Маҳаллий

Урганчда 10 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 5 йилга қамалди. Боланинг отаси ҳукмдан норози

2026-йил Урганчда БЙД пиёдалар ўтиш жойида 10 ёшли болани уриб юбориб, ўлимига сабабчи бўлганди. Суд ҳайдовчига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Боланинг отаси ҳодисага пойга сабаб бўлганини айтиб, оғирроқ жазо ва ҳодисанинг бошқа иштирокчиси ҳам тергов қилинишини сўрамоқда.

Урганчда 10 ёшли боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Боланинг отаси эса ҳукмдан норози.

2026-йил 4-май куни Хоразм вилояти Урганч туманида БЙД автомобили 10 ёшли Учқун Аминбоевни уриб юборган эди. Бола олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Боланинг отаси Газетаъга мурожаат қилиб, фарзанди ЙТҲ қурбони бўлган пиёдалар ўтиш йўлагида илгари ҳам қурбонлар бўлгани, бошқа одамлар жабрланмаслиги учун светофор ўрнатишни сўраган. Мурожаатдан бир ой ўтмай светофор ўрнатилиб, ишга тушган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши — билан жиноят иши қўзғатилган эди.

2026-йил 7-сентабрда жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида иш кўриб чиқилган. Бу ҳақда боланинг отаси Газетаъга маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, БЙД ҳайдовчиси Темур Алланазаров ЙТҲ содир бўлган пайтда автомобилни бошқаришда амалдаги бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини бузган.

Жумладан, у ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган тезликни танламаган, йўлда юзага келган хавфга қарамай тезликни вақтида камайтирмаган, манёвр вақтида бошқа йўл ҳаракати қатнащиларига хавф туғдирмаслик ва пиёдаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш талабларига риоя қилмаган, аҳоли пунктларида белгиланган тезлик чекловига ҳамда тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдага йўл бериш талабларига амал қилмаган.

Натижада у йўлнинг пиёдалар ўтиш жойидан велосипед етаклаб ўтаётган Учқун Аминбоевни автомашинасининг олд чап томони билан уриб юбориб, ЙТҲ содир қилган. Пиёда ҳодиса жойида вафот этган.

Темур Алланазаров судда айбига иқрор бўлиб, ўша куни автомобил тезлиги тахминан 85−90 км/соат бўлгани, олдинда кетаётган “Жигули” пиёдалар ўтиш жойи олдида кескин тормоз бергани учун тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида рулни чапга бургани, шу пайт пиёдалар ўтиш жойидан велосипедини етаклаб ўтаётган болани кўриб қолиб, кейин рулни ўнгга бурганини айтган. Бироқ масофа қисқа бўлгани сабаб автомобилнинг чап қисми велосипеднинг орқа қисмига теккан.

“Пиёдани 6−7 метр масофадан кўрдим, бироқ автомобил тезлиги сабаб уни тўхтатишга улгурмадим”, — деган ҳайдовчи.

Темур Алланазаров қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик сўраган.

Жабрланувчининг отаси Анвар Машарипов эса ўз ҳисоб-китобига кўра, автомобил 100 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланганини айтиб, суддан Темур Алланазаровга нисбатан қамоқ билан боғлиқ оғирроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд жазо тайинлашда Темур Алланазаровнинг айбига иқрорлиги, оилавий ва моддий аҳволи, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани, ҳодисадан кейин жабрланувчига ёрдам кўрсатишга урингани ва моддий ёрдам берганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олиб, уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилган ва 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланган.

Марҳум Учқун Аминбоевнинг отаси Анвар Машарипов Бош прокуратура ва Хоразм вилояти прокуратурасига мурожаат қилиб, ўғлининг ўлими билан боғлиқ ЙТҲ вақтида автомобил тезлиги суд ҳужжатларида кўрсатилганидан анча юқори бўлгани ва ҳодисага бошқа автомобиллар ҳам алоқадорлигини айтмоқда.

“Видеокамералардаги ёзувлардан БЙД камида 150 км/соат тезликда келгани, ўғлимни уриб юборгач, 70−80 метр ўтиб тўхтагани кўриниб турибди. БЙД “Жигули” машинаси билан пойга ўйнаб келаётган бўлган. Бу ҳам камераларга тушиб қолган. “Жигули” билан БЙД пойга ўйнаши мумкинми, дерсиз. Лекин унинг ҳайдовчисини таниган маҳалладошлар “Жугули”да бошқа мотор бўлганини айтишяпти”, — дейди ота.

У, шунингдек, яна бир ҳолат бўлмаганда бола йўлдан ўтиб олиши ва авария ҳам содир бўлмаслиги мумкинлигини айтади.

“Ўша пайт пойгага алоқаси бўлмаган бошқа бир машина — Гентра йўлдан ноқонуний бурилиб, пиёдалар ўтиш йўлагига, боламнинг устига қараб ҳайдаган. Болам ҳам машинани кўриб, бир-икки қадам орқага юриб, тўхтаб қолган, шу пайтда унга БЙД келиб урилган. Эҳтимол, Гентра ноқонуний бурилмаганда ҳам ўғлим йўлдан ўтиб олиши мумкин эди”, — дейди ота.

Анвар Машарипов ҳодисанинг бошқа иштирокчилари — “Жигули” ва Гентра терговга жалб этилмаганини айтиб, шикоят қилади. Унинг таъкидлашича, БЙД ва “Жигули” ҳаракат вақтида бошқа бир Собалт машинасини қисиб ўтган. Собалт авариядан кейин ҳодиса жойидан кетмасдан “Ички ишлар ходимлари келса, кўрсатма бераман” деб бир муддат кутган, ҳеч ким келмагандан кейин кетиб қолган. Бу ҳақда отага ҳодиса гувоҳлари айтиб берган.

“Авариядан уч кун ўтиб, ЙТҲ содир бўлган ҳудуддаги камералар ёзувларини терговчига олиб борганман. Қолган машиналарни вақтида топмаса, ёзув ўчиб кетади, деганимдан кейин ҳам умуман ҳеч жойга чиқиб ўрганишмаган. Бу ерда мансабдор одамларнинг қўли борми деб ҳам ўйлайман”, — дейди ота.

Қолаверса, ота авариядан 13 кун ўтиб, ашёвий далил — БЙД машинаси автотехник экспертиза хулосасисиз жарима майдончасидан чиқариб юборилганини айтади.

“Иш ҳужжатларида БЙДнинг жарима майдончасидан чиқиб кетгани ҳақида маълумот бор. Автотехник экспертиза хулосасисиз машина неча тезликда келиб ургани ҳақида маълумот олиб бўлмайди. БЙД 80−90 тезликда келганини айтди, лекин бу ҳақда суд бирор аниқ хулоса бермади. Наҳотки прокурор ҳам “дело”ни ўрганиб чиққанда автотехник экспертиза хулосасини сўрамаган? Ваҳоланки, тиббий экспертиза хулосаси бор. Бу дегани одам ўлгани далилланди, бўлди, урган машина қамалди, қолганлари юраверсин деганими? Иш бир тарафлама олиб борилган”, — дейди ота.

У, шунингдек, суднинг ҳайдовчи Темур Алланазаровга тайинлаган жазосидан ҳам норози бўлиб, бош прокурордан ёрдам сўраган.

“Бу нима деган гап? 10 ёшли болам ўтиб кетди, одам ўлдирганга 5 йил беришадими? Бунақа юқори тезликда эмас, 60−70 км/соат бўлса ҳам Аллоҳдан келган иш деб кечириб юборар, қаматмасдим. Лекин атайин йўл қоидасини қўпол равишда бузиб, пойга ўйнаб, 150 км/соатдан тезликда келиб, боламни урган одамнинг иши судда бир ёқлама ўрганилган. Нима қилишни билмаяпман. Ёрдам беринг”, — дейди ота.

Анвар Машарипов мазкур суд ҳукми юзасидан Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судига аппеляция шикояти ҳам киритган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.