тортишганига шубҳа йўқ.

Ёш Фёдоров "Ўртоқ Сирский, нима керак минг кишини ҳужумга ташлаб, мен сизга мингта дрон бераман, одамларни асрайлик", деган, совет мактабидан чиққан Сирский "Дронинг одам бўлармиди", деб ҳарбийларни штурмга бошлаган, катта эҳтимол. ВСУ 155-бригадасида айнан шу сабаб дезертирлик авж олгани ҳақида ёзиб чиқишди, кўплаб ҳарбийлар Сирскийга қарши чиқди.

Сирскийнинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Унинг фикрича, ҳарбийларнинг маошига сарфланиши керак бўлган бир қисм пуллар дрон сотиб олишга ишлатилган. Шунингдек, Сирский айнан у учувчисиз қурилмалар кучларини армиянинг алоҳида бўлинмасига айлантириб, Мадярни раҳбарликка тавсия қилганини айтди.

Яна бир можаро ВСУда ҳам қўшни томон каби юқорига нотўғри ҳисобот бериш ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқ. Масалан, Константиновкада президентга мурожаат йўллаб, шаҳар озод қилингани ҳақида ҳисобот берган украин ҳарбийлар кейинроқ асир тушганди. Бу можаролар Сирский истеъфосини тезлаштирган.

Ана шунақа гаплар. Украина ҳарбий раҳбариятидаги интригаларни имкон қадар қисқа қилиб тушунтириб беришга ҳаракат қилдим. Сўзимиз охирида ҳозирги вазият ҳақида шахсий фикримни билдирмоқчиман. Михайло Фёдоров халқ орасида бунчалик машҳур бўлиб кетгани Украинада демократик институтлар ишлаётганидан далолат. Ҳозир украин жамиятида энг машҳур одамлар – ҳарбийлар, Залужний, Сирский, Драпатий, Мадяр, Малюк, Хмара, бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Мана энди улар орасига ислоҳотчи менежер Фёдоров ҳам қўшилди.

Ҳарбийлар шунчалик машҳурки, Зеленский бир чеккада қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Таққослаш учун Россияга қаранг, россияликлар орасида қайси ҳарбий оммавий машҳурликка эга? Сўров ўтказилса, шубҳасиз, ҳамон Георгий Жуков энг машҳур ҳарбий бўлиб чиқади. Пригожин машҳурлик чўққисига чиққанда, авария бўлиб ўлди, Шойгу сал-пал машҳур эди, унинг ўрнига ҳеч ким танимайдиган ҳисобчини мудофаа вазири қилишди, Суровикин ҳақида одамлар гапира бошлаганди, у ҳам Африкада пайдо бўлиб қолди.

Россияда қайсидир мулозим ишдан кеца, ҳукуматга қарши намойиш бўлишини тасаввур қилиш қийин. Охирги марта Сергей Фургал қамалганда одамлар намойишга чиққанди. Кейин Фургалнинг ҳам, намойишга чиққанларнинг ҳам аҳволига ҳавас қилиб бўлмади. Мана шу фактнинг ўзи икки жамият ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб турибди. Россияда фақат бир қаҳрамон бўлиши мумкин, кимлигини яхши биласиз...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.