Урганч–Хива пулли йўли лойиҳаси қурилиш давомида 30 млн долларга қимматлашди
Ўзбекистондаги биринчи пулли йўл – Урганч–Хива трассаси лойиҳаси қиймати 150 млн долларни ташкил этди, дея маълум қилди Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов. Йил бошида, қурилиш бошланаётган пайти лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн доллар экани айтилганди. Шу тариқа, лойиҳалаш ишлари билан параллел равишда олиб борилган қурилиш ишлари давомида лойиҳа қиймати 30 млн долларга ёки 25 фоизга қимматлашган.

Урганч–Хива пулли йўли лойиҳаси қурилиш жараёнида 30 миллион долларга қимматлашди.
Ўзбекистондаги илк пулли йўл – 35 километрлик Урганч–Хива трассасининг якуний қиймати 150 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов маълум қилди.
У Мустақиллик байрами арафасида давлат раҳбари иштирокида ўтказилган янги обьектларни ишга тушириш маросимида телекўприк орқали, янги магистралнинг бошланғич қисмидан туриб қатнашди.
Давлетов шундай деди: “Мана бугун биз 150 миллион доллар инвестиция киритилиши ҳисобига амалга оширилган Урганч–Хива биринчи пулли йўлининг топширилиш жараёнида турибмиз, ҳурматли президент”.
Жорий йил феврал ойида, ушбу пулли йўл қурилиши бошланганида, расмийлар лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион доллар бўлишини эълон қилган эди.
Энди эса, лойиҳалаш ишлари билан бирга олиб борилган қурилиш жараёнида лойиҳа қиймати 25 фоизга ошгани маълум бўлди.
Феврал ойидаги расмий хабарда янги магистрал учун 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи ҳамда сув ўтказиш иншоотлари барпо этилиши айтилган эди.
Ҳозирда эса 15 та кўприк (дастлабки хабардагидан иккитага кам), 8 та йўл ўтказгич, 1 та ер ости туннели ва бошқа инфратузилма обьектлари қуриб битказилгани маълум қилинди.
Маълумот учун, лойиҳа буюртмачиси – Автомобил йўллари қўмитаси ҳузуридаги дирексия бўлиб, пудрат ишларини ҳам қўмита тасарруфидаги ташкилотлар бажарди. Лойиҳанинг молиялаш манбалари очиқланмаган.
Аввалроқ 35 километрлик йўл учун енгил автомобиллар тўлови 25 минг сўм, 28 километрлик қисқароқ масофа тўлови эса 20 минг сўм деб эълон қилинган эди.

