Маҳаллий

“Урушда қулаган дронларни йиғиш билан шуғулланганман”. Россия-Украина урушида қатнашган андижонликка 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди

Россияга ишлаш учун кетган андижонликнинг айтишича, у билмасдан Россия Қуролли кучлари билан ҳарбий хизмат шартномасини имзолаган. Кейин Россия томонида жанг қилган, дрон ҳужумида яраланган ва Ўзбекистонга қайтган. Суд унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

“Урушда қулаган дронларни йиғиш билан шуғулланганман”. Россия-Украина урушида қатнашган андижонликка 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди

7-июл куни Андижон вилояти Марҳамат тумани жиноят ишлари бўйича судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 40 ёшли Ф.У. исмли фуқаронинг жиноят иши кўриб чиқилди. Газета суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳужжатларига кўра, Ф.У. маълум бир ҳақ эвазига 2025-йил 26-август куни Россия Қуролли кучлари билан ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаган. Шундан сўнг у Курск вилоятидаги ҳарбий ўқув полигонида жанговар тайёргарлик, қурол-яроғдан фойдаланиш ва жанговар дронларни бошқариш бўйича машғулотлардан ўтган.

Иш материалларида қайд этилишича, кейинчалик у Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувлар вақтида Россия Қуролли кучлари сафида, ўзига бириктирилган АК-74 автомат қуроли билан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

Суд ҳужжатларига кўра, Ф.U.ning ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан квалификация қилинган.

**“Ҳарбий шартномага билмасдан имзо қўйибман”**

Судда Ф.У. айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг айтишича, 2025-йил январ ойида ишлаш мақсадида Россияга бориб, таксичилик билан шуғулланган.

Судланувчининг сўзларига кўра, бир куни у таксида олиб келган мижоз манзилга етмасдан тушиб кетган. Кўп ўтмай икки нафар полиция ходими ва фуқаролик кийимидаги яна икки киши келиб, уни ҳам, автомашинасини ҳам тинтув қилган.

“Ҳеч нарса топа олишмади. Кейин олиб келган мижозим гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётганда ушланганини айтиб, мени ҳам гумонланувчи сифатида олиб кетишди”, — деди у.

Унинг айтишича, тергов ҳибсхонасида 2025-йил 26-августгача сақланган. Тергов давомида бир нечта ҳужжатларга имзо қўйган, кейинроқ эса улар Россия Қуролли кучлари билан Украинадаги урушда иштирок этиш бўйича шартнома эканини тушунган.

Ф.U.ning айтишича, шундан кейин у Владивостокдаги ҳарбий қисмга, сўнг эса ДХР ҳудудидаги ҳарбий полигонга жанговар тайёргарликдан ўтиш учун юборилган. Хизмат давомида асосан таъминот гуруҳида бўлган, фронт ҳудудида қулаб тушган дронларни йиғиш билан шуғулланган.

**“Дрон ҳужумида яраланганман”**

Судланувчининг айтишича, фронт чизиғида Украина дронларини йиғиб юрган вақтида дрон ҳужуми оқибатида чап оёғининг тизза қисми оғир жароҳатланган.

Унинг сўзларига кўра, аввал Донецк шаҳридаги ҳарбий госпиталда бир ярим ой, кейин эса Владивостокдаги госпиталда даволанган.

2026-йил 1-апрел куни унга бир ойлик таътил берилгани айтилгач, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

Ф.U.ning таъкидлашича, ҳужжатлари ёнида бўлмагани сабабли Владивостокдаги Ўзбекистон консуллик муассасасига мурожаат қилган ва вақтинчалик гувоҳнома орқали ватанга қайтган.

Судда у қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Шунингдек, урушга боришга мажбур бўлганини, қурол ишлатмаганини, фақат таъминот гуруҳида хизмат қилганини айтди.

Ф.У. уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, улардан бири болалигидан ногирон эканини билдириб, суддан унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Суд Ф.U.ga жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, уч нафар фарзанди борлиги, улардан бири болалигидан ногирон эканини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди.

Суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини қайд этиб, мазкур енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини сезиларли даражада камайтиришини ҳисобга олди.

Шу асосда суд Ф.U.ni Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топди ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади.

Натижада унга мазкур модда санксиясида назарда тутилмаган енгилроқ жазо — иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади фойдасига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳукмга кўра, жазо пробация хизмати белгилайдиган иш жойида ўталади ва унинг муддати маҳкум иш бошлаган кундан ҳисобланади.